Эрон халқаро назоратдан воз кечмоқчи
Эрон ядровий инқирози янги ва ўта хавфли чегарага яқинлашди. Мамлакат парламенти Ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисидаги шартномадандан чиқишини назарда тутувчи қонун лойиҳасини фавқулодда тезкор тартибда кўриб чиқмоқда. Халқаро чекловларнинг энг муҳим ҳуқуқий устунларидан бири йўқолиши Эрон ядровий дастурининг кейинги йўналишига доир ноаниқликни кескин оширади ва халқаро текширувни жиддий мураккаблаштиради.

Эрон ядровий инқирози янги ва ўта хавфли чегарага яқинлашди. Ислом Республикаси парламенти мамлакатнинг Ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисидаги шартномадан — (ЯҚТШ)дан чиқишини назарда тутувчи қонун лойиҳасини фавқулодда тезкор тартибда кўриб чиқмоқда. Парламент раисининг биринчи ўринбосари Али Никзоднинг маълум қилишича, ҳужжат расман киритилган куниёқ депутатлар муҳокамасига қўйилиши мумкин. Айни вақтда парламент бундай қарорнинг халқаро-ҳуқуқий оқибатларини ҳам ўрганмоқда.
Бироқ вазиятни Эрон ядровий дастури атрофидаги навбатдаги тортишув сифатидагина баҳолаш нотўғри бўлади. Аслида Теҳрон бир вақтнинг ўзида бир нечта йўналишда — АҚШ билан муносабатларда, Ҳўрмуз бўғози атрофидаги қарама-қаршиликда, Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) билан алоқаларда ва музокараларнинг бутун формуласини ўзгартириш учун курашда ставкаларни оширмоқда. ЯҚТШ эса энди нафақат халқаро-ҳуқуқий мажбурият, балки сиёсий босим воситасига ҳам айланяпти.
Ишончсизликдан — шартномадан чиқиш таҳдидига
Теҳроннинг мантиғини тушуниш учун жараённинг тарихий фонига назар ташлаш керак. 2025 йилда Эрон ядровий объектларига берилган зарбалардан кейин мамлакатнинг АЭХА билан ҳамкорлиги кескин ёмонлашди. Агентлик маълумотларига кўра, 2025 йил июнь ойидаги ҳужумлар ортидан Эрондаги одатий текширув ишлари тўхтатилди ва хавфсизлик нуқтаи назаридан инспекторлар мамлакатдан олиб чиқилди. 2025 йил 2 июлда эса Эрон АЭХА билан ҳамкорликни тўхтатиб туришни назарда тутувчи қонун қабул қилди. Агентлик Бушер атом электр станциясидан ташқари кафолатлар тизимига кирувчи аксарият ядровий объектларга кириш имкониятини йўқотганини билдирган.
Демак, парламентнинг ҳозирги қадами тасодифий пайдо бўлган эмас. 2026 йил баҳоридаёқ Мажлисга ЯҚТШдан чиқиш, аввалги ядровий келишув билан боғлиқ айрим ҳуқуқий механизмларни бекор қилиш ва тинч атом соҳасида ҳамкор давлатлар билан янги халқаро битимлар шакллантиришни назарда тутувчи ташаббус киритилган эди.
Энди эса бу таҳдид янги сиёсий вазн касб этмоқда. Никзод парламентнинг кескин позициясини АЭХА ва унинг раҳбариятига нисбатан ишончсизлик билан ҳам изоҳламоқда. Эрон халқаро тузилмаларни ядровий масалани сиёсийлаштиришда айблаб келади. АЭХА эса, ўз навбатида, аввал маълум қилинмаган айрим объектлардаги ядровий материал ва фаолият билан боғлиқ саволлар ҳануз ҳал этилмаганини қайд этган. Айнан шу ўзаро ишончсизлик назорат тизимини заифлаштираётган асосий омиллардан бири бўлиб қолди.
ЯҚТШдан чиқиш нимани англатади?
