Таълим соҳасидаги янгиланишларнинг асосий мазмунига изоҳ берилди
Таълим ва илм-фан вазирлиги барча боғча, мактаб, профессионал ва ОТМлар фаолиятини ташкил этиши ва уларнинг операцион жараёнлари учун масъул бўлиши, таълим фаолиятига қўйиладиган талабларни белгилаши, аккредитациялаш ва лицензиялаш билан шуғулланиши керак бўлади.

"Таълим соҳасидаги бугунги янгиланишларнинг асосий мазмун-моҳияти нимада?" деган савол туғилиши табиий.
Президент матбуот хизмати раҳбари Шерзод Асадов таълим соҳасидаги сўнгги ўзгаришларга изоҳ берди.
Айтилишича, Президентимизнинг икки вазирликни бирлаштиришдан кўзлаган асосий ғояси қуйидагилардан иборат:
– Таълим ва илм-фан вазирлиги барча боғча, мактаб, профессионал ва олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиши ва уларнинг операцион жараёнлари учун масъул бўлиши, таълим фаолиятига қўйиладиган талабларни белгилаши, аккредитациялаш ва лицензиялаш билан шуғулланиши керак;
– Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ўқув дастурлари, қўлланмалар ва методик материалларни ишлаб чиқадиган ўзига хос лаборатория вазифасини бажариши, уларни амалиётга жорий этиши, натижаларини кузатиши ва аниқланган камчиликлар асосида такомиллаштириб бориши керак. Бу ишлар Президентимиз белгилаб берган "ўзбек мактаби битирувчисининг портрети"га таянган ҳолда олиб борилади;
– Президент Администрацияси ва унинг ҳузурида ташкил этиладиган алоҳида ишчи гуруҳ янги вазирликнинг тузилмасини ишлаб чиқади, иш жараёнларини қайта кўриб чиқади, уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди ҳамда ислоҳотнинг умумий стратегиясини белгилайди;
– олий таълимда давлат аралашувини кескин қисқартириш, олийгоҳлар мустақиллигини кенгайтириш ва нодавлат сектор учун имкониятлар яратиш лозим, қайси олийгоҳ сифатли таълим бераётганини эса эркин рақобат ва бозор талаби кўрсатиши керак.




