Президент келаси йил Қорақалпоғистонга 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш вазифасини қўйди
Оилавий тадбиркорлик кредитлари ставкаси 17,5 фоиздан 12 фоизга туширилади. Келаси йили ресурслар 2 карра оширилиб, Уйчи ва Зарбдор тажрибаси асосидаги “драйвер” лойиҳаларга 100 миллион доллар йўналтирилади. Шу ҳисобдан камида 50 минг одамни даромадли қилиш вазифаси қўйилди.

Тармоқ раҳбарларига Қорақалпоғистонда “хомашё – тайёр маҳсулот – экспорт” занжири асосида лойиҳалар, иш ўринлари ва қўшилган қиймат бўйича аниқ режалар белгилаш топширилди.
Амударё, Беруний, Тахтавкўпир, Кегейли ва Тўрткўлда тўқимачилик ҳамда чарм саноатида камида 150 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилади.
Нукус шаҳри, Нукус тумани ва Қораўзакда электротехника саноатида 200 миллион долларлик, Қораўзак, Бўзатов ва Берунийда энергия тежамкор қурилиш материаллари бўйича 100 миллион долларлик лойиҳалар ташкил этилади.
Нукус шаҳрида автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш бўйича 120 миллион долларлик, Нукус шаҳри, Қонликўл, Кегейли, Чимбой ва Бўзатовда фармацевтика соҳасида 50 миллион долларлик лойиҳалар йўлга қўйилади.
Италиянинг “Bonifika Ferrarizi” компанияси билан Тахтавкўпирда 50 миллион долларлик лойиҳа бошланмоқда. 2 минг гектарда Италия технологияси асосида помидор ва ғалла етиштирилиб, чуқур қайта ишланади ҳамда Европага экспорт қилинади.
15 октябргача ҳар бир туман бўйича “road show”лар ўтказилади. Вилоят ҳокимлари ўз инвесторларини жалб қилиб, 2-3 минг юқори даромадли иш ўрни яратадиган лойиҳаларни бошлайди.
Умуман, келаси йил Қорақалпоғистонга 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш вазифаси белгиланди.
Йиғилишда Қорақалпоғистонни камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Қорақалпоғистондаги 2 минг тадбиркор уч йилда 2 триллион 145 миллиард сўм кредитний вақтида қайтариб, банкларнинг ишончли мижозига айланган. “Мижозни ўстириш” модели асосида яна камида 30-40 минг одамни ишли ва даромадли қилиш имконияти бор.
Ҳудудга масъул банк ишончли мижозлар учун 16 фоиз ставкада 300 миллиард сўмлик кредит линиясини очмоқда. Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси 4 фоизлик қисмини қоплаб бериши ҳисобига тадбиркор учун ставка 12 фоизга тушади.
Қолган 8 та банкка ҳам бир ойда шундай қулай маҳсулотларни ишлаб чиқиш топширилди.
Қорақалпоғистонда оилавий тадбиркорлик кредитлари ставкаси 17,5 фоиздан 12 фоизга туширилади.
Келаси йили ресурслар 2 карра оширилиб, Уйчи ва Зарбдор тажрибаси асосидаги “драйвер” лойиҳаларга 100 миллион доллар йўналтирилади. Шу ҳисобдан камида 50 минг одамни даромадли қилиш вазифаси қўйилди.
Икки йилда бизнес инфратузилмасига 370 миллиард сўм ажратилгани ҳисобига 2 минг 200 та савдо-сервис объекти ишга тушиб, 10 мингга яқин иш ўрни яратилган. Нукус туманидаги Дийқан арна маҳалласида 60 ўринли боғча, футбол ва воркаут майдончалари ташкил этилгани маҳаллага янгича кайфият олиб киргани таъкидланди.
Туман ҳокимларига шу йил иқтисодий ўсиш ва бандликка туртки берадиган яна иккитадан лойиҳа қилиб, 10 минг одамни даромадли қилиш топширилди. Бунинг учун 100 миллиард сўм ажратилиб, бир ҳафтада молиялаштириш очилади.