Ҳуқуқий жиҳатдан Эроннинг ЯҚТШдан чиқиши парламент қарори билан бир зумда амалга ошмайди. Шартноманинг X моддаси давлатга, агар у шартнома мавзуси билан боғлиқ фавқулодда ҳолатлар мамлакатнинг олий манфаатларини хавф остига қўйди деб ҳисобласа, ЯҚТШдан чиқиш ҳуқуқини беради. Бироқ давлат бошқа иштирокчилар ва БМТ Хавфсизлик Кенгашини бу ҳақда уч ой олдин хабардор қилиши ҳамда қарорининг сабабларини кўрсатиши шарт.
Шундай экан, қонуннинг қабул қилиниши ҳам барча мажбуриятларнинг дарҳол йўқолиши эмас, балки сиёсий-ҳуқуқий жараённинг бошланиши бўлади. Яна бир принципиал жиҳат мавжуд: ЯҚТШдан чиқишнинг ўзи ядровий қурол яратиш тўғрисида қарор қабул қилинганини англатмайди. Теҳрон ядровий қуролга эга бўлиш нияти йўқлигини муттасил таъкидлаб келмоқда.
Аммо халқаро чекловларнинг энг муҳим ҳуқуқий устунларидан бири йўқолиши Эрон ядровий дастурининг кейинги йўналишига доир ноаниқликни кескин оширади ва халқаро текширувни жиддий мураккаблаштиради. Шу сабабли эҳтимолий чиқиш, аввало, ишонч ва шаффофлик инқирози сифатида хавфлидир.
Вашингтон ва Теҳрон икки хил тилда гапиряпти
Вашингтондан келаётган бир-бирига зид сигналлар вазиятни янада мураккаблаштириб юборди. 28 сентябрь куни АҚШ оммавий ахборот воситалари америкалик расмий манбага таяниб, Дональд Трамп маъмурияти якуний келишув доирасида санкцияларни юмшатиш ва Эроннинг музлатилган маблағларининг бир қисмини очишга тайёр эканини хабар қилди. Шарт сифатида ядровий масалада «аниқ силжиш» талаб этилиши айтилди. АҚШ томони воситачилар орқали олиб борилаётган мулоқотларни «ижобий ва конструктив» деб баҳолаган.
29 сентябрда эса Трамп бу хабарларни очиқчасига инкор қилиб, Эронга ҳеч нарса таклиф қилмаганини билдирди. Бу тафовут муҳим. У дипломатик даражада муҳокама қилинаётган эҳтимолий битим вариантлари билан АҚШ президенти учун сиёсий жиҳатдан мақбул очиқ позиция ўртасидаги фарқни кўрсатиши мумкин.
Теҳрон нуқтаи назаридан эса бундай ноаниқлик яна бир далилга айланмоқда: Вашингтон аввал кафолатлар ва аниқ амалий қадамларни таъминлаши, шундан кейингина Эрондан жавоб чораларини кутиши керак. Шу тариқа тортишув фақат келишувнинг мазмуни ҳақида эмас, балки уни амалга ошириш кетма-кетлигига ҳам боғлиқ.
Хўш, биринчи қадамни ким ташлайди? Чекловларни ким биринчи бўлиб юмшатади? Ядровий музокаралар қайси босқичда бошланади? Қайси чораларни ортга қайтариш мумкин? Аввалги келишувларнинг кўпчилиги айнан шу саволлар атрофидаги ишончсизлик туфайли издан чиққан эди.
Ҳўрмуз, санкциялар ва атом масаласи бир битимга бирлашмоқда
Ҳозирги инқирознинг энг муҳим хусусияти — аввал нисбатан алоҳида бўлган бир нечта масаланинг ягона музокара пакетида бирлашиб бораётганидир. Эрон Ҳўрмуз бўғози атрофидаги вазиятни юмшатишни АҚШ чекловларининг қисман бекор қилиниши ва кейинчалик ядровий музокараларни тиклаш билан боғлашни таклиф қилмоқда.
