Ўзбекистонда ўз мобил паллиатив хизматига эга илк болалар хосписи ташкил этилди
Мобил бригада таркибига тиббиёт мутахассислари, ижтимоий ходимлар ва психологлар киради. Уларнинг асосий вазифаси — болаларга уй шароитида ёрдам кўрсатиш, оғриқ ва касаллик аломатларини енгиллаштириш, бола ҳамда унга ғамхўрлик қилаётган яқинлари учун индивидуал ёрдам режасини ишлаб чиқиш ва ота-оналарга парвариш кўникмаларини ўргатишдан иборат.

28 сентябрдан Самарқанд вилоятида оғир ва даволаб бўлмайдиган касалликларга чалинган болалар учун илк бор мобил паллиатив хизмат йўлга қўйилди. Ҳудудда бундай ёрдамга муҳтож 300 нафардан ортиқ бола аниқланган.
Мобил бригада таркибига тиббиёт мутахассислари, ижтимоий ходимлар ва психологлар киради. Уларнинг асосий вазифаси — болаларга уй шароитида ёрдам кўрсатиш, оғриқ ва касаллик аломатларини енгиллаштириш, бола ҳамда унга ғамхўрлик қилаётган яқинлари учун индивидуал ёрдам режасини ишлаб чиқиш ва ота-оналарга парвариш кўникмаларини ўргатишдан иборат.
"Мақсадимиз - оилаларга боланинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ёрдамни уйда ёки хосписда олиш имкониятини яратиш.
Мен учун ушбу лойиҳа нафақат тиббий ёрдам кўрсатиш, балки тузалмас хасталикка чалинган болаларга бўлган муносабатимизни ўзгартириш билан ҳам боғлиқ. Хасталик боланинг имкониятларини чеклаши мумкин, аммо унинг тўлақонли ҳаёт кечириши учун қилаётган саъй-ҳаракатларимизни чекламаслиги керак. Болалар хосписининг ташкил этилиши билан бирга бундай болаларга бўлган муносабатимиз ҳам ўзгаришини жуда хоҳлайман.
Биз, энг аввало, ташхисни эмас, боланинг ўзини - унинг хоҳиш-истаклари, орзулари, қизиқишлари ва жамиятимизнинг ажралмас қисми бўлиш ҳуқуқини кўра билишимиз лозим", дейди Ижтимоий ҳимоя агентлиги директори биринчи ўринбосари Саида Мирзиёева.
“Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ҳар бир бола учун алоҳида кейс очади ҳамда зарур ижтимоий хизматлар ва техник реабилитация воситаларини олишда кўмаклашади. Жумладан, болаларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, мослаштирилган ногиронлик аравачалари, вертикализаторлар, функционал каравотлар ва ётоқ яраларининг олдини олувчи матраслар билан таъминлашга ёрдам берилади.
Айни пайтда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан болалар хосписи қурилиши ҳам давом этмоқда. Хоспис ва фаолиятини бошлаган мобиль хизмат биргаликда болалар ҳамда уларнинг яқинларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ягона паллиатив ёрдам тизимининг бир қисмига айланади.





