Хориждан қайтган фуқаролар бўйича платформа яратилади
Платформа ҳокимлар ҳамда тармоқ раҳбарлари фойдаланадиган тизимга уланади.Йил бошидан буён 1 миллион 116 минг киши миграциядан қайтган бўлиб, йил якунигача 250 минг кишига мос иш топиш вазифаси қўйилди.

30 ноябрдан 5 декабрга қадар Тошкентда “Янги Ўзбекистон – глобал имкониятлар чорраҳаси” форуми ўтказилади.
Президентимиз ушбу тадбир тадбиркорлар учун янги экспорт йўналишларини очиш, чет элда ишлаш истагидаги фуқароларни Европа ва Кўрфаз мамлакатларидаги иш берувчилар билан боғлашга хизмат қилиши зарурлигини таъкидлади.
Форумга 52 та давлат вакиллари келиши кутилмоқда.
Ҳар бир элчи ўзи ишлаётган мамлакатдан 50-100 нафар йирик импортер ва рекрутинг компаниялари вакилларини жалб қилиши кераклиги қайд этилди.
Форумда хорижлик ҳамкорлар билан 2027 йил учун экспорт, туризм ва миграция йўналишларида аниқ келишувларга эришиш вазифаси қўйилди.
Давлатимиз раҳбари иш ўрни топиш билан вазифа тугамаслигини билдирди. Элчилар ҳокимлар билан бирга фуқаронинг ишга жойлашиши ва янги муҳитга кўникишигача бўлган жараён учун масъул бўлади.
Йиғилишда миграциядан қайтган фуқароларни иш билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Йил бошидан буён 1 миллион 116 минг киши миграциядан қайтган. Улар орасида Германия, Буюк Британия, Корея, Япония ва Россияда саноат, қурилиш, логистика, хизмат кўрсатиш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларида тажриба орттирган мутахассислар бор.
Президентимиз хорижда йирик саноат корхоналарида ишлаб, замонавий технология ва меҳнат маданиятини ўзлаштирган мутахассислар мамлакатимиз корхоналари учун катта имконият эканини таъкидлади. Ҳокимлар ва тармоқ раҳбарлари уларга муносиб иш таклиф қилиб, билим ва тажрибасидан фойдаланиши лозим.
Шу мақсадда чет элдан қайтган фуқароларнинг ишлаган жойи, касби ва стажи акс этадиган платформа яратилиб, ҳокимлар ҳамда тармоқ раҳбарлари фойдаланадиган тизимга уланади.
Йил якунигача қайтган 250 минг кишига мос иш топиш, тадбиркорлик қилишни истаганларга эса йўл-йўриқ кўрсатиб, шароит яратиш вазифаси қўйилди.





