Пулли паркинг бўйича аукционда хорижий компания ғолиб бўлди
Ушбу хорижий компания таниқли тадбиркор Зафар Ҳошимовга тегишли фирма ҳисобланади.

Пулли паркинг бўйича аукционда хорижий компания ғолиб бўлди.
Тошкентда давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган пуллик ерусти автотураргоҳларини ташкил этиш ва бошқариш бўйича келишувни тузиш ҳуқуқи учун ўтказилган электрон аукционда ANGLESEY FOOD МЧЖ шаклидаги хорижий корхона ғолиб бўлди.
Бошланғич нархи 1,3 млрд сўм бўлган лот савдолар якунида 20,9 млрд сўмга сотилди.
Инвестор бир марталик 20,9 млрд сўм тўлайди. Бундан ташқари, йиллик ижара ҳақи ва Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармасига ажратмалар ҳам амалга оширилади.
Маълумот учун, ANGLESEY FOOD МЧЖ хорижий корхонаси Korzinka супермаркетлар тармоғини бошқарувчи юридик шахс ҳисобланади.
Аввалроқ пулли парковкага ҳақ тўламаганлик учун жарима жорий қилиш таклиф этилганди.
Тошкент шаҳридаги пулли автотураргоҳлардан кунига тахминан 15 000 нафар ҳайдовчи фойдаланмоқда. Шулардан фақат 2–3 фоизигина пул тўлаётгани айтилди.
Иқтисодчи Отабек Бакиров мазкур жарима масаласига кескин фикр билдирди.
"Парковка қироли тўловларни ундира олмаётган бўлса, ана марҳамат, судга мурожаат қилсин. МИБга чиқарсин? Нега давлат унинг учун алоҳида жарима қилдириб, тўловларини кафолатлаб бериши керак? Ойига миллионлаб ўзбекистонликлар кредит тўламайди, балки бу бўйичаям давлат банклар фойдасига жарима қилиб бериши керакдир? Абсурд, тўғрими?", дея ёзади иқтисодчи-блогер.
