Ўзбекистон финтехда катта сакрашга тайёрланмоқда: Марказий банк 2030 йилгача мўлжалланган янги стратегияни эълон қилди
Стратегия олтита устувор йўналишни қамраб олади. Улар орасида жадал ривожланувчи финтех экотизимини шакллантириш, рискларга мослашган назорат тизимини такомиллаштириш, минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги финтех маркази сифатидаги мавқеини кучайтириш, илғор технологияларга асосланган молиявий хизматларни кенгайтириш ҳамда ишончли молиявий муҳитни таъминлаш бор.

Ўзбекистон молия бозори янги босқич остонасида турибди. Марказий банк 2026–2030 йилларга мўлжалланган молиявий технологиялар соҳасини ривожлантириш миллий стратегиясини тақдим этди. Ҳужжатда белгиланган мақсадлар амалга ошса, яқин йилларда мамлакатда тўловлар, рақамли идентификация, Open Banking, сунъий интеллект ва финтех компаниялари фаолиятида сезиларли ўзгаришлар юз бериши кутилмоқда.
Янги стратегиянинг энг катта мақсадларидан бири диққатга сазовор: 2030 йил якунига қадар Ўзбекистонни молиявий технологиялар компаниялари учун Марказий Осиёдаги энг мақбул юрисдикциялардан бирига айлантириш кўзда тутилмоқда. Бунда рақамли молия хизматларини аҳоли ва бизнес учун хавфсиз, содда ҳамда кенг қамровли қилиш асосий вазифалар қаторига киритилган.
Стратегия олтита устувор йўналишни қамраб олади. Улар орасида жадал ривожланувчи финтех экотизимини шакллантириш, рискларга мослашган назорат тизимини такомиллаштириш, минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги финтех маркази сифатидаги мавқеини кучайтириш, илғор технологияларга асосланган молиявий хизматларни кенгайтириш ҳамда ишончли молиявий муҳитни таъминлаш бор.
Энг муҳим янгиликлар эса аниқ лойиҳаларда намоён бўлади. Innovation Hub ривожлантирилиши, Regulatory Sandbox 2.0 имкониятлари кенгайтирилиши, Open Banking ва Open Finance механизмлари ҳамда очиқ API стандартлари жорий этилиши режалаштирилган. Рақамли идентификация инфратузилмасини такомиллаштириш ва минтақавий тўлов тизимларининг ўзаро боғлиқлигини кучайтириш ҳам режанинг муҳим қисми ҳисобланади.
Стратегия 2030 йилгача босқичма-босқич амалга оширилади. Дастлаб финтех бозори учун институционал ва технологик асослар яратилади. Кейинги босқичларда рақамли идентификация, тўлов тизимлари интеграцияси, очиқ банкинг, API ва сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришга урғу берилади.
Яна бир муҳим йўналиш — Марказий банк рақамли валютасининг улгуржи шаклини (wCBDC). Унинг алоҳида тақдимот қилиниши Ўзбекистонда рақамли пул инфратузилмасининг янги имкониятлари ҳам ўрганилаётганини кўрсатади. Бироқ тақдим этилган кун тартибида wCBDCни муомалага киритишнинг аниқ санаси кўрсатилмаган. Масъулларнинг айтишича, ҳозир ўрганиш жараёни кетяпти ва у 4-8 йил вақт олиши мумкин.
Маълумот учун, wCBDC (Wholesale Central Bank Digital Currency) — марказий банкнинг улгуржи рақамли валютаси бўлиб, банклар ва бошқа молиявий ташкилотлар фойдаланиши учун мўлжалланган. Аҳоли ва бизнес учун мўлжалланган чакана CBDCдан фарқли равишда, wCBDC асосан банклараро ҳисоб-китоблар, қимматли қоғозлар билан операциялар ва бошқа йирик молиявий транзакцияларни амалга оширишда қўлланилади.
wCBDCнинг асосий вазифалари — ҳисоб-китобларни тезлаштириш, операцион ва ҳисоб-китоб рискларини камайтириш, операциялар шаффофлигини ошириш, шунингдек, токенлаштирилган молиявий активлар бўйича ҳисоб-китобларни қўллаб-қувватлашдан иборат. wCBDC марказий банкнинг мажбурияти ҳисобланади ва криптовалюталардан фарқли равишда, марказлашган эмитентга эга ҳамда миллий валютада ифодаланади.
Анжуманда айтилганидек, кутилaётган натижалар кўлами катта: молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, кичик ва ўрта бизнес учун янги молиявий ечимларни ривожлантириш, рақамли молия хавфсизлигини ошириш, инвестициялар ва инновацион компанияларни жалб этиш режалаштирилмоқда.
Шу тариқа 2030 йилгача бўлган беш йиллик давр Ўзбекистон молия тизими учун жиддий технологик янгиланиш даврига айланиши мумкин. Open Banking, сунъий интеллект, рақамли идентификация ва wCBDC каби йўналишлар энди назарий тушунчалар эмас — улар мамлакат молия тизимини трансформация қилиш кун тартибининг марказига чиқмоқда. Матбуот анжуманида таъкидланганидек, Ўзбекистон яқин келажакда Марказий Осиёнинг финтех марказига айланиши учун барча шароит ҳозирланмоқда.
Абулфайз Сайидасқаров




