Пулли парковкага ҳақ тўламаганлик учун жарима жорий қилиш таклиф этилди
Тошкент шаҳридаги пулли автотураргоҳлардан кунига тахминан 15 000 нафар ҳайдовчи фойдаланмоқда. Шулардан фақат 2–3 фоизигина пул тўлаётгани айтилди.

Пулли парковкага ҳақ тўламаганлик учун жарима жорий қилиш таклиф этилди.
Йўл бўйидаги пулли автотураргоҳлардан фойдаланганлик учун тўловни қонунчиликда белгиланган муддатда тўламаслик ёки тўлашдан бўйин товлаш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) икки баравари миқдорида (амалда 824 минг сўм) жарима солинишига сабаб бўлиши мумкин.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли қўшимча киритишга оид ҳужжат лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.
Ҳокимликка кўра, ҳозирги кунда Тошкент шаҳридаги пулли автотураргоҳлардан кунига тахминан 15 000 нафар ҳайдовчи фойдаланмоқда.
Шулардан фақат 2–3 фоизи, яъни 300–450 нафар атрофидаги ҳайдовчи хизмат ҳақини тўламоқда.
Шунингдек, бир ой давомида бу хизматдан тахминан 465 000 нафар ҳайдовчи фойдаланади ва улардан фақат 9 300 – 13 950 нафари тўловни амалга оширади.
