"Жиззах сув таъминоти" ходимлари тезкор тадбирларда қўлга тушди
Сув таъминоти инспектори фуқаронинг қурилиши тугалланмаган биносида сувдан ноқонуний фойдаланганлик ҳолати юзасидан далолатнома расмийлаштирмаслик эвазига 2 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Жиззах вилоятида далолатнома расмийлаштирмасликни ваъда қилган сув таъминоти ходимлари ушландилар.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Ғаллаорол тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда "Жиззах сув таъминоти" АЖ Жиззах шаҳар филиали инспектори Ў.А. фуқаро У.С.нинг қурилиши тугалланмаган биносида сувдан ноқонуний фойдаланганлик ҳолати юзасидан далолатнома расмийлаштирмаслик эвазига 2 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Мирзачўл туман бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда "Жиззах сув таъминоти" АЖ Мирзачўл тумани филиали муҳандиси А.Х. фуқаро А.Э.нинг ичимлик сувидан ноқонуний фойдаланганлик ҳолати юзасидан далолатнома расмийлаштирмаслик ва жарима ёзмаслик эвазига 2,2 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.




