Таълим сифати ва тизимидан норози ўсмирлар Францияда катта намойишлар ўтказди
Норозилик чиқишлари катта намойишга айланиб кетди. Намойиш бошланганидан буён 5 мингдан ортиқ одам ҳибсга олинган. Юзлаб мактаблар ёпилди.

Францияда таълимга оид норозиликлар, полиция ва талаба-ўқувчилар ўртасида юз берган тўқнашувлар фонида мамлакат бўйлаб душанба куни 500 га яқин мактаб ёпилади. Бу ҳақда BBC хабар қилди.
Франция таълим вазири Эдуард Жеффрейнинг маълум қилишича, норозилик намойишлари бошланганидан буён 24 та мактаб ёқиб юборилган ёки талон-тарож қилинган.
Хавфсизлик шартлари таъминланмаганлиги сабабли 400-500 га яқин мактабда дарс лар «тўлиқ ёки қисман тўхтатилади».
Жеффрейнинг қўшимча қилишича, таълим тизимининг 78 нафар ходими жароҳатланган. Вазир бу ҳолатни «илгари ҳеч қачон кузатилмаган» ҳодиса деб атади.
Таълим сифати ва таълим тизимидаги муаммолардан норози бўлган минглаб ўқувчилар намойишлар ўтказмоқда. Ўтган ҳафта бошланган норозиликлар Париждан ташқари Монпелье, Нант ва Марсель каби бошқа шаҳарларга ҳам тарқалди.
Мактаб ўқувчилари ва бошқа намойишчилар ўқитувчилар етишмаслиги, синфхоналарнинг ҳаддан ташқари гавжумлиги ҳамда мактаб биноларининг эскириб, таъмирталаб ҳолга келганидан норозилик билдирмоқда.
Франция Адлия вазири Жеральд Дарманин мамлакатдаги 3 700 та мактабдан 735 тасига намойиш вақтида зиён етганини маълум қилган.
Жума куни Франция ички ишлар вазири Лоран Нуньеснинг маълум қилишича, 1 747 киши ҳибсга олинган.
AFP агентлиги маълумотларига кўра, норозиликлар бошланганидан бери жами 5 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинган. Уларнинг қарийб 85 фоизини вояга етмаганлар ташкил этади.
Намойиш ташкилотчилари ҳукуматдан аниқ чоралар талаб қилмоқда
AFP агентлиги хабарига кўра, намойиш ташкилотчилари ҳукуматни «аниқ чоралар» кўрмаётганликда айблаб, норозиликларни сешанба куни ҳам давом эттиришга чақирган.
Якшанба куни Франция бош вазири Себастьян Лекорню (Sébastien Lecornu) ҳукумати мактаб ўқувчилари ва таълим ходимлари дуч келаётган муаммоларни ҳал қилиш учун қўшимча чоралар кўраётганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, бу чоралар дарсларнинг давом этишини таъминлаш, таълим муассасаларидаги шароитларни яхшилаш, ўқув кунларини яхшироқ ташкил этиш ҳамда Франциядаги университетларга қабул қилиш платформасини янада шаффоф қилишни ўз ичига олади.
Лекорню, шунингдек, вандализм оқибатида етказилган зарарни айбдорларнинг ўзи қоплаши ҳақидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш жараёни тезлаштирилаётганини маълум қилди.