Теҳрон тақдим этган режага кўра, АҚШ санкциялар, музлатилган активлар ва ҳарбий босим бўйича муайян чораларни амалга ошириши керак. Шундан сўнг Эрон денгиз қатновини нормаллаштириш ва ядровий масалани ҳам қамраб оладиган якуний келишув бўйича музокараларга ўтишга тайёрлигини билдирмоқда.
Вашингтон эса бу кетма-кетликни тескари қилишга интиляпти: ядровий масалада тараққиёт бўлмас экан, якуний битим ҳам бўлмайди. Натижада ўзига хос дипломатик ҳалқа пайдо бўлди. Эрон тўлиқ ядровий мулоқотни бошлаш учун аввал АҚШдан амалий ён беришни талаб қиляпти. АҚШ эса иқтисодий енгилликлар берилиши учун аввал ядровий соҳада Эрон қадам ташлашини талаб қиляпти.
Бу фақат тактик келишмовчилик эмас. Унинг ортида хавфсизликка оид икки хил қараш турибди. Теҳрон босим сиёсати бир томонлама ён беришлар билан мукофотланмаслигини исботлашга ҳаракат қилмоқда. Вашингтон эса текшириш мумкин бўлган ўзгаришларсиз асосий босим воситаларидан воз кечишни истамаяпти.
Нега айнан ҳозир ЯҚТШ билан таҳдид қилишяпти?
Бунинг бир нечта сабаби бор. Биринчиси — эскалациядан воз кечишнинг музокарадаги қийматини ошириш. ЯҚТШдан чиқиш эҳтимоли сақланиб турган экан, Теҳрон амалда шерикларига икки йўлни кўрсатади: дипломатик келишув ёки халқаро шаффофликнинг янада қисқариши.
Иккинчиси — ички сиёсий сигнал. Ҳарбий зарбалар ва кўп йиллик санкциялардан кейин Эрон раҳбарияти мамлакат аввалги форматдаги келишувларга қўшимча кафолатларсиз қайтмаслигини намойиш қилишга интилмоқда.
Учинчиси — воситачиларга босим. Қатар, Покистон ва бошқа воситачилар компромисс излашни тезлаштиришга манфаатдор бўлади, чунки музокараларнинг барбод бўлиши энди фақат уруш ва энергетикага эмас, глобал ядровий тарқалмаслик тизимига ҳам таъсир қилиши мумкин. Сўнгги кунларда воситачилар иштирокидаги алоқалар ҳақиқатан ҳам фаоллашган.
Тўртинчи сабаб эса — музокара предметининг ўзини ўзгартириш. Теҳрон фақат ядровий дастур чекловларини эмас, балки АҚШ билан муносабатларнинг кенгроқ архитектурасини — санкциялар, хавфсизлик, музлатилган активлар, савдо эркинлиги ва минтақавий ҳарбий вазиятни ҳам бир пакетда муҳокама қилишга интилмоқда.
Шартномадан чиқишнинг бадали
Бироқ ЯҚТШдан чиқиш Эроннинг ўзи учун ҳам жуда қиммат қарор бўлиши мумкин. Бу мамлакатнинг халқаро яккаланишини кучайтириши, ҳатто Теҳронга нисбатан ҳаддан ташқари босимга қарши бўлган давлатлар билан муносабатларни мураккаблаштириши ҳамда қўшни мамлакатларда хавфсизликка оид хавотирларни ошириши мумкин.
Глобал тарқалмаслик тизими учун эса оқибатлар янада кенг бўлади. ЯҚТШ ядровий қуролнинг тарқалишини чеклашга қаратилган жаҳон тизимининг марказий шартномаси бўлиб қолмоқда. Уруш ва ўта чуқур ишончсизлик шароитида Яқин Шарқдаги йирик давлатлардан бирининг бу шартномадан чиқиши жиддий прецедент яратади.
