Латвия Россияни мигрантлар оқимидан “қурол” сифатида фойдаланишда айбламоқда
Латвия расмийларига кўра, бу йил минглаб мигрантлар мамлакат чегарасига йўл олган. Уларнинг 11 мингдан ортиғи Латвияга киритилмаган. 2 миллиондан ошиқ аҳолига эга мамлакат учун бу катта босимни англатади.

Латвия расмийлари Россия ва Белорусни Яқин Шарқ ҳамда Африкадан келаётган мигрантларни мамлакат чегараси орқали олиб ўтиш схемасига кўмаклашаётганликда айбламоқда. Рига бу жараённи Россиянинг Ғарбдаги беқарорликни кучайтиришга қаратилган кенгроқ стратегиясининг бир қисми деб ҳисоблайди. Москва эса айбловларни рад этмоқда. Бу ҳақда The New York Times маълум қилди.
Латвия расмийларига кўра, бу йил минглаб мигрантлар мамлакат чегарасига йўл олган. Уларнинг 11 мингдан ортиғи Латвияга киритилмаган. 2 миллиондан ошиқ аҳолига эга мамлакат учун бу катта босимни англатади.
Айрим мигрантлар эса чегара мудофаасини бузиб ўтишга муваффақ бўлган. Расмийларнинг айтишича, чегара панжарасида тешиклар очилган, айрим ҳолларда эса унинг остидан туннеллар қазилган. Латвия ҳукумати бундай ҳолатларни мақсадли кампаниянинг бир қисми сифатида баҳоламоқда.
Латвия ташқи ишлар вазири Баиба Бразе Россия ва Белорус разведка хизматлари Яқин Шарқ ва Африкадан келаётган мигрантларни Латвия ҳамда бошқа НАТО ва Европа Иттифоқи давлатлари ҳудудига ноқонуний олиб ўтишга қаратилган схемага кўмаклашаётганини айтган.
Латвия расмийларининг таъкидлашича, жиноий гуруҳлар мигрантларни тижорий рейслар орқали Россия ва Берусга олиб келади. Кейинчалик улар ушбу давлатлар ҳудудидан Латвия, Литва, Польша ва бошқа мамлакатлар билан чегарадош ўрмонли ҳудудларга юборилади.
Расмийлар айрим ҳолларда Москва ёки Минскка чартер рейслар ташкил этилганини ҳам билдирмоқда. Мигрантларнинг телефонларидаги геолокация маълумотлари айрим шахсларнинг Россия ҳудуди орқали ҳаракатланганини кўрсатгани айтилмоқда.
Газетанинг ёзишича, Латвия расмийларига кўра, миграция мамлакатдаги баҳсли сиёсий масалалардан бири бўлиб қолаётган бир пайтда Россиянинг мақсади парламент сайловлари арафасида ички кескинликни кучайтириш бўлиши мумкин.
Латвия Давлат чегара қўриқлаш хизмати раҳбари генерал Гунтис Пуятснинг айтишича, бундай ҳаракатлардан кўзланган мақсад парламентда Россияга нисбатан дўстона муносабатда бўладиган сиёсий кучларнинг пайдо бўлишига ёрдам бериш.
Россия расмийлари эса бу айбловларни рад этган. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Латвиянинг баёнотларини кескин танқид қилган, Белорус ҳукумати эса изоҳ сўровига жавоб бермаган.
Латвия чегарани кучайтирмоқда
Латвия-Белорус чегарасида хавфсизлик чоралари сезиларли даражада кучайтирилган.
Мамлакатнинг Белорус билан чегараси бўйлаб 107 миль ёки 172 километр узунликдаги пўлат панжара ўрнатилган. У видеокамералар, ҳаракат датчиклари ва ҳайвонлар билан одамларни фарқлашга ёрдам берувчи сунъий интеллект тизимлари билан жиҳозланган.
NYT мамлакат расмийларига таяниб ёзишича, Россия ва Белоруснинг бундай фаолияти Украинани қўллаб-қувватлаётган давлатларга босим ва Европа мамлакатларининг хавфсизлик ресурсларини банд қилиш ва Россиянинг бевосита иштирокини инкор этиш имконини сақлаб қолишга хизмат қилиши мумкин.
НАТОнинг 5-моддаси масаласи
Европанинг айрим сиёсий ва разведка расмийлари Россиянинг Ғарбга қарши саботаж фаолиятини кучайтириши мумкинлигидан хавотир билдирган. Айрим расмийлар Россия Болтиқбўйи ёки бошқа ҳудудларда кичик кўламли бостириб кириш ёки ҳужум уюштириш орқали НАТОнинг 5-моддаси бўйича мажбуриятларни синаб кўриши мумкинлигини айтган.
Шу билан бирга, хавфсизлик расмийлари Россиянинг НАТО давлатига қарши яқин орада ҳарбий операция бошлашни режалаштираётганини кўрсатувчи белгилар камлигини ҳам таъкидлаган.
Латвия чегарасидаги миграция муаммоси Россиянинг 2022 йилда Украинага кенг кўламли бостириб киришидан олдин бошланган.
2021 йилда Европа расмийлари Белорусни мигрантлар оқимидан Польша ва бошқа қўшни давлатларга сиёсий босим ўтказиш воситаси сифатида фойдаланишда айблаган. Ўша даврда айрим мигрантлар Белорус ва Европа Иттифоқи чегараси ўртасидаги ҳудудда қолиб кетган, айримлари ҳалок бўлган.
Латвия чегарасида эса мигрантлар сони ошиб борган: 2021 йилда қарийб 4 400 киши чегарадан қайтарилган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич қарийб уч баравар ошган.
Латвия чегара қўриқлаш хизмати ходимлари яқинда чегара панжараси остидан қазилган иккита туннелни аниқлаган.
Улардан бирининг узунлиги тахминан 40 метр, иккинчисиники эса 20 метр бўлган. Шунга ўхшаш туннеллар Белорус билан чегарадош Литвада ҳам аниқланган.
Латвия расмийларига кўра, мамлакатга кирган мигрантларнинг катта қисми кейинчалик Германия каби Ғарбий Европа давлатларига етиб боришга ҳаракат қилади. Улар контрабандачилар ёрдамида Европа Иттифоқининг ички ҳудудларига ўтишга уринади.
Латвия расмийлари Белорус томонда мигрантларнинг чегара панжараси яқинида деярли ҳеч қандай назоратсиз ҳаракатланаётганини ҳам Белорус ҳукуматининг жараёнга алоқадорлигига далил сифатида кўрсатмоқда.
Генерал Пуятс эса Россия ҳарбийлари Белорус ҳудудидан фойдаланаётган бир пайтда жараён устидан асосий назорат Россия қўлида, деган фикрни билдирган.




