Осиё ўйинлари: Ўзбекистон футболда медалсиз қолди
Терма жамоа 3-ўрин учун баҳсда Хитойга қарши пеналтилар сериясида мағлубиятга учради. Бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Тахмина Икромова эса Осиё ўйинларида учинчи олтин медалини қўлга киритди.

Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Осиё ўйинларида бронза медали учун кечган баҳсда Хитойга пенальтилар сериясида мағлуб бўлди.
Учрашувнинг асосий вақти 2:2 ҳисобида якунланди. Ўзбекистон терма жамоаси сафида Сардор Баҳромов ва Шодиёр Шодибоев гол урди. Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон икки бор ҳисобда орқада қолаётганда вазиятни ўнглашга эришди.
Асосий вақтдан сўнг регламентга кўра, ғолибни аниқлаш учун дарҳол пенальтилар сериясига мурожаат қилинди. Унда Хитой U-23 терма жамоаси 4:3 ҳисобида ғалаба қозонди.
Шу тариқа, Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Осиё ўйинларини медалсиз якунлади. Эслатиб ўтамиз, ярим финалда Япония терма жамоасига ҳам пеналтилар сериясида имконият бой берилганди.
Бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Тахмина Икромова Осиё ўйинларида учинчи олтин медалини қўлга киритди. Яккалик кўпкураш дастурининг финалида қатнашган юртдошимиз 112.950 балл билан олтин медалга сазовор бўлди.
Таэквондо WТ бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Марат Мавлонов Осиё ўйинларининг кумуш медалини қўлга киритди. +80 кг вазн тоифасининг финалида жанг қилган юртдошимиз эронлик рақибига мағлуб бўлди ва иккинчи ўринни эгаллади.




