platina.uz
Мақола

Саудия Арабистони ва ҳусийлар: Макка пакти ёрдам берадими?

Бузғунчи шиа жангарилари, "Ансор уллоҳ" - ҳусийлар ҳаракатининг асосий кучи -  унинг классик армиялар билан тенг қуролланганида эмас. Ҳусийлар ўн йилдан ортиқ давом этган уруш натижасида асимметрик кураш усулларини ўзлаштирди: ракета ва дрон имкониятлари, тарқоқ ҳарбий тузилма, денгиз коммуникацияларига босим ва маҳаллий ижтимоий-сиёсий таянч бир тизимга бирлашди. Эроннинг ҳарбий-сиёсий кўмаги бу салоҳиятни кучайтирди.

Саудия Арабистони ва ҳусийлар: Макка пакти ёрдам берадими?

2026 йил октябрь ойи бошида Яман яна Яқин Шарқдаги энг хавфли нуқталардан бирига айланди. 4 октябрда Эрон қўллаб-қувватлайдиган ҳусийлар Яман жануби-ғарбидаги Турбани эгаллади. Бу шаҳар Таизни ҳукуматнинг вақтинчалик маркази Адан билан боғлайдиган муҳим йўл устида жойлашган.

Турбанинг қўлдан кетиши Таиздаги ҳукумат кучлари учун жиддий муаммо: қўшимча куч, қурол-яроғ ва озиқ-овқат етказиш қийинлашади. Ҳусийлар, эҳтимол, шаҳарга тўғридан-тўғри ҳужум қилишдан кўра, унинг таъминот йўлларини узиб, босимни кучайтиришга уриняпти. Бироқ Таизда маҳаллий қаршилик кучли ва уни эгаллаш ҳусийлар учун ҳам осон кечмаслиги мумкин. Шу орада Саудия қўллаётган Яман ҳукумати ҳусийлар назоратидаги ҳудудларни қайтариш учун қарши ҳужум бошланганини эълон қилди.

Вазиятнинг яна бир муҳим томони — ҳусийлар сентябрда Моха ва бир қатор оролларни эгаллаб, Боб ул-Мандиб атрофида позицияларини кучайтирган эди. Энди Таизга босим ҳам ошяпти. Натижада Саудия денгиз йўллари хавфсизлигини таъминлашга уринар экан, қуруқликдаги иттифоқчилари ҳудуд йўқотмоқда. Бу эса ҳусийларнинг кейинги музокаралардаги мавқеини кучайтириши мумкин.

Айни пайтда, 5 октябрда Саудия Арабистони, Туркия ва Покистондан иборат Макка қўшма мудофаа пактининг стратегик қўмитаси Ар-Риёдда йиғилиши белгиланган. Бу эса вазиятга янги стратегик қиммат беради. Энди масала фақат ҳусийларни тўхтатиш билан чекланмайди. Янги пакт Саудия Арабистонининг ҳарбий ва сиёсий имкониятларини сезиларли даражада кенгайтириб, Ар-Риёднинг минтақавий хавфсизлик архитектурасидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Янги пакт — янги хавфсизлик архитектурасими?

Макка қўшма мудофаа келишуви 2026 йил 7 августда Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон раҳбарлари томонидан имзоланди. Унинг марказий тамойилига кўра, иштирокчилардан бирига қуролли ҳужум учала давлатга қарши ҳужум сифатида қабул қилинади. Бу жиҳатдан ҳужжат НАТОнинг коллектив мудофаа мантиғини эслатади.

Бироқ уни ҳозирдан «мусулмон НАТОси» деб аташ шошма-шошарлик бўлур эди. Пактнинг қўмондонлик, режалаштириш ва мувофиқлаштириш механизмлари ҳали институционаллашиш босқичида. Покистон томонининг маълум қилишича, унга қўшилишга олтидан ортиқ давлат қизиқиш билдирган, аммо янги аъзолар масаласи келишув тўлиқ ишлай бошлагач муҳокама қилиниши мумкин. Демак, бугунги Макка пакти тайёр кўпмиллатли армиядан кўра сиёсий кафолат, ҳарбий-техник ҳамкорлик, разведка алмашинуви ва стратегик мувофиқлашув платформасига кўпроқ ўхшайди. Унинг аҳамиятини айнан шу ердан излаш керак.

