platina.uz
Жамият

Тошкент маркази пулли "парковка"га айлантирилмоқда

​Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Platina.uz’га маълум қилишича, автотураргоҳ сифатида режалаштирилган ҳудудда давлат ва нодавлат ташкилотларининг кўплиги ҳамда автомобилларнинг сони тирбандликни юзага келтираётгани учун шу ҳудуд танлаб олинган. Бироқ ҳокимлик қарорида 13 минг квадрат метр ҳудуднинг айнан қанча қисми автотураргоҳ, қанча қисми яшил майдон, пиёдалар ҳудуди ва бошқа инфратузилмага ажратилиши аниқ кўрсатилмаган.

Тошкент маркази пулли "парковка"га айлантирилмоқда

Тошкентнинг қоқ марказида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ортидаги 1,3 гектар ҳудудда давлат-хусусий шериклик лойиҳаси асосида автотураргоҳ ташкил қилиниши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги жорий йилнинг 14 сентябрь куни тегишли қарор қабул қилди.

​Ҳокимлик Telegram каналида эълон қилинган хабарга кўра, лойиҳа доирасида қўшимча кўкаламзорлаштириш, 1000 тупдан ортиқ дарахт ва буталар экилиши айтилган. Шунингдек, 720 метр узунликдаги янги пиёдалар йўлаги барпо этилади.

​“Давлат-хусусий шерикликнинг мажбурий шартларидан бири — ҳудуддаги мавжуд дарахтлар ва пиёдалар учун ажратилган майдонларни сақлаб қолишдир”, — дейилади ҳокимлик хабарида.

​Лойиҳага кўра, автотураргоҳ мавжуд ландшафтга мос қилиб барпо қилинади. Бунда ҳудуд ичидаги ва унинг атрофида жойлашган дарахтлар сақланиб қолинади.

​Автотураргоҳ учун ажратилган ер участкаси электрон аукционга чиқариш режалаштирилмоқда. Мазкур ҳудуд 10 йил муддатга ижарага берилади. Хусусий шерик сифатида танлаб олингандан кейин унга инвестиция мажбуриятларини бажариши, шунингдек, ҳудудни сақлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришни таъминлаши лозим бўлади.

​Бундан ташқари, шартнома шартларига кўра, шаҳар ҳокимияти талаби билан автотураргоҳ ҳудуди байрамлар, фестиваллар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказиш учун тақдим этилиши лозим. Ҳудуддан бундай мақсадларда фойдаланишнинг умумий муддати йилига 60 кунгача бўлиши мумкин.

​“Лойиҳанинг мақсади шаҳар марказидаги автомобиллар сонини кўпайтириш эмас, балки мавжуд транспорт оқимини тартибга солиш ва жамоат ҳудудларини тартибсиз автотураргоҳлардан холи қилишдир”, — таъкидланади хабарда.

​Нега автотураргоҳ шаҳар марказида қурилмоқда?

​Хусусий шериклик асосида қурилиши режалаштирилган автотураргоҳнинг ҳозирги ҳудудида яшил майдон ва бир қанча ташкилотлар, жумладан Ёшлар саройи, НБУ музейи, шунингдек, қатор давлат ташкилотлари ва идоралари жойлашган.

​Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Platina.uz’га маълум қилишича, автотураргоҳ сифатида режалаштирилган ҳудудда давлат ва нодавлат ташкилотларининг кўплиги ҳамда автомобилларнинг сони тирбандликни юзага келтираётгани учун шу ҳудуд танлаб олинган.

Ҳокимлик маълумотига кўра, автотураргоҳ ташкил этиш учун дарахтларни кесиш режалаштирилмаган.

​Шу билан бирга, қарорда 13 минг квадрат метр ҳудуднинг айнан қанча қисми автотураргоҳ, қанча қисми яшил майдон, пиёдалар ҳудуди ва бошқа инфратузилмага ажратилиши аниқ кўрсатилмаган.

​Лойиҳа, чизмалар ва автотураргоҳ жойлашув схемаси белгиланган тартибда келишилиши керак.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid