Пискент тумани ҳокимига ҳайфсан берилди
Аввалроқ ҳоким Музаффар Арипов фермерларга ерини тортиб олишини айтиб, босим қилганди. Ҳоким фермерларга “ери нарида турсин, жонини суғуриб олишини” айтган.

Пискент тумани ҳокимига интизомий жазо қўлланилди. Бу ҳақда 13 октябр куни Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг фармойиши эълон қилинди.
Айтилишича, Пискент тумани ҳокими Музаффар Арипов Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларига риоя қилмаган. Ҳоким давлат хизматчисининг касб этикасини бузгани қайд этилган.
Шу сабабларга асосан Музаффар Ариповга нисбатан ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилган.
Ҳужжатга асос сифатида Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг тақдимномаси, вилоят ҳокимлиги Одоб-ахлоқ комиссияси баёни, Музаффар Ариповнинг тушунтириш хати келтирилган.
Аввалроқ Пискент тумани ҳокими тарқалган аудиода фермерларга ерини тортиб олишини айтиб, босим қилганди. Ҳоким фермерларга “ери нарида турсин, жонини суғуриб олишини” айтган.
Шундан сўнг Фермерлар кенгаши Музаффар Ариповнинг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо беришни сўраб прокуратурага мурожаат киритгани маълум бўлган.