Нега ҳусийларни оддий ҳарбий устунлик билан енгиш қийин?

Бузғунчи шиа жангарилари, «Ансор уллоҳ» - ҳусийлар ҳаракатининг асосий кучи - унинг классик армиялар билан тенг қуролланганида эмас. Ҳусийлар ўн йилдан ортиқ давом этган уруш натижасида асимметрик кураш усулларини ўзлаштирди: ракета ва дрон имкониятлари, тарқоқ ҳарбий тузилма, денгиз коммуникацияларига босим ва маҳаллий ижтимоий-сиёсий таянч бир тизимга бирлашди.

Эроннинг ҳарбий-сиёсий кўмаги бу салоҳиятни кучайтирди. Бироқ ҳусийлар муваффақиятини фақат Теҳрон ёрдами билан тушунтириш ҳам хато бўлади. Яманда уларга қарши кучларнинг узоқ йиллар давомида пароканда бўлиши, турли қўмондонликлар ва ташқи ҳомийларга боғланиши «Ансор уллоҳ»га муҳим стратегик афзаллик берди.

2015 йилда Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция Яман урушига кирганида кучлар нисбати тенг эмасди. Ар-Риёд замонавий авиация, катта молиявий ресурс ва Ғарб технологияларига эга. Аммо кейинги йиллар бир ҳақиқатни кўрсатди: ҳаводаги устунлик сиёсий ғалаба дегани эмас. 2022 йилги БМТ воситачилигидаги сулҳ Яманга уруш бошланганидан бери энг узоқ нисбий тинчлик даврини берди. Лекин вақтинчалик деэскалация мустаҳкам сиёсий келишувга айланмади. Шу маънода бугунги кескинлашув янги уруш эмас — ҳал қилинмай қолган эски можаронинг янада хавфли халқаро шароитда қайта авж олишидир.

Пакт нимани ўзгартира олади?

Макка пактининг энг реал вазифаси ҳусийларни жисмонан «йўқ қилиш» эмас, балки Саудия Арабистонининг мудофаа барқарорлигини оширишдир. Масалан, Туркия ривожланган мудофаа саноати, ҳарбий электрон технологиялар ва учувчисиз тизимлар соҳасида катта тажриба тўплаган. Покистон эса йирик армияси, ҳарбий режалаштириш мактаби ва Саудия Арабистони билан ўнлаб йиллик хавфсизлик ҳамкорлигига эга.

Сентябрда Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Анқара Макка пакти доирасида Саудия Арабистонининг техник ҳарбий эҳтиёжларини таъминлашга ёрдам бера олишини билдирди. Бироқ Покистон 10 сентябрда ҳусийлар ҳужумларига жавоб тариқасида пакт доирасида бевосита ҳарбий чора ҳали муҳокама қилинмаганини маълум қилди.

Мана шу икки позиция келишувнинг ҳозирги моҳиятини очиб беради: тийиб туриш ва мудофаа бўлса — “бемалол”; автоматик тарзда катта урушга кириш талаб этилса — “узр, ишим бор эди”. Бу муҳим фарқ. Агар пакт ҳаво ва ракета мудофаасини мувофиқлаштирса, разведка маълумотларини тезкор алмашув йўлга қўйилса, зарур мудофаа тизимларини етказиб беришни енгиллаштирса ва Саудия муҳим объектларини ҳимоя қилиш харажатини камайтирса, ҳусийларнинг ракета-дрон босими сиёсий самарадорлиги пасаяди. Аммо бу Яман ичкарисидаги ҳокимият муаммосини ҳал қила олмайди.

Ар-Риёд АҚШдан узоқлашяптими?

Макка пактининг яна бир маъноси бор: Саудия Арабистони хавфсизликни фақат битта ташқи ҳимоячига боғлаш нтўғри эканини англаб етди. Тўғри, АҚШ разведка, логистика, ҳаво ва ракета ҳужумидан мудофаа ҳамда денгиз кузатуви бўйича ҳали ҳам Саудиянинг энг муҳим шерикларидан бири. Reuters маълумотига кўра, Вашингтон ҳозирги Яман операцияларида ҳам разведка ёрдамини кўрсатмоқда. Лекин АҚШнинг минтақа бўйлаб бир вақтда бир нечта инқирозга жалб қилиниши унинг имкониятларини ҳам чеклаб қўяди. Шу нуқтаи назардан Туркия ва Покистон билан пакт Америка ўрнини босишга уринишдан кўра, стратегик хавфларни диверсификация қилиш воситаси ҳисобланади. Ар-Риёднинг мантиғи оддий: Вашингтон зарур, аммо ягона таянч бўлмаслиги керак.

