Қозоғистон хорижликлар учун электрон кириш рухсатномаси жорий этади
Бу Ўзбекистон фуқаролари учун ҳам амал қилади. Рухсатнома 2027 йил июлдан мажбурий бўлади.

Қозоғистон ҳукумати визасиз режимдаги хорижликлар, жумладан Ўзбекистон фуқаролари учун электрон кириш рухсатномаси — ETA олиш қоидаларини тасдиқлади.
Рухсатнома бепул расмийлаштирилади ва 2027 йил 1 июлдан мажбурий бўлади.
Ариза QazETA платформаси орқали режалаштирилган сафардан камида 72 соат олдин топширилиши керак. Рухсатнома 180 кун амал қилади ва шу даврда бир неча марта кириб-чиқиш имконини беради.
Тизим босқичма-босқич жорий этилади:
- 2026 йил 1 ноябр — Ақтау аэропорти ва тўртта автомобил ўтказиш пунктида;
- 2027 йил 1 январ — Остона ва Олмаота аэропортларида;
2027 йил 1 март — қолган барча ўтказиш пунктларида.
2027 йил 1 июлгача ETA йўқлиги мамлакатга киришни рад этиш учун асос бўлмайди.
Истисно ҳолатлар 16 ёшга тўлмаган болалар, 65 ёшдан ошган шахслар, Қозоғистон визаси ёки яшаш рухсатномасига эга шахслар ҳамда аэропорт транзит ҳудудидан чиқмайдиган йўловчилар учун амал қилади.





