297 млн сўм қалбаки пулларни 148 млн сўмга сотган шахс қўлга олинди
Тезкор тадбир давом эттирилиб, фуқаронинг хонадони кўздан кечирилганда, қалбаки банкнотлар тайёрлашда фойдаланилган компьютер, “Epson” русумли принтер, “А4” ҳажмдаги махсус қоғозларга чоп этилган ярим тайёр ҳолатдаги 50 ва 100 минг сўмлик купюралар, қоғоз кесувчи ускуналар процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

297 млн сўм қалбаки пулларни 148 млн сўмга сотган шахс ушланди. Бу ҳақда ДХХ Platina.uzʼга хабар берди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар ва Андижон вилояти бўйича бошқармалари ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда уй шароитида қалбаки пулларни тайёрлаш ҳамда муомалага киритиш билан шуғулланган шахс фош этилди.
Жумладан, Асака туманида истиқомат қилувчи, 1987 й.т., муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган фуқаро 100 ва 200 минг сўмлик сохта банкнотлардан иборат, жами 297 млн сўм қалбаки пулларни шартли харидорга 148 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, ушбу манзилда қалбаки банкнотлар тайёрлашда фойдаланилган компьютер, “Epson” русумли принтер, “А4” ҳажмдаги махсус қоғозларга чоп этилган ярим тайёр ҳолатдаги 50 ва 100 минг сўмлик купюралар, қоғоз кесувчи ускуналар процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси томонидан мазкур фуқаро ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 176-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари доирасида унинг жиноий алоқаларини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.