Шундай бўлсада, Вашингтон ёрдамни тўхтатгани йўқ. АҚШ Саудия Арабистони бошчилигидаги кучларга ҳусийларга қарши операцияларда разведка маълумотлари ва нишонларни аниқлаш бўйича кўмак бермоқда. Аммо АҚШнинг ўзи ҳозирча жанговар ҳаракатларда қатнашмаяпти. Саудия мудофаа вазири Холид бин Салмон Пит Ҳегсетдан АҚШ авиациясини ҳам операцияга жалб қилишни сўраган. Вашингтон эса ҳозирча бевосита авиазарбалар бериш режаси йўқлигини билдирган.

Ҳал қилувчи нуқта — Боб ал-Мандиб

Ҳусийлар масаласининг глобал аҳамияти Яман тоғларида эмас, биринчи навбатда Боб ал-Мандиб бўғозида намоён бўлади. Бу тор денгиз йўли Қизил денгизни Адан кўрфази ва Ҳинд океани билан боғлайди. Кейинги йўл Сувайш канали орқали Европа бозорларига чиқади. Шунинг учун ҳусийларга бутун Қизил денгизни эгаллаш шарт эмас. Кемалар учун хавф даражасини оширишнинг ўзи етарли. Хавф ошса, суғурта нархи қимматлашади. Ташиш муддати узаяди. Айрим кемалар Африкани айланиб ўтишга мажбур бўлади. Ёқилғи сарфи ва логистика харажати кўпаяди. Охир-оқибат бу харажатлар истеъмол нархларигача етиб боради. Асимметрик (нотенг) урушнинг иқтисодий моҳияти: нисбатан чекланган ҳарбий имконият билан глобал тизимни катта харажатга тушириш мумкин.

Боб ал-Мандиб бўғози устидан назорат ўрнатиш эса Эроннинг салкам бир асрлик стратегик орзуларидан бири сифатида қаралади. Чунки бу бўғоз устидан таъсир ўрнатиш нафақат Қизил денгиздаги ҳарбий-сиёсий вазиятга, балки Европа ва Осиёни боғлаб турувчи энг муҳим савдо ва энергетика йўлларидан бирига таъсир кўрсатиш имконини беради.

Эсга олиш жоиз, шу йил мартда Эроннинг давлатга яқин Tasnim ахборот агентлиги юқори мартабали ҳарбий манбага таяниб, агар АҚШ ёки Исроил Эрон ҳудудига қуруқликдан бостириб кирса, Теҳрон Боб ал-Мандиб бўғозини ёпиш ҳақида буйруқ бериши мумкинлигини маълум қилди. Бу баёнот Эрон томонидан Ҳурмуз бўғози ёпилган бир пайтда янграгани билан ҳам алоҳида аҳамият касб этди. Шу тариқа Теҳрон илк бор икки асосий денгиз коммуникацияси — Ҳурмуз ва Боб ал-Мандибни ягона стратегик босим воситаси сифатида кўраётганини очиқ намоён қилди.

АҚШ президенти Дональд Трампнинг кескин баёнотларидан кейин таҳдид янада кучайди. Reuters хабарларига кўра, Эрон раҳбарияти ҳусийлар — «Ансор Аллоҳ» ҳаракати вакиллари билан музокаралар ўтказиб, АҚШ Эроннинг энергетика инфратузилмасига зарба берган тақдирда Боб ал-Мандиб бўғозига ракета ва учувчисиз аппаратлар орқали ҳужум қилиш, шунингдек, уни ёпишга қаратилган операцияларга тайёргарликни якунлаш вазифасини қўйган.

Бу ҳолат Боб ал-Мандибнинг Теҳрон учун оддий географик нуқта эмас, балки стратегик тийиб туриш воситасига айланганини кўрсатди. Эроннинг мантиғи шу эдики, унинг ўз ҳудуди ёки муҳим энергетика объектларига берилган зарбага жавоб фақат Форс кўрфазида эмас, балки бутун Яқин Шарқ савдо архитектураси учун оғриқли бўлган бошқа нуқтада ҳам берилиши мумкин.

