Туркия маданият вазири Ислом цивилизацияси марказига "Куллиёти Навоий" асари нусхасини тақдим этди
"Куллиёти Навоий" Алишер Навоийнинг турли жанрдаги асарлари жамланган нодир қўлёзма тўпламдир. Куллиёт таркибида шоирнинг 26 та асари жамланган бўлиб, унинг асл нусхаси Истанбул шаҳридаги Тўпқопи саройи кутубхонасида сақланади.

Туркия маданият вазири Ислом цивилизацияси марказига "Куллиёти Навоий" асари нусхасини тақдим этди.
Тошкент шаҳрида "Ўзбекистон–Туркия маданият ва санъат учрашувлари — Турк кино кунлари" маданий тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Ушбу тадбирлар доирасида куни кеча Ўзбекистон ва Туркия маданият вазирлари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюришди.
Ташриф доирасида Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой томонидан Ислом цивилизацияси марказига "Куллиёти Навоий" асарининг нусхаси (факсимиле нашри) тақдим этилди.
Маълумот ўрнида, "Куллиёти Навоий" Алишер Навоийнинг турли жанрдаги асарлари жамланган нодир қўлёзма тўпламдир. Куллиёт таркибида Алишер Навоийнинг 26 та асари жамланган бўлиб, унинг асл нусхаси Истанбул шаҳридаги Тўпқопи саройи кутубхонасида сақланади. Мазкур тақдимот Алишер Навоийнинг бой адабий меросини асраб-авайлаш, ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги тарихий-маданий муштаракликни янада мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.




