Ўзбекистонда 1-йўналишда супер-контракт асосида ўқишга рухсат берилди
Кириш имтиҳонлари натижасига кўра, 2–5-йўналишлардан бирига грант ёки тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган абитуриентлар учун ўз хоҳишига биноан 1-танлаган йўналишида ўқиш имконияти яратилди.

Ўзбекистонда 1-йўналишда супер-контракт асосида ўқишга рухсат берилди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
2026/2027-ўқув йили кириш имтиҳонлари натижасига кўра, 2–5-йўналишлардан бирига грант ёки тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган абитуриентлар учун ўз хоҳишига биноан 1-танлаган йўналишида ўқиш имконияти яратилди.
Унга кўра:
- танловда иштирок этиб, 2–5-бакалавриат таълим йўналишларидан бирига давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентларга ўз хоҳишларига кўра устуворлиги бўйича танлаган биринчи таълим йўналишида табақалаштирилган тўлов-контракт (супер-контракт) асосида ўқишга рухсат берилди (мақсадли қабул асосида тавсия қилинганлар бундан мустасно);
- бунда ўқишга қабул қилиш олий таълим ташкилоти ректори (директори) томонидан белгиланадиган табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорида тўловни амалга ошириш шарти билан амалга оширилади;
- мазкур тартиб барча давлат олий таълим ташкилотларига, шу жумладан, ташкилий ва молиявий мустақиллик берилган ОТТларга ҳам татбиқ этилади.




