Қизириқ ва Жарқўрғон туманлари чегаралари ўзгартирилади
Сенат қарори билан Жарқўрғон тумани ҳудудидан 4 740 гектар ер майдонини Қизириқ тумани таркибига ўтказиш назарда тутилган. Натижада аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиши янада қулай бўлади ва маъмурий масалаларни ҳал этишда ортиқча оворагарчиликлар бартараф этилади.

Сенатнинг 19-ялпи мажлисида Сурхондарё вилоятининг Қизириқ ва Жарқўрғон туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.
Сенат қарори билан Жарқўрғон тумани ҳудудидан 4 740 гектар ер майдонини Қизириқ тумани таркибига ўтказиш назарда тутилмоқда.
Мазкур ҳудудда 4,2 минг аҳоли, 710 та оила истиқомат қилади. Ҳудуд маъмурий жиҳатдан Жарқўрғон туманига қарашли бўлгани учун аҳоли солиқ, коммунал тўловлар, ижтимоий нафақа, пенсия ва бошқа масалалар юзасидан Жарқўрғон тумани марказига мурожаат қилиб келган. Туман марказигача бўлган масофа 18–20 километрни ташкил этади.
Қарор қабул қилиниши натижасида аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиши янада қулай бўлади ва маъмурий масалаларни ҳал этишда ортиқча оворагарчиликлар бартараф этилади.
Шу билан бирга, ҳудуддаги ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш имкониятлари кенгаяди. Хусусан, “Чап тармоқ” каналига 4 та сув насос станцияси ўрнатилиши ҳисобига 500 гектардан ортиқ ер майдонини ўзлаштириш мумкин бўлади.
Сенаторлар ўз чиқишларида Жарқўрғон тумани ҳудудининг бир қисмини Қизириқ тумани таркибига ўтказиш билан бир қаторда, уни аҳоли манфаатлари, бандлик ва ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш нуқтаи назаридан комплекс ривожлантириш муҳимлигига эътибор қаратди.
Шунингдек, Сенат қарори билан Томди тумани ҳудудидан 2 459 гектар ер майдонини Зарафшон шаҳри таркибига ўтказиш назарда тутилмоқда.
Янги ҳудудларни ўзлаштириш натижасида 250 дан ортиқ саноат ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, 90 та ижтимоий соҳа объекти, шунингдек, 500 дан ортиқ савдо-маиший ва хизмат кўрсатиш нуқталарини ташкил этиш режалаштирилган.
Муҳокамадан сўнг Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
