Бош вазирга қолган вазирликлар ва давлат ташкилотларининг ҳам Янги Тошкентга кўчишини бошлаш топширилди
Зарур ҳолларда уларнинг пойтахтдаги мавжуд биноларини бузиб қайта қуриш ҳуқуқисиз, жорий таъмирлаб фойдаланиш шарти билан сотиш масаласи кўриб чиқилади.

Президент йиғилишида бош вазирга қолган вазирликлар ва давлат ташкилотларининг ҳам Янги Тошкентга кўчишини бошлаш топширилди.
Зарур ҳолларда уларнинг пойтахтдаги мавжуд биноларини бузиб қайта қуриш ҳуқуқисиз, жорий таъмирлаб фойдаланиш шарти билан сотиш масаласи кўриб чиқилади.
Янги шаҳарда ФИФА талабларига жавоб берадиган 55 минг ўринли стадион қурилмоқда. У келаси йил 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг асосий ареналаридан бири бўлади. Ташриф буюрувчилар учун меҳмонхона, кафе, ресторан ва кўнгилочар масканларга эҳтиёжни аниқ ҳисоблаб, тадбиркорларга очиқ тақдим этиш вазифаси қўйилди.
Шаҳарнинг ишбилармонлик ҳаётини шакллантиришда давлат идораларининг кўчиши ҳам муҳим. Ҳозир Қурилиш, Транспорт ва Энергетика вазирликлари енгил конструкцияли биноларда ишламоқда. Шунингдек, вазирлик ва идораларнинг 2,6 минг нафар ходими учун 9 та бино қуриляпти.
Президентимиз Янги Тошкентнинг мастер режаси мукаммал шаҳар қуриш учун ишлаб чиқилганини, бироқ у сармоядорлар ташаббусига тўсиқ бўлмаслиги кераклигини таъкидлади. Агар ўзига хос лойиҳа шаҳар манфаатига хизмат қилса, лот майдони ёки объект турини ўзгартириш ҳақидаги таклиф қўллаб-қувватланиши лозим.
Бунга ҳуқуқий имконият бор. Аммо таклифларни кўриб чиқиш тартиби мураккаб ва етарлича шаффоф эмас, айрим қарорлар ойлаб чўзилмоқда. Шу сабабли инвестор таклифларини тез ва аниқ мезонлар асосида кўриб чиқиш талаб этилди.
“Санкт-Петербург” мавзесига тадбиркорлар қизиқиши бежиз эмас: унинг консепцияси, лойиҳа ҳужжатлари ва қурилиш рухсати олдиндан тайёр. Дирекцияга шундай тайёр лойиҳалар сонини кўпайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Янги Тошкентнинг “ташриф қоғози”га айланадиган йирик тижорат объектлари ҳам керак. Ҳозиргача сотилган 54 та лотдан атиги 3 тасидаги лойиҳа қиймати 100 миллион доллардан ошади.
Шу мақсадда очиқ ташаббус ва “Swiss Challenge” тамойили асосида ер ажратиш амалиёти йўлга қўйилади. Ташаббус очиқ эълон қилинади. Агар бошқалар яхшироқ шарт таклиф этмаса, ер биринчи ташаббускорга ажратилади.