Қўғирчоқбознинг асл мақсади

Жорий йилнинг айни кунларида эса вазият назарий таҳдид босқичидан амалий босқичга ўта бошлади. Бузғунчи ҳусийлар Боб ал-Мандиб бўғозидаги бир қатор стратегик позициялар ва ороллар устидан амалда назорат ўрнатгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу эса ҳусийларнинг нафақат Яман ички урушидаги куч, балки халқаро денгиз коммуникацияларига тўғридан-тўғри таъсир ўтказа оладиган минтақавий ҳарбий-сиёсий омилга айланаётганини кўрсатди.

Эрон расмийларининг баёнотлари ҳам бу жараёнга Теҳрон қандай маъно бераётганини очиқ кўрсатди. Жумладан, Эрон парламенти раиси Муҳаммад Боқир Қолибоф ҳусийларнинг Арабистон яриморолининг жанубидаги муваффақиятларини АҚШ учун «жиддий огоҳлантириш» деб атади. Шу билан бирга, минтақадаги нефть оқимлари ва асосий денгиз йўллари зарурат туғилганда тўлиқ тўсиб қўйилиши мумкинлиги ҳақида сигнал берилди.

Шу нуқтаи назардан Боб ал-Мандиб учун кураш Ямандаги маҳаллий фронт доирасидан анча чиқиб кетади. Бу ерда гап Қизил денгиздаги ҳарбий устунлик ҳақидагина эмас, балки глобал савдо, энергия экспорти ва Европа—Осиё логистикасига босим ўтказиш имконияти ҳақида бормоқда.

Агар Ҳурмуз бўғози Форс кўрфази энергетикасининг «дарвозаси» бўлса, Боб ал-Мандиб Қизил денгиз ва Сувайш каналига олиб чиқувчи иккинчи стратегик эшикдир. Шу сабаб Теҳрон учун бу икки бўғозга бир вақтнинг ўзида таъсир ўтказиш имконияти оддий ҳарбий ютуқ эмас, балки минтақавий кучлар мувозанатига таъсир қиладиган катта геосиёсий дастакка айланиши мумкин.

Хулоса ўрнида айтилса, Эрон раҳбарияти, ўзи иддао қилаётганидек, на мусулмонлар, на фаластинликларни ўйлаб курашётгани йўқ. У Сурияда эронпараст шиа диктатор – Башар Асад ағдарилганидан бери реванш истагида ёнмоқда. Яқин Шарқда таъсири камайиб боришидан қўрқмоқда. Ҳусийлар, Ҳизбуллоҳ яна аллақандай шиа жангарилари аждаҳонинг боши холос. Биттасини узсанг кейинги ўсиб чиқади. Токи аждаҳонинг ўзини йўқ қилмагунингизча...

Европа қай даражада аралаша олади?

2026 йил октябрь ойи бошида Саудия Арабистони Ямандаги ҳусийларга қарши янги ва кенг кўламли ҳарбий амалиётга тайёрланаётгани маълум бўлди. Шу муносабат билан Ар-Риёд Европа давлатларини можарога фаолроқ жалб этиш ва бевосита ҳарбий ёрдам кўрсатишга чақирди.

Саудия томонининг мурожаати, аввало, Франция, Буюк Британия ва Германияга қаратилган. Ар-Риёд позициясини Саудия разведкасининг собиқ раҳбари шаҳзода Туркий ибн Файсал Ол Сауд ҳам очиқ баён қилди. У Европа оммавий ахборот воситалари, жумладан Bild ва Spiegel нашрларига берган интервьюларида Европа Иттифоқининг минтақадаги хавфсизлик масалаларида етарлича фаол эмаслигини танқид қилди.

Саудия Арабистонининг асосий далили савдо йўллари хавфсизлигига бориб тақалади. Ар-Риёд фикрича, Қизил денгиз, Боб ул-Мандиб бўғози ва Сувайш канали орқали эркин кема қатновини таъминлаш фақат АҚШ ёки Яқин Шарқ давлатларининг зиммасида қолмаслиги керак. Европа иқтисодиёти ҳам ушбу йўлаклар орқали хомашё ва товарлар етказиб берилишига боғлиқ экан, Саудия томони Европа давлатлари минтақавий хавфсизлик учун каттароқ масъулиятни ўз зиммасига олиши лозимлигини таъкидламоқда.

