Ҳормуз бўғозида йирик экологик инқироз юз берди
Эрон ТИВ вакили "зарар триллионлаб долларга етиши" мумкинлигини айтган. Нефт тўкилиши 3 август куни Уммон кўрфазидаги кемага қилинган ҳужумдан кейин содир бўлгани айтилган.

Ҳормуз бўғозида йирик экологик фалокат рўй берди.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Эсмаил Бағаий ижтимоий тармоқларда Ҳормуз бўғозида кемага қилинган ҳужумдан кейин нефт ифлосланиши Эроннинг Кешм ороли қирғоғига етиб келганини билдирди.
Форс ва Уммон кўрфазидаги нефт тўкилишидан етказилган умумий зарар триллионлаб долларга етиши мумкин.
"Бу воқеа сўнгги ўн йилликлар давомида Форс кўрфази ва Уммон денгизи сувларини, шунингдек, минтақанинг денгиз экотизимини ёмонлаштирган кенг кўламли ифлосланишнинг яққол намунасидир", деб ёзган у.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Ҳормуз бўғозидаги барча халқаро юк ташиш иштирокчилари атроф-муҳитга етказилган зарарнинг олдини олиш ва уни камайтириш учун ҳуқуқий ва ахлоқий жавобгарликка эга эканлигини таъкидлади.
Мавжуд маълумотларга кўра, нефт тўкилиши 3 август куни Уммон кўрфазида кемага қилинган ҳужумдан кейин содир бўлган бўлиши мумкин. Ўшандан бери Minoan Pioneer юк ташувчи кемасининг ёқилғиси катта сув майдонига тарқаб кетди.
