BMW`да ЙПХ инспекторини уриб кетган шахс 2,4 йилга қамалди
Дониёр Турғунов 25 февраль куни бировга тегишли BMW автомашинасини автомобил ювиш шохобчасидан олиб чиқиб кетган ва ЙПХ ходими Ҳосилбек Эшназаровни уриб юборганди. Эшназаров шифохонада вафот этганди.

ЙПХ инспекторини автомобилда уриб юбориб, унинг ўлимига сабаб бўлган вояга етмаган шахсга ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари хабар берди.
Миробод туман судида Жиноят кодекси 104-моддаси 3-қисмининг “д” банди бўйича (жабрланувчининг вафотига сабаб бўлган даражада қасддан баданга оғир шикаст етказиш) Дониёр Турғуновга (2010 йилда туғилган, хусусий мактабнинг 10-синф ўқувчиси) нисбатан юритилган жиноят иши юзасидан ёпиқ суд мажлиси ниҳоясига етди.
Суд ҳукми билан судланувчи Жиноят кодексининг қайд этилган моддасида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилиб, унга нисбатан (ЖКнинг 85-моддаси тартибида) 2 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ҳукмга кўра, жазони ўташ муддати судланувчига нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган 2026 йилнинг 27 февраль кундан бошлаб ҳисобланади.
Якунда раислик этувчи томонидан тарафларга ҳукм мазмуни, жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи ҳамда суд ҳукмига нисбатан шикоят қилиш муддати ва тартиблари тушунтирилди.
Таъкидлаш керак, Дониёр Турғунов 25 февраль куни соат 21:30 ларда танишининг опасига тегишли бўлган BMW автомашинасини автомобил ювиш шохобчасидан ходимларни огоҳлантирмасдан олиб чиқиб кетган.
У Миробод тумани Нукус кўчасида ҳаракатланаётганда транспорт оқимини тартибга солиш мақсадида тўхташ ишорасини берган ЙПХ инспектори, кичик сержант Ҳосилбек Эшназаровнинг қонуний талабига бўйсунмаган. Аксинча, бошқа транспорт воситаларини хавфли тарзда айланиб ўтиб, инспекторни қасддан уриб юборган ва воқеа жойидан ҳаракатини давом эттирган. Ҳосилбек Эшназаров эса шифокорларнинг ҳаракатларига қарамасдан вафот этганди.