Айрим давлатлар Саудия Арабистонига аллақачон турли шаклларда ёрдам кўрсатмоқда. Франция Қизил денгиз соҳилидаги муҳим Янбу нефть терминалини ҳимоя қилиш учун ҳарбий хизматчилар юборган. Буюк Британия логистика соҳасида, жумладан Саудия ҳарбий самолётларини ҳавода ёқилғи билан таъминлашда кўмаклашмоқда.

Миср, Покистон ва Туркия эса Саудия Арабистонига ўқ-дори етказиб бериш ва разведка маълумотлари билан алмашиш орқали ёрдам бермоқда. АҚШ ҳам Саудия кучларига разведка маълумотлари ва зарба берилиши мумкин бўлган нишонларни аниқлашда кўмаклашмоқда, бироқ ҳозирча бомбардимонларда бевосита қатнашмаяпти.

Саудия Арабистони ва халқаро тан олинган Яман ҳукумати кучларининг қарши ҳужуми ҳусийлар Қизил денгиз соҳили бўйлаб тез суръатда олдинга силжигани ва қироллик ҳудудидаги Saudi Aramco объектларига зарбалар берганидан кейин фаоллашди. Шу тариқа, Ямандаги можаро яна бир бор фақат ички уруш эмас, балки Қизил денгиздаги савдо йўллари ва бутун минтақанинг хавфсизлигига дахлдор халқаро масалага айланмоқда.

Европа аслида Қизил денгиз можаросидан четда эмас. Европа Иттифоқи EUNAVFOR ASPIDES операциясини 2027 йил 28 февралгача узайтирди. Миссиянинг вазифаси савдо кемаларини ҳимоя қилиш ва навигация эркинлигини таъминлаш бўлиб, унинг мандати мудофаа характерига эга.

Аммо европаликларнинг Яман қуруқлигида кенг кўламли уруш олиб бориши бошқа масала. Европа учун энг мантиқий стратегия — кемачиликни ҳимоя қилиш, разведка ва денгиз кузатувини кучайтириш, Саудия ҳаво мудофаасини қўллаб-қувватлаш. Яман ички сиёсий тузумини ташқи куч билан қайта қуриш Европа учун ҳам қиммат, ҳам сиёсий жиҳатдан хавфли бўлади.

Пакт урушдан кўра дипломатияга кўпроқ хизмат қиладими?

Макка пактининг энг қизиқ парадокси шу ерда. Покистон 2 октябрда Эрон томони ҳусийлар билан сиёсий мулоқот ўрнатиш ғоясини билдирганини ва бу таклиф пакт аъзолари томонидан муҳокама қилиниши мумкинлигини маълум қилди.

Демак, уч томонлама механизм фақат уруш штабига айланиши шарт эмас. Туркия ва Покистон бир вақтнинг ўзида Саудия билан яқин ҳарбий муносабатларни сақлаб, Теҳрон билан дипломатик каналларга ҳам эга. Агар Анқара ва Исломобод шу имкониятдан фойдаланса, пакт икки вазифани бажариши мумкин: бир томондан Саудияга ҳужум қилиш қийматини оширади, иккинчи томондан эса ҳусийлар бўйича сиёсий келишувга қўшимча йўл очади.

Аксинча, агар келишув мутлақо «Эронга қарши блок» кўринишини олса, у минтақада янги хавфсизлик дилеммасини пайдо қилиши мумкин. Теҳрон ва унга яқин кучлар буни ўзларига қарши стратегик қуршов деб баҳоласа, жавоб тариқасида асимметрик босимни яна кучайтириши эҳтимоли бор. Шунинг учун пактнинг энг катта кучи унинг қанча уруш олиб боришида эмас, қанча урушнинг олдини ола билишида бўлиши мумкин.

