Дунёда 400 миллиондан ортиқ бола ўта қашшоқликда яшамоқда
Зироат Мирзиёева болалар фаровонлиги бўйича жаҳон саммитида нутқ сўзлади. Қайд этилишича, қарийб бир миллиард бола иқлим ўзгариши хавфи юқори бўлган мамлакатларда улғаймоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними, “Zamin” халкаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева “Болалар фаровонлигига инвестиция: Келажак авлодлар барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл” Жаҳон саммитида нутқ сўзлади.
Зироат Мирзиёева саммитда иштирок этаётган биринчи хонимлар, делегациялар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, ҳамкор ташкилотларга, умуман болаларнинг бахтли келажаги учун ҳаракат қилаётган барчага миннатдорлик билдирди.
Икки йил аввал Тошкентда бўлиб ўтган биринчи Конгрессда “Далиллардан ҳаракатга” деган шиор илгари сурилган эди. Бугун эса бу ҳаракатларнинг дастлабки натижалари кўринмоқда.
“Лекин олдимизда ҳали жуда катта вазифалар бор”, – деди Ўзбекистон Биринчи хоними.
Бугун дунёда 400 миллиондан ортиқ бола ўта қашшоқликда яшаётгани таъкидланди. Қарийб бир миллиард бола иқлим ўзгариши хавфи юқори бўлган мамлакатларда улғаймоқда.
“Ўзбекистон Орол фожиасини бошидан кечирган давлат. Шунинг учун биз экологик муаммолар болалар саломатлиги ва келажагига қанчалик оғир таъсир қилишини яхши биламиз”, – деди Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними.
Мутахассисларнинг маълумотига кўра, халқаро инсонпарварлик ёрдами кескин камайгани сабабли, 2025 йилда беш ёшгача бўлган болалар ўлими шу аср бошидан бери биринчи марта ошган.
“Бу барчамиз учун жиддий огоҳлантиришдир”, – деб алоҳида қайд этди Зироат Мирзиёева.