Шу билан бирга, давлатнинг аввалги ҳаракатлари билан боғлиқ ҳуқуқий масалалар шартномадан чиқиш билан автоматик равишда йўқолмайди. Халқаро ҳуқуқий ёндашувга кўра, чиқишгача содир этилган эҳтимолий қоидабузарликлар учун жавобгарлик сақланиб қолади. Шу сабабли «ЯҚТШдан чиқиб, барча саволларни ёпиш» формуласи на ҳуқуқий, на сиёсий жиҳатдан асосли ҳисобланади.
Кейин нима бўлиши мумкин?
Ҳозирги босқичда битта қатъий прогноздан кўра, бир нечта шартли сценарийни кўриб чиқиш тўғрироқ.
Биринчи сценарий — ЯҚТШ музокара босими воситаси бўлиб қолади. Парламент ташаббусни илгари суриши мумкин, аммо воситачилар орқали музокаралар амалий натижа берса, Теҳрон расмий чиқиш жараёнини охирига етказмаслиги мумкин.
Иккинчи сценарий — чекланган келишув. АҚШ ва Эрон дастлабки қадамлар кетма-кетлигини келишиб олиши мумкин: бир томондан иқтисодий ёки ҳарбий енгиллаштириш, иккинчи томондан эса шаффофлик механизмларининг маълум қисмини тиклаш. Бу фундаментал зиддиятларни ҳал этмаса-да, кескинликни тўхтатиши мумкин.
Учинчи сценарий — музокараларнинг барбод бўлиши. Агар ҳар икки томон биринчи қадамни фақат рақиб ташлашини талаб қилаверса, ЯҚТШдан чиқиш масаласи сиёсий таҳдиддан расмий ҳуқуқий жараёнга айланиши мумкин. Бундай ҳолатда X моддада белгиланган уч ойлик муддат амалда дипломатик келишув учун сўнгги муҳим имкониятлардан бирига айланади.
Инқирознинг асосий қадрияти — назорат
Ҳозирги вазиятнинг энг муҳим хусусияти шундаки, кураш энди фақат санкциялар, денгиз йўллари ёки ядровий дастур параметрлари учун кетмаяпти. Асосий кураш — ноаниқликни ким назорат қилиши устида. Вашингтон сезиларли ён беришлардан олдин текшириш мумкин бўлган чекловларни хоҳлайди. Теҳрон эса ўз мажбуриятларини бажариш яна бир томонлама босим билан тугамаслигига кафолат талаб қилмоқда.
Қисқа изоҳланса, Эрон мавжуд халқаро назорат тизимидан чиқиш билан таҳдид қилиб, қарши томонларни сиёсий келишув шартларини ўзгартиришга мажбур этмоқчи.
Вазиятнинг парадокси ҳам шунда. Шаффофлик қанчалик камайса, ташқи дунё учун хавф ва ноаниқлик шунчалик ортади — демак, Теҳроннинг музокарадаги босим воситаси кучаяди. Аммо айни пайтда бошқа иштирокчилар бу ноаниқликни музокара воситаси эмас, мустақил хавфсизлик таҳдиди сифатида қабул қила бошлаш эҳтимоли ҳам ошади.
Энг хавфли чегара айнан шу ердан ўтади. Эрон ҳозирча ЯҚТШдан чиққан эмас. Дипломатик каналлар ҳамон ишламоқда, воситачилар Вашингтон ва Теҳрон ўртасида таклифларни етказмоқда. Аммо глобал хавфсизликнинг асосий шартномаларидан бири жорий сиёсий савдолашувнинг предметига айланганининг ўзи Эрон инқирози янги босқичга кирганини кўрсатади.
Энди гап фақат ядровий дастур ҳақида эмас. Гап Яқин Шарқда қандай янги хавфсизлик тартиби шаклланиши ҳақида кетяпти. Унинг оқибати эса эса ким биринчи бўлиб довни ошириши эмас. Энди томонлар бир тараф ўз мажбуриятини бажарганида, иккинчи тарафнинг ҳам олдиндан белгиланган ва текшириш мумкин бўлган жавоб чораси автоматик ишга тушадиган механизмни ярата оладими-йўқми — ана шу масала белгилайди.
Абулфайз Сайидасқаров