Энг заиф бўғин — Яманнинг ўзи

Ҳар қандай ташқи альянс олдида битта ҳал қилувчи чеклов бор: ҳусийлар хориждан кирган армия эмас. Улар Яман ички можаросининг бир қисми, ўз маъмурий тузилмалари, қуролланган кадрлари ва мамлакат шимолида муайян ижтимоий таянчига эга. Шунчаки Эрон мамлакатдаги шиаларни диний бирдамлик байроғи остида исёнга чорлаб, пул эвазига қўғирчоқ каби ўйнатяпти холос.

Шунинг учун ҳудудда ҳарбий йўл билан назорат остига олишнинг ўзи етарли эмас. У ерда хавфсизлик, маъмурий бошқарув, иш ўринлари, мактаблар, тиббиёт ва савдо тикланмаса, ҳарбий ғалаба қисқа вақт ичида сиёсий муаммога айланади.

Бу масала айниқса Яманнинг гуманитар аҳвол сабаб янада ўткирлашган. БМТ маълумотларига кўра, мамлакат истеъмол қиладиган озиқ-овқатнинг қарийб 90 фоизини импорт қилади. 2026 йилда 21 миллиондан ортиқ киши гуманитар ёрдамга муҳтож бўлиши прогноз қилинган. Октябрь бошига келиб эса сўнгги ҳафталарнинг ўзида 152 мингдан зиёд одам янги жойларга кўчишга мажбур бўлган. Демак, портнинг ёпилиши ёки асосий автомобиль йўлининг узилиши оддий тактик эпизод эмас — миллионлаб одамларнинг озиқ-овқат хавфсизлигига таъсир қилувчи воқеадир.

Прогноз: пакт ёрдам беради, аммо ғалаба формуласи эмас

Яқин ойларда тез ва тўлиқ ҳарбий ғалабадан кўра босим, чекланган операциялар ва дипломатик музокараларнинг параллел давом этиши эҳтимоли юқори. Саудия Арабистони ҳусийларнинг Қизил денгиз соҳили ва Боб ал-Мандиб атрофидаги имкониятларини чеклашга, ракета ва дрон таҳдидини пасайтиришга интилади. Туркия ва Покистон ҳарбий технология, маслаҳат, таъминот ва сиёсий кўмак билан муҳимроқ роль ўйнайди, аммо уларнинг катта қуруқлик урушига тўғридан-тўғри кириши ҳозирча кам эҳтимолли.

Европа асосан денгиз савдосини ҳимоя қилишга урғу беради. АҚШ эса разведка ва стратегик имкониятлар бўйича муҳимлигини сақлаб қолади, бироқ Яманда янги кўп йиллик урушнинг асосий юкини ўз зиммасига олишдан эҳтиёт бўлади.

Шундай қилиб, Макка пакти Саудия Арабистонига ёрдам беради — эҳтимол, сезиларли даражада. Аммо у ҳусийлар муаммосининг тайёр ечими эмас. У Ар-Риёднинг ҳаво мудофаасини кучайтириши, ҳарбий-техник таъминотини диверсификация қилиши, разведка ва режалаштириш сифатини ошириши ҳамда ҳусийлар учун Саудияга босим ўтказиш нархини қимматлаштириши мумкин.

Лекин у Яманда самарали ишлай оладиган давлатни яратиб беролмайди. Пактнинг ҳақиқий қиймати янги фронтлар очиш қобилияти билан эмас, ҳарбий тийиб туришни дипломатия, денгиз хавфсизлиги ва Яман давлат институтларини тиклаш билан боғлай олиш қобилияти билан ўлчанади.

Агар шу тўрт элемент — мудофаа, маҳаллий сиёсий консолидация, денгиз хавфсизлиги ва минтақавий дипломатия — бир вақтда ишласа, Макка пакти Яқин Шарқда янги хавфсизлик архитектурасининг муҳим устунига айланиши мумкин.

Агар эса у навбатдаги ҳарбий коалиция даражасида қолса, бир ҳақиқат ўзгармайди: Яманда эълон қилинган ҳар бир «ғалаба» кейинги уруш босқичи олдидан қисқа танаффусга айланиб қолиши мумкин.

Нон ўрнига қурол, тараққиёт ўрнига уруш!

