Вазирлар Маҳкамаси тузилмаси ўзгарди. Саида Мирзиёевага янги вазифа юклатилди
Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – таълим ва илм-фан вазири ижро органларининг таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва уларни мувофиқлаштиради.Бу йўналишлар ижросини назорат қилиш ва ташкил қилиш Президент администрацияси раҳбари С.Мирзиёева зиммасига юкланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Турдимов Эркинжон Оқбутаевич Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – таълим ва илм-фан вазири лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Сирдарё вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди.
Бундан илгарироқ Эркинжон Турдимов номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган эди.
Шунингдек, тегишли фармон билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – таълим ва илм-фан вазири лавозими киритилди. Таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти ташкил қилинди.
Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – таълим ва илм-фан вазири республика ижро этувчи ҳокимият органлари – вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар раҳбарлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларида зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга ошириш бўйича фаолиятига ваколати доирасида умумийраҳбарлик қилиши, уларни мувофиқлаштириши белгиланди.
Ушбу йўналишлар ижросини назорат қилиш ва ташкил қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбари С.Ш. Мирзиёева зиммасига юкланди.





