Саудия Арабистонига ҳусийлар таҳдиди кучайди: ким ёрдам бера олади?
Саудия Арабистонининг заифлигини ҳарбий ресурслар етишмаслиги билан изоҳлаш тўғри эмас. Муаммо таҳдиднинг асимметрик – тенгсиз хусусиятида мужассам. Ҳусийлар Яман ичидаги қуруқлик орқали ҳарбий босимини Саудия ҳудудига ракета ва дрон ҳужумлари ҳамда денгиз қатновига таҳдид билан бирлаштира олмоқда.

Ямандаги можаро кўп йиллик минтақавий урушдан Яқин Шарқ хавфсизлигининг асосий тугунларидан бирига айланиб боряпти. Гап энди фақат Саудия Арабистони ва бузғунчи шиа жангариларидан иборат «Ансоруллоҳ» ҳаракати — ҳусийлар ўртасидаги қарама-қаршилик ҳақида эмас. Саудия ҳудудининг хавфсизлиги, нефть инфратузилмасининг барқарорлиги, Қизил денгиз ва Боб ал-Мандиб орқали эркин кема қатнови ҳамда, кенгроқ маънода, АҚШ яна бир янги фронт очилишидан қочишга интилаётган шароитда минтақавий хавфсизлик тизимининг самарадорлиги масаласи кун тартибига чиқди.
Инқирознинг жиддийлашганини Лондоннинг янги қарори ҳам кўрсатди. 21 сентябрь куни Буюк Британия бош вазири Энди Бёрнхэм расмий Ар-Риёднинг ҳарбий ёрдам сўралган мурожаатидан сўнг Қироллик ҳарбий-ҳаво кучлари Саудия Арабистонига чекланган мудофаа ёрдамини кўрсатишини билдирди. Британиянинг Voyager самолёти мудофаа вазифаларини бажараётган Саудия самолётларига ҳавода ёнилғи қуйишни таъминлайди. Миссия вақтинчалик бўлиб, дастлаб бир неча ҳафта давом этиши кутилмоқда.
Нега таҳдиднинг характери ўзгарди?
Саудия Арабистонининг заифлигини ҳарбий ресурслар етишмаслиги билан изоҳлаш тўғри эмас. Муаммо таҳдиднинг асимметрик – тенгсиз хусусиятида мужассам. Ҳусийлар Яман ичидаги қуруқлик орқали ҳарбий босимини Саудия ҳудудига ракета ва дрон ҳужумлари ҳамда денгиз қатновига таҳдид билан бирлаштира олмоқда.
Сентябрда улар Қизил денгиз соҳили бўйлаб тез илгарилаб, Моха шаҳрини ва Боб ал-Мандиб кириш қисми яқинидаги муҳим позицияларни эгаллади. Мазкур воқеалар Саудия Арабистонининг Ямандаги позицияларига сўнгги йиллардаги энг жиддий зарбалардан бири сифатида кўрилмоқда. Эскпертларнинг айтишича, бунга ҳусийларга қарши кучларнинг тарқоқлиги, мувофиқлаштириш муаммолари ва рақиб тайёргарлигини етарлича баҳоламаслик – менсимаслик каби омиллар таъсир қиляпти.
Чегаралараро ҳужумлар географияси ҳам кенгайди. 8 сентябрда Саудия Арабистони жанубидаги зарбалар оқибатида 73 киши жароҳатланган. Кейинроқ Хамис-Мушайт, Абҳа ва Тоифда ҳам фуқаролар жабрлангани хабар қилинди. 19 сентябрь куни Саудия томони Ар-Риёд томон йўналтирилган баллистик ракета уриб туширилганини маълум қилди.
15 сентябрдаги воқеа эса алоҳида сиёсий ва диний аҳамият касб этди. Саудия бошчилигидаги коалиция Макканинг жанубида муқаддас шаҳар ҳаво ҳудуди томон йўналган дрон йўқ қилинганини билдирди. Ҳусийлар Маккани нишонга олганини рад этди. Шу боис воқеани «Маккага ҳужум қилингани исботланган» деб эмас, Саудия томонининг дрон мақсади ҳақидаги баёноти сифатида талқин қилиш тўғрироқ.
Кези келганда эслатиш жоиз, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Макка томон йўналтирилган учувчисиз аппарат билан боғлиқ ҳужум уринишини қатъий қоралаб, айни пайтда барча томонларни вазминлик ва халқаро ҳуқуққа риоя қилишга чақирди.
Боб ал-Мандиб — инқирознинг геоиқтисодий маркази
Боб ал-Мандиб Қизил денгизни Адан кўрфази ва Ҳинд океани билан боғлайди. АҚШ Энергетика ахбороти бошқармаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмидаёқ ушбу йўлак орқали кунига тахминан 4,2 миллион баррель нефть ва нефть маҳсулотлари ташилган. Қизил денгиздаги хавф туфайли кемаларни Африканинг жануби — Яхши Умид бурни орқали айлантириш ташиш муддати ва харажатларини оширади.
Шунинг учун ҳусийларга глобал таъсир кўрсатиш учун бўғозни жисмонан тўлиқ ёпиш шарт эмас. Кема эгалари, суғурта компаниялари ва энергетика операторлари учун хавфнинг ошиши ўзиёқ катта иқтисодий натижа бериши мумкин. Вазият Ормуз бўғозидаги инқироз билан бир вақтга тўғри келгани Саудия муаммосини яна мураккаблаштирмоқда. Натижада Форс кўрфазидан чиқиш йўли ва Қизил денгиз йўлаги ўзаро боғланган ягона энергетик хавфсизлик муаммосига айланяпти.
Саудия Арабистони ва ҳусийларнинг мудофаа бюджети ҳамда ҳарбий имкониятлари: қисқача қиёсий таҳлил
1. Молиявий база
Саудия Арабистони
Саудия Арабистони ҳарбий харажатлар ҳажми бўйича дунёдаги энг йирик давлатлардан бири бўлиб қолмоқда. Расмий статистика ва SIPRI маълумотларига таянган ҳолда Financial Times келтирган рақамларга кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида қироллик ҳарбий харажатларини 26 фоизга ошириб, уларни 64,7 миллиард Саудия риёлига, яъни тахминан 17,2 миллиард АҚШ долларига етказган. 2025 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 51,4 миллиард риёлни ташкил этган.
2025 йил якунлари бўйича эса Саудия Арабистонининг умумий ҳарбий харажатлари тахминан 83,2 миллиард доллар деб баҳоланган. Бу Ар-Риёд ихтиёрида қурол-яроғ харид қилиш, армияни сақлаш, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ривожлантириш, ҳарбий-ҳаво кучларини модернизация қилиш ва узоқ муддатли ҳарбий дастурларни амалга ошириш учун мустаҳкам молиявий база мавжудлигини кўрсатади.
Ҳусийлар — «Ансоруллоҳ» ҳаракати
Ҳусийларда давлатларникига ўхшаш очиқ ва расман эълон қилинадиган мудофаа бюджети мавжуд эмас. Уларнинг ҳарбий тизими классик давлат бюджети орқали эмас, балки назорат остидаги ҳудудлардаги маъмурий ва иқтисодий механизмлар, турли ички йиғимлар, уруш иқтисодиёти, логистика тармоқлари ҳамда ташқи кўмак орқали молиялаштирилади.
Шу сабабли икки томоннинг бюджетларини тўғридан-тўғри рақамларда қиёслаш имконсиз. Саудия Арабистони — ўнлаб миллиард долларлик мудофаа бюджетига эга давлат, ҳусийлар эса молиявий тизими шаффоф бўлмаган, анча кам ресурсларга эга, аммо нисбатан мослашувчан қуролли ҳаракатдир.
2. Ҳарбий имкониятлар
Саудия Арабистонининг кучли томонлари
Саудия Арабистони тўлиқ спектрдаги мунтазам қуролли кучларга эга. Улар таркибига - ҳарбий-ҳаво кучлари, ҳаво ва ракета ҳужумидан мудофаа тизимлари, қуруқлик қўшинлари, ҳарбий-денгиз кучлари, стратегик ракета кучлари ва Миллий гвардия киради.
Ар-Риёднинг асосий устунлиги — технологик салоҳият. Қироллик замонавий ҳарбий авиация, кўп босқичли ҳаво мудофаа тизимлари, ривожланган ҳарбий инфратузилма ва Ғарб давлатларининг юқори технологияли қуролларидан фойдаланиш имкониятига эга.
Бу модернизация жараёни ҳозир ҳам давом этмоқда. 2026 йил 17 сентябрда АҚШ Давлат департаменти Саудия Арабистонига 48 та F-35 қирувчи самолётини тахминан 24,3 миллиард долларга эҳтимолий сотишни маъқуллади. Бу ҳали якуний шартнома эмас, аммо мазкур қарор Саудия ҳарбий модернизациясининг кўлами ва йўналишини яққол кўрсатади.
Шунингдек, 2026 йил сентябрида Буюк Британия Саудия Арабистонига ҳарбий самолётларни ҳавода ёнилғи билан таъминлаш бўйича чекланган мудофаа ёрдами кўрсатишга рози бўлди. Бу Саудия мудофаа тизимининг ташқи иттифоқчилар билан чуқур боғланганини кўрсатади.
Ҳусийларнинг кучли томонлари
Ҳусийларнинг ҳарбий салоҳияти симметрик кучда эмас, балки асимметрик уруш олиб бориш қобилиятида намоён бўлади.
Уларнинг асосий имкониятлари - зарба берувчи учувчисиз учиш аппаратлари, баллистик ва қанотли ракеталар, мобил ракета учириш платформалари, кучларни тезда муайян йўналишларда жамлаш қобилияти, Яманнинг мураккаб тоғли рельефидан самарали фойдаланиш ҳамда тарқоқ ва нисбатан мослашувчан қўмондонлик тизими билан ифодаланади.
2026 йил сентябрида ҳусийлар Қизил денгиз соҳили бўйлаб тез илгарилаб, Боб ал-Мандиб ҳудудига таҳдидни кучайтиргани ва шу билан бир вақтда Саудия Арабистони ҳудудига ракета ҳамда дрон ҳужумларини оширганини хабар қилди. Уларнинг энг муҳим устунлиги — қуруқликдаги ҳаракатлар, узоқ масофали ракета зарбалари ва БПЛА ҳужумларини бир вақтнинг ўзида қўллай олишидадир.
3. Асосий фарқ нимада?
Агар икки томоннинг имкониятлари тўғридан-тўғри қиёсланса, молия, ҳарбий техника, авиация, ҳаво мудофааси, логистика ва халқаро кўмак жиҳатидан Саудия Арабистони мутлақ устунликка эга. Саудия — катта бюджет ва ривожланган ҳарбий инфратузилмага эга давлат армияси ҳисобланади
Бироқ ҳусийлар бошқа йўналишларда устунликка эга.
Аввало, урушнинг нисбатан паст таннархи. Ҳусийларнинг ракета ва дрон ҳужумлари Саудия Арабистони уларни бартараф этиш учун сарфлайдиган маблағларга нисбатан арзонроқ тушади.
Иккинчидан, мослашувчанлик. Улар катта ва қиммат мунтазам ҳарбий машина сақлаши шарт эмас.
Қолаверса, асимметрик таъсирни ҳам инобатга олиш лозим. Нисбатан арзон дрон ёки ракета ҳам нефт инфратузилмаси, аэропорт, денгиз йўллари ёки шаҳарларга таҳдид солиб, стратегик даражада катта иқтисодий ва сиёсий оқибатлар келтириб чиқариши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда. Саудия Арабистони стратегик жиҳатдан кучлироқ, ҳусийлар эса тактик жиҳатдан хавфлироқ. Саудия Арабистони улкан мудофаа бюджетига, замонавий ҳарбий техникага, кучли авиация ва ПВОга ҳамда ташқи иттифоқчиларга эга.
Ҳусийлар эса Саудия билан ресурслар ҳажми бўйича рақобатлаша олмайди. Аммо узоқ давом этувчи ва қимматга тушадиган асимметрик можарони мажбуран давом эттира олади. Шунингдек ҳусийлар нефт инфратузилмаси, денгиз қатнови ва стратегик объектларга босим ўтказиш орқали Ар-Риёд учун хавфсизлик нархини кескин оширади.
Британия: аниқ, аммо чекланган ёрдам
Юқорида зикр этилган қиёслашда Саудия Арабистони мутлақ устунликка эга бўлсада, айни вазиятда ҳусийларга қарши ташқаридан кўмак сўришга мажбур бўлмоқда. Лекин ҳамма ҳам бундай ёрдам беришга шошилаётгани йўқ. Фақатгина расмий Лондоннинг ёрдам бериш вазифаси ҳозирча бошқа шерикларникига қараганда аниқроқ белгилаб берилган. Британия Яманда ҳужумкор ҳарбий кампанияга қўшилганини эълон қилгани йўқ. Унинг ёрдами Саудиянинг мудофаа вазифаларини бажараётган авиациясига ҳавода ёнилғи қуйиш билан чекланган. Буюк Британия ҳукумати бундан олдин ҳам ҳусийларнинг Саудия Арабистонига зарбаларини қоралаб, минтақавий барқарорлик, тинч аҳоли ва халқаро кема қатновини ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлаган эди.
Демак, Лондоннинг иштироки Саудия мудофаасидаги жорий босимнинг бир қисмини камайтириши мумкин, аммо Яман можаросининг сиёсий сабабларини бартараф этмайди.
Туркия ва Покистон: янги минтақавий механизмнинг синови
Ёрдамнинг иккинчи ҳалқаси Туркия ва Покистон билан боғлиқ. Макка қўшма мудофаа келишуви уч давлат — Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон хавфсизлик ҳамкорлигини қонунийлаштирган эди. 31 август куни улар Саудия Арабистонида доимий котибият ташкил этиш, мудофаа соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш ва жамоавий тийиб туриш қобилиятини мустаҳкамлашга келишиб олишганди.
Маълумотларга кўра, Покистон Теҳронга Саудия томонининг ҳусийларга таъсир ўтказиш ҳақидаги талабини етказган. Шу билан бирга, Покистон манбалари эҳтимолий иштирок мудофаа характерида бўлиши ва кенг минтақавий урушнинг олдини олиш устуворлигини таъкидлаган.
Бу Ар-Риёднинг хавфсизлик соҳасида фақат Ғарбга таяниш моделига қўшимча равишда минтақавий таянч механизмларини шакллантираётганини кўрсатади.
АҚШ: иттифоқ сақланмоқда, автоматик аралашув эса йўқ
АҚШ Саудия хавфсизлик тизимида улкан аҳамиятини сақлаб қолмоқда. Бироқ сентябрь воқеалари Вашингтон ҳар қандай янги можарога автоматик равишда ҳарбий куч билан қўшилмаслигини кўрсатди.
21 сентябрда Яман президенти Рашод ал-Алимий Дональд Трамп билан мулоқотда ҳусийларга қарши АҚШ ёрдамини сўрагани, аммо тўғридан-тўғри ҳарбий ёрдам бўйича ваъда олмаганини хабар қилди. Агентлик Вашингтон аввалроқ Саудиянинг ҳусийларга бевосита зарба бериш ҳақидаги талабларига ҳам розилик билдирмаганини қайд этди.
Шу сабаб АҚШ позициясини «Саудиядан воз кечиш» деб ҳам, «тўлиқ ҳарбий кафолат» деб ҳам аташ аниқ бўлмайди. Бу — танлаб иштирок этиш модели: стратегик ва разведка ҳамкорлиги сақланади, аммо янги йирик урушга кириш сиёсий қарорга боғлиқ.
Хитой: ҳарбий эмас, дипломатик ресурс
Хитойнинг имконияти бошқачароқ. 2023 йилда Пекин Саудия Арабистони ва Эрон ўртасида дипломатик муносабатларни тиклашда воситачи бўлган эди.
2026 йил сентябрида Reuters уч эронлик манбага таяниб, Ар-Риёд Пекиндан ёрдам сўрагани ва Хитой кейинчалик Теҳронни ҳусийларга ўз таъсиридан фойдаланиб кескинликни пасайтиришга хусусий тарзда чақирганини хабар қилган эди.
Бироқ Эрон таъсирини ҳусийларнинг ҳар бир ҳарбий қарори устидан тўлиқ бошқарув деб қабул қилиш нотўғри бўлади. Теҳрон бундай назорат даражасини рад этиб келмоқда. Шунинг учун Хитой Эрон учун эскалациянинг иқтисодий ва дипломатик баҳосини ошириши мумкин, аммо ҳусийлар фаолиятини бир томонлама тўхтатиш кафолатига эга эмас.
Бу ерда Пекиннинг манфаати ҳам аниқ: Яқин Шарқ энергетика ресурслари ва денгиз савдоси Хитой иқтисодиёти учун муҳим. Хитой ТИВ Ямандаги можаронинг Қизил денгизга янада тарқалишини истамаслигини ва халқаро денгиз йўлларининг хавфсизлигини сақлаш зарурлигини расман билдирган.
Прогноз ва хулоса
Ҳозир шаклланаётган геосиёсий вазият Саудияни ҳимоя қилишда бирор мамлакатнинг АҚШ ўрнини эгаллай олишини акс эттирмайди. Аксинча, Саудия Арабистони хавфсизликни диверсификациялаш - бир нечта ташқи ва минтақавий шериклар ўртасида тақсимлашга ҳаракат қилмоқда. Албатта Буюк Британия муайян мудофаа ёрдамини беради; Туркия ва Покистон минтақавий тийиб туриш тизимини кучайтириши мумкин; АҚШ стратегик имкониятларни сақлаб қолган ҳолда бевосита иштирок чегараларини белгиламоқда; Хитой эса Эрон билан дипломатик ва иқтисодий каналлардан фойдалана олади. Франция ҳам Саудия энергетика инфратузилмасини «қатъий мудофаа ёндашуви» асосида хавфсизлаштиришга кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.
Бироқ можаронинг оқибатларини ҳарбий воситалар билан камайтириш мумкин бўлса-да, унинг сиёсий манбасини фақат куч билан йўқотиш қийин. 2022 йилда БМТ воситачилигидаги сулҳ уруш бошланганидан кейинги энг узоқ нисбий тинчлик даврини таъминлаган ва трансчегаравий зўравонликни сезиларли камайтирган эди.
Шу боис асосий хулоса шундай: Саудия Арабистони олдидаги муаммо бир вақтнинг ўзида ҳарбий, дипломатик ва геоиқтисодий хусусиятга эга. Бузғунчи ҳусийлар босими давом этса, Ар-Риёд хавфсизлик алоқаларини янада диверсификация қилиши ва ягона ташқи кафилга қарамликни камайтириши эҳтимол. Аммо узоқ муддатли барқарорлик Боб ал-Мандибни ҳимоя қилиш ёки ҳаво мудофаасини кучайтиришнинг ўзи билан таъминланмайди. Бунинг учун Яманнинг ички сиёсий жараёнини қайта тиклаш, ҳусийларни Эроннинг ёрдамидан мосуво қилиш ва Саудия Арабистони, Эрон ҳамда бошқа минтақавий кучлар ўртасида деэскалация механизмларини ишлатиш зарур. Акс ҳолда ҳар қандай ҳарбий танаффус янги қарама-қаршилик цикли олдидан қисқа муддатли сукут бўлиб қолиши мумкин.
Абулфайз Сайидасқаров