Ҳусийларни қўллаб, Яқин Шарқни лойқалатаётган Эроннинг ўзида эса ижтимоий-иқтисодий вазият оғир. Кўп йиллик санкциялар ва ташқи чекловлар, иқтисодий бошқарувдаги самарасизлик, инфляция ва коррупция оддий аҳоли турмуш даражасига бевосита зарба бермоқда. Геосиёсий ғалабалар, қандайдир бўғозлару, қандайдир чўллар эгаллангани ҳақидаги баландпарвоз шиорлар оддий инсон учун кундалик эҳтиёжлар — озиқ-овқат, дори-дармон, уй-жой ва иш масаласидан муҳимроқ бўла олмайди.

Шундай шароитда ҳокимиятнинг ташқи душман образига эҳтиёжи кучаяди. Оташин нутқлар, диний пропаганда ва доимий «қаршилик» кайфияти жамият эътиборини ички муаммолардан ташқи фронтларга буриш имконини беради. Расмий Теҳрон ўз сиёсатини, аввало, АҚШ ва Исроилга қарши кураш, Фаластинни ҳимоя қилиш ва «қаршилик фронти»ни қўллаб-қувватлаш билан изоҳлайди. «Превентив зарба», «миллий хавфсизлик» ва «минтақавий мудофаа» каби тушунчалар ҳам шу сиёсий мантиқнинг бир қисмига айланган. Бундай шиорлар ва сиёсат эса айни Эрон ёмон кўрадиган исроил баёнотлари ва ташқи сиёсатига жудаям ўхшайди.

Аммо сиёсатни ниятлар эмас, унинг амалий натижалари орқали баҳолаш лозим. Сўнгги ўн йилликларда Эрон ва Теҳрон қўллаб-қувватлаётган қуролли тузилмаларнинг фаолияти Ливан, Сурия, Ироқ ва Ямандаги кучлар мувозанатига жиддий таъсир кўрсатди. Бу қарама-қаршиликлардан эса кўп ҳолларда айнан араб ва мусулмон жамиятлари катта зарар кўрди. Натижада Эроннинг Исроилга қарши қурилган стратегияси парадоксал тарзда минтақадаги сунний араб давлатларининг Теҳрондан хавотирини янада кучайтирди.

Бу эса Исроил учун қўшимча стратегик имконият яратди. Теҳроннинг минтақавий таъсири кенгайган сари Исроил ўзининг «Эрон таҳдиди» ҳақидаги аргументларини араб давлатлари олдида янада ишончлироқ илгари суриш имконига эга бўлди. Натижада айрим араб давлатлари учун Эрондан келаётган хавф Исроил билан қарама-қаршиликдан ҳам долзарброқ хавфсизлик масаласига айланди.

Шу нуқтаи назардан қаралганда, оятуллолар режимининг Исроилга қарши кураш шиори остида олиб борган сиёсати амалда кўп ҳолларда айнан Исроилнинг қўлига сиёсий ва стратегик далил бериб келди. Теҳрон кучайган ҳар бир фронтда Исроил ўзининг минтақавий хавфсизлик концепциясини оқлаш учун янги аргумент топди. Натижада Фаластин масаласи баъзан яна иккинчи планга сурилиб, араб давлатларининг асосий эътибори Эрон ва унга яқин қуролли гуруҳлар таҳдидига қаратила бошлади.

Энг катта зиддият ҳам шунда. Теҳрон ўз сиёсатини «мусулмонлар ва Фаластин манфаатларини ҳимоя қилиш» деб тақдим этади. Балки бу ниятларнинг бир қисми самимийдир, балки бу риторика минтақавий таъсирни кенгайтириш учун сиёсий ниқоб вазифасини ўтаётгандир. Лекин халқаро сиёсатда ниятдан кўра натижа муҳим.

Агар олиб борилган сиёсат натижасида мусулмон давлатлари ўртасидаги қарама-қаршилик кучайса, араб мамлакатлари Исроилга эмас, Эронга қарши хавфсизлик механизмларини излай бошласа ва Фаластин масаласи яна геосиёсий рақобат соясида қолиб кетса, бундай стратегиянинг самарадорлиги ҳақида жиддий саволлар туғилиши табиий.

Чунки сиёсатда баландпарвоз ваъдалар, инқилобий шиорлар ёки эълон қилинган мақсадлар эмас, охир-оқибат улар келтириб чиқарган натижалар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ният қандай бўлишидан қатъи назар, сиёсатга унинг оқибатига қараб баҳо берилади.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid