“Ерингиз тугул, жонингизни суғуриб оламан”: Пискент тумани ҳокими устидан прокуратурага мурожаат йўлланди
Пискент тумани ҳокими Музаффар Арипов фермерлар билан ўтказилган йиғилишда уларга босим ўтказгани ҳақида аудиоёзув тарқалганди. Фермерлар кенгаши туман ҳокимининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишида амалий ёрдам сўради.

Пискент тумани ҳокими Музаффар Арипов фермерлар билан ўтказилган йиғилишда уларга босим ўтказгани ҳақида аудиоёзув тарқалганди.
Ўзбекистон фермерлари кенгаши Тошкент вилояти Пискент тумани ҳокими Музаффар Ариповнинг фермерларга босим ўтказгани ҳақидаги хабарлар юзасидан прокуратура органларига мурожаат қилган.
Қайд этилишича, кенгаш 2026 йил 9 октябрь куни прокуратура органига мурожаат қилиб, туман ҳокимининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишида амалий ёрдам сўраган. Аввалроқ Пискент тумани ҳокими фермерларни ҳақоратлаб, картошка экмаган тақдирда ерларини тортиб олиш билан таҳдид қилгани ҳақида хабар берилганди. Жумладан, у фермерларга “ерингиз тугул, жонингизни суғуриб оламан”, деган.
“Конституциянинг 26-моддасига кўра, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас”, дейилади кенгаш муносабатида.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига мувофиқ, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 40 бараваригача жаримага сабаб бўлиши эслатилган.
Кенгаш бундай ҳолатлар тадбиркорлик субекти фаолиятига ноқонуний аралашув сифатида кўрилиши ва мамлакатнинг халқаро имижига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини билдирган.
9 октябрь куни Пискент тумани ҳокимлиги ҳолат юзасидан муносабат билдириб, йиғилиш картошка экиш бўйича белгиланган режалар бажарилмагани сабабли ташкил этилганини маълум қилган.
Айтилишича, туманда ғалладан бўшаган қарийб минг гектар ерда такрорий экин сифатида кечки картошка етиштириш режалаштирилган. Бироқ айрим фермерлар белгиланган режа асосида картошка экмаган, ер майдонларини бошқа шахсларга сотиб юборган.





