Президент Жанубий Корея Миллий Ассамблеяси Спикери билан учрашди
Ўзбекистон ва Корея ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги муносабати билан “парламент дипломатияси” йўналишида бир қатор тадбирлар ўтказишга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида 15 сентябрь куни Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Чо Чжон Шик билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистон – Корея алоҳида стратегик шериклик муносабатларини илгари суришда икки мамлакат парламентлари муҳим ўрин тутаётгани таъкидланди.
Парламентлараро “дўстлик гуруҳлари” фаол иш олиб бормоқда, парламент делегацияларининг мунтазам ташрифлари амалга оширилмоқда, қонун чиқарувчи органларнинг тегишли қўмиталари ўртасида самарали тажриба алмашинуви йўлга қўйилган.

Миллий Ассамблея ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги кўмагида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг иккала палатасида “Электрон парламент” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Олий даражада эришилган, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш бўйича келишувларнинг амалга оширилиши устидан парламент мониторингини таъминлаш мақсадида ўзаро ҳамкорлик механизмини яратиш зарурлиги таъкидланди.
Учрашув якунида 2027 йилда Ўзбекистон ва Корея ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги муносабати билан “парламент дипломатияси” йўналишида бир қатор тадбирлар ўтказишга келишиб олинди.
