platina.uz
Жамият

Тошкентда етарлича иситилмаган кўп қаватли уйлар текширилади

Энергия аудити доирасида биноларнинг амалдаги техник ва энергетик ҳолати, иссиқлик йўқотиш манбалари, ташқи деворлар, том ва ертўла қисмлари, эшик ва деразалар, ички иситиш тизимлари, шунингдек, иссиқлик энергиясидан фойдаланиш самарадорлиги ўрганилади.

Тошкентда етарлича иситилмаган кўп қаватли уйлар текширилади

Тошкент шаҳрида кўп квартирали уйда Жаҳон банки мутахассислари иштирокида энергия аудити ўтказиш бошланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар берди.

29 июль куни Тошкент шаҳрида кўп квартирали уйларнинг энергия самарадорлигини ошириш, иссиқлик йўқотишларини камайтириш ҳамда аҳолини барқарор ва сифатли иссиқлик энергияси билан таъминлаш бўйича Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалий ишлар бошланган эди. Шунга мувофиқ, Тошкент шаҳар ҳокимининг уй-жой коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари О.Муминов бошчилигида ўтказилган манзилли ўрганишлар натижасида ўтган иссиқлик мавсумида белгиланган меъёрий талаблар даражасида иситилмаган кўп квартирали уйлар танлаб олинди.

21 сентябрдан бошлаб мазкур уйларда Жаҳон банки мутахассислари кўмагида комплекс энергия аудити ўтказилади. Энергия аудити доирасида биноларнинг амалдаги техник ва энергетик ҳолати, иссиқлик йўқотиш манбалари, ташқи деворлар, том ва ертўла қисмлари, эшик ва деразалар, ички иситиш тизимлари, шунингдек, иссиқлик энергиясидан фойдаланиш самарадорлиги ўрганилади.

Шу билан бирга, хорижий мутахассислар томонидан зарур инструментал ўлчовлар амалга оширилиб, ҳар бир уйда иссиқлик йўқотишларига сабаб бўлаётган асосий омиллар аниқланади ҳамда уларни бартараф этиш бўйича тегишли техник ечимлар ишлаб чиқилади.

Қайд этилишича, энергия аудити натижалари асосида Тошкент шаҳрида кўп квартирали уйларни самарали иситиш методологияси ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Мазкур методологияда биноларнинг техник ҳолати ва энергия самарадорлиги, иссиқлик йўқотиш даражаси ҳамда бошқа техник кўрсаткичларни ҳисобга олган ҳолда кўп квартирали уйларни самарали иситиш бўйича ягона ёндашувлар белгиланади.

“Ишлаб чиқиладиган методология Тошкент шаҳридаги кўп квартирали уйларни энергия самарадорлиги нуқтайи назаридан баҳолаш, модернизация қилиниши лозим бўлган кўп квартирали уйларни аниқлаш, уларда иссиқлик йўқотишларини камайтириш ва энергия тежамкор ечимларни жорий этиш, шунингдек, электр энергияси ва табиий газ ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича манзилли чора-тадбирларни белгилашга асос бўлиб хизмат қилади”, дейилади ҳокимлик хабарида.

Маълумот учун: энергия аудити — фойдаланилган ёнилғи-энергетика ресурслари ва энергия самарадорлиги кўрсаткичлари тўғрисидаги ишончли маълумотларни тўплашга, уларга ишлов беришга ҳамда уларни таҳлил қилишга, шунингдек, хулоса тайёрлашга қаратилган фаолият.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid