“Толибон” Россия розилиги билан Беларусдан қурол ва дрон сотиб олмоқда
ОАВ тарқалган хабарларга кўра, “Толибон” ва Беларус ўртасидаги ҳарбий келишувга Ҳиндистон воситачилик қилмоқда.

“Толибон” ҳукумати Россия розилиги билан Беларусдан қурол-яроғ ҳамда дронларни харид қилмоқда. Битимларда воситачи сифатида Ҳиндистон иштирок этмоқда.
Телеканалга кўра, Минск ва “Толибон” ўртасидаги алоқалар “Толибон” мудофаа вазири Муҳаммад Ёқубнинг май ойи охирида Москвага ташрифидан кейин фаоллашган. Ташриф давомида ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланган.
Ўша вақтда Россия томони ушбу ҳужжат Афғонистонда қолган совет даврига оид ҳарбий техникаларни таъмирлашни назарда тутишини билдирган эди.
Телеканал суҳбатдошларидан бири — “Толибон”га яқин манба — Беларус билан тегишли келишувлар мавжудлигини тасдиқлаган. Унинг айтишича, бу ҳамкорлик Россия иштирокида амалга оширилмоқда.
Манбаларга кўра, “Толибон” Покистон билан муносабатлар кескинлашгани сабабли қурол-яроғ ва дронларга қизиқиш билдирмоқда. Покистон билан зиддиятда бўлган Ҳиндистон эса ушбу битимларни молиялаштирмоқда.
Афғонистоннинг собиқ юқори мартабали хавфсизлик ходимларидан бири ўша пайтда Ҳиндистон Беларусдан Афғонистон хавфсизлик кучлари учун вертолётлар сотиб олгани, шунингдек, ҳарбий техникаларнинг бир қисмини Беларусь корхоналарида таъмирлатиб, Кобулга топширганини айтди.
Манбанинг таъкидлашича, ҳозир “Толибон” ҳам худди шундай механизмдан фойдаланишга уринмоқда.
Беларус “Толибон” билан алоқаларни кенгайтирмоқда
Минск “Толибон” билан алоқаларини кенгайтирмоқда. Август ойида Беларусьга 13 нафар “Толибон” вакилидан иборат делегация ташриф буюрди. Делегацияга Афғонистон қишлоқ хўжалиги вазири вазифасини бажарувчи Атауллоҳ Омари бошчилик қилган.
Улар савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича икки томонлама комиссия йиғилишида иштирок этган.
Шунингдек, “Толибон” Беларуснинг ўзаро келишув асосида Афғонистонда фаолият юритадиган элчиси номзодини ҳам маъқуллаган.
Шу билан бирга, Россия расмий равишда Покистоннинг иттифоқчиси сифатида позиция билдирмоқда ва “Толибон” билан алоқадор гуруҳларнинг Покистонга уюштираётган ҳужумларини қораламоқда. Москва икки давлатни терроризмга қарши биргаликда курашишга чақириб келмоқда.
Шундай қилиб, Россиянинг бир томондан Покистонни қўллаб-қувватлаши, иккинчи томондан эса “Толибон” ва Беларус ўртасидаги ҳарбий-техникавий алоқаларда иштирок этаётгани ҳақидаги даъволар минтақадаги мураккаб геосиёсий мувозанатни кўрсатади.




