Ўзбекистонда барқарор токенлардан тўлов сифатида фойдаланиш бўйича лойиҳа бошланади
Лойиҳа доирасида HUMO барқарор токенини чиқариш, муомалага киритиш ва сўндириш механизмлари синовдан ўтказилади. 1 HUMO қиймати 1 сўмга тенглаштирилади.

Марказий банк ва Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ўз ваколатлари доирасида HUMO барқарор токенидан тўлов воситаси сифатида фойдаланишни синовдан ўтказиш бўйича пилот лойиҳани амалга оширишни кузатиб боришга киришмоқда.
Лойиҳа Президентнинг 2025 йил 27 ноябрдаги ПҚ–359-сон “Ўзбекистонда молиявий технологиялар соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда ҳамда инновацион тўлов шаклларини янада ривожлантириш мақсадида барқарор токенлардан тўлов воситаси сифатида фойдаланишни синовдан ўтказишга қаратилган.
Лойиҳанинг ҳуқуқий асосини, шунингдек, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Марказий банкнинг қўшма қарори билан тасдиқланган ҳамда Адлия вазирлигида 2026 йил 15 апрелда 3818-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Барқарор токенлар муомаласини тартибга солишнинг махсус ҳуқуқий режими тўғрисида”ги низом ташкил этади.
“HUMO Digital” МЧЖ Марказий банк билан келишилган ҳолда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Лойиҳа доирасида HUMO барқарор токенини чиқариш, муомалага киритиш ва сўндириш механизмлари синовдан ўтказилади.
1 HUMO қиймати 1 сўмга тенглаштирилади, барқарор токенни чиқариш эса Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматли қоғозлари билан таъминланган ҳолда амалга оширилиши назарда тутилган.
Лойиҳа доирасида HUMO барқарор токенини чиқариш ва муомалага киритиш механизмлари, шунингдек, ундан Ўзбекистон ҳудудида товарлар, ишлар ва хизматлар учун тўлов воситаси сифатида фойдаланиш ва улар учун тўловларни қабул қилиш имкониятлари синовдан ўтказилади.
Алоҳида йўналиш сифатида лойиҳа иштирокчиларининг банк, процессинг ва блокчейн инфратузилмаларини HUMO барқарор токенидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун интеграция қилиш назарда тутилган. Лойиҳанинг ҳамкори сифатида крипто-депозитарий, крипто-биржа ва крипто-дўкон фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш учун тегишли лицензияларга эга бўлган “Asterium” АЖ иштирок этмоқда.
Махсус ҳуқуқий режим янги технологик ва молиявий ечимларни назорат қилинадиган тартибга солиш муҳитида синовдан ўтказиш ҳамда уларнинг амалий қўлланилиши, самарадорлиги ва эҳтимолий хатарларини баҳолаш имконини беради. Технология имкониятларини баҳолаш билан бир қаторда, пилот лойиҳа давомида таъминотнинг етарлилиги ва сақланиши, операцияларнинг шаффофлиги, молиявий ва операцион хатарларни бошқариш, ахборот ва киберхавфсизлик, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўз ваколатлари доирасида лойиҳани пул-кредит сиёсати мақсадлари ва инструментларига мувофиқлиги, шунингдек, молиявий ва нархлар барқарорлигига таҳдидлар мавжуд эмаслиги нуқтаи назаридан баҳолайди ва мониторинг қилади. Пилот лойиҳани амалга ошириш махсус ҳуқуқий режим доирасида белгиланган мониторинг тартибига мувофиқ амалга оширилади. Лойиҳани амалга оширишнинг дастлабки муддати 12 ойни ташкил этади ва белгиланган тартибда узайтирилиши мумкин. Бунда лойиҳанинг умумий амал қилиш муддати уч йилдан ошмаслиги лозим.
Лойиҳа якунлари бўйича давлат қимматли қоғозлари билан таъминланган барқарор токен модели қўлланилишининг амалий имкониятлари баҳоланади, у билан боғлиқ хатарлар аниқланади ҳамда Ўзбекистонда рақамли молиявий воситаларни тартибга солиш ёндашувларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Маълумот учун: Барқарор токенлар (stablecoins)
Барқарор токен — қиймати миллий ёки хорижий валютанинг номинал қийматига тенг бўлган таъминланган токен туридир. Мазкур лойиҳа доирасида 1 HUMO қиймати 1 сўмга тенг бўлади. HUMO токенини чиқариш Ўзбекистон Республикасининг давлат қимматли қоғозлари билан таъминланган ҳолда амалга оширилиши назарда тутилган.
Регулятор “қумдони”
Махсус ҳуқуқий режим янги технологик ва молиявий ечимларни синовдан ўтказиш учун назорат қилинадиган тартибга солиш муҳитини англатади. У янги ечимларнинг амалий қўлланилиши ва самарадорлигини баҳолаш, шу билан бирга, эҳтимолий хатарларни аниқлаш имконини беради.
HUMO лойиҳаси айнан шундай махсус режим доирасида амалга оширилмоқда. Бу тартибга солувчи органларга янги моделни амалиётда синовдан ўтказиш жараёнида уни баҳолаш ва мониторинг қилиш имконини беради.
