Латвияда Ўзбекистондан келтирилган катта миқдордаги тамаки маҳсулотлари аниқланди
Ушбу контрабанда маҳсулотлари Италия ва Белгияга йўналтирилиши керак бўлган.

Латвия Давлат даромад хизмати (VID) божхона ходимлари ҳаво юклари омборларини текшириш пайтида катта миқдордаги контрабанда тамаки маҳсулотларини аниқладилар.
Бу ҳақда агентликка таяниб, Delfi хабар берди.
Агентлик маълумотларига кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистондан келган ва Италия ва Белгияга йўналтирилган почта пакетларида 11 220 қути сигарет (224 400 дона) ва 3068 қути тамаки маҳсулотлари топилган.
Текширувлар уч ҳафта давомида исковуч итлао иштирокида ўтказилди. Шубҳали юклар аниқланди ва рентген ускуналари ёрдамида қўшимча текширувдан ўтказилди, бу эса тамаки маҳсулотларининг мавжудлигини тасдиқлади.
Хусусан, март ойининг ўрталарида омборда акциз маркалари бўлмаган 4800 қути сигарет ва 3000 дан ортиқ пакет тамаки маҳсулотлари солинган Ўзбекистондан келган пакетлар топилди. Кейинги кунларда Parlament, Sobranie, Kent ва Marlboro каби турли маркадаги яна бир нечта сигарет партиялари мусодара қилинди, уларда Ўзбекистон ва Қирғизистон акциз маркалари бўлган.
Барча аниқланган ҳолатлар жиноий жавобгарликка тортиш учун Солиқ ва божхона полициясига юборилди.
