platina.uz
Жамият

Янги Тошкент халқаро аэропорти қурилиши сабаб 7 қабристон кўчирилади

Ушбу қабристонларда дафнлар узоқ йиллар аввал тўхтатилган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси 2026 йил 10 апрелда бу бўйича хулоса берган. Унда марҳумлар жасадлари тупроққа айланган бўлиши эҳтимоли мавжуд қабристон ҳудудларидан белгиланган тартибда фойдаланиш мумкинлиги айтилган.

Янги Тошкент халқаро аэропорти қурилиши сабаб 7 қабристон кўчирилади

Тошкент вилоятида Янги Тошкент халқаро аэропорти қуриладиган ҳудудда жойлашган, фаолияти тўхтатилган 7 та қабристон бошқа ҳудудга кўчирилади. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимининг 15 сентябрдаги қарорида маълум қилинди.

Қарорга кўра, кўчириладиган қабристонларнинг иккитаси Қуйи Чирчиқ, бештаси Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган.

Қуйи Чирчиқ туманида
“Сергели” МФЙда жойлашган “Сергели болалар” ва “Корейс” қабристони.

Ўрта Чирчиқ туманида
“Янгийўл” МФЙ ҳудудида жойлашган “Сувон бағиш” ва “Қудойқул” мусулмон қабристонлари, “Қудойқул” ва “Сариктепа” корейс қабристонлари ҳамда “Борис” рус христиан қабристони.

Ушбу қабристонларда дафн ишлари узоқ йиллар аввал тўхтатилган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси 2026 йил 10 апрелда бу бўйича хулоса берган. Унга кўра, марҳумлар жасадлари тупроққа айланган бўлиши эҳтимоли мавжуд қабристон ҳудудларидан белгиланган тартибда фойдаланиш мумкин.
Қабрлар очилганда суяк қолдиқлари аниқланса, улар эҳтиёткорлик билан йиғилиб, бошқа қабристонларга қайта дафн этилади. Кўчириш ишлари санитария-эпидемиология, экологик, архитектура, диний ва жамоатчилик талабларига риоя қилган ҳолда олиб борилади.

Қарорда қабрлар қайси қабристонларга кўчирилиши ҳам белгиланган:

“Сергели болалар” қабристонидан эксгумация қилинган қабрлар “Шардара” қабристонига,
“Корейс” қабристонидан эксгумация қилинган қабрлар Сергели маҳалласидаги рус-корейс қабристонига кўчирилади.

“Сувон бағиш” ва “Қудойқул” мусулмон қабристонларидан эксгумация қилинган қабрлар Янгийўл маҳалласидаги “Зайнаб она” қабристонига қайта дафн этилади.

“Қудойқул” ва “Сариктепа” корейс қабристонлари ҳамда “Борис” рус христиан қабристонидан эксгумация қилинган қабрлар эса Тараққиёт маҳалласидаги корейс қабристонига кўчирилади.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid