platina.uz
Жаҳон

Ички денгизлар ва бўғозлар жўғрофий қурол сифатида

Эроннинг Ҳормуз бўғозидаги ҳаракатлари каби босим ва куч намойиши прецедентларидан илҳомланган ҳолда, бошқа давлатлар ҳам хавфли хулосага келиши мумкин.

Ички денгизлар ва бўғозлар жўғрофий қурол сифатида
Фотоколлаж: Platina.uz

Геосиёсатдан маълумки, давлатларнинг қудратли ва буюк бўлишидан уларнинг жўғрофий жойлашуви ҳам катта аҳамиятга эга. Табиий ҳимоя нуқталари – тоғлар, уммонлар ва дарёлар, ҳатто иқлим шароитлари ҳам давлатчилик давомийлигига салбий ёки ижобий таъсир қила олади.

Бугунги сиёсий воқеликда эса жўғрофий жойлашув бошқа давлатларга таъсир қила олиш қуроли сифатида майдонга чиқади. Масалан, Амир Темур Самарқанд шаҳрини нафақат унинг иқлими, балки эҳтимолий ҳужумларда дарё ва тоғлар билан ўралган, табиий ҳимояланилгани учун ҳам пойтахт сифатида танлаган. Ҳозирда эса кўпчилик қўшни давлатлар Толибон билан муроса қилишга интилишади – чунки жаҳон океанига чиқишда Афғонистон ҳудудидан ўтиш керак. Ёки Ўзбекистон оралиқ ҳудуд сифатида Марказий Осиё давлатлари, Россия ва Хитой учун жуда муҳим. Афғонистондаги аксилтеррор урушда эса Ғарб коалицияси Термиз ва Қарши (Хонобод) шаҳрида авиабазалар очиб, Ўзбекистондан Афғонистонга ўтувчи жўғрофий-сиёсий қулай ўтиш ҳудуди сифатида фойдаланган. Шу боис АҚШ Ислом Каримов билан муроса қилишга, сўз ва виждон эркинлиги борасидаги эътирозларини юмшатишга мажбур бўлган ва ҳоказо.

Айни кунларда эса Эроннинг Ҳормуз бўғозини ёпиб олиб бутун жаҳон давлатларини шантаж қилаётгани геосиёсий жойлашувнинг ҳарбий ва психологик қуролга айланиши мумкинлигини яна бир бор исботлади. Чунки Ҳормуз бўғозини ёпиш бутун жаҳон иқтисодиётини гаровга олиш билан баробар бўлиб, глобаллашувнинг энг муҳим омилларидан маҳрум қилади. Лекин бошқа давлатлар ҳам географик жойлашувни босим ёки молиявий шантаж воситаси сифатида қўллашни бошласа, нима бўлади?

Зеро, Ҳормуз бўғози – дунё харитасида стратегик аҳамиятга эга бўлган ягона “тор ўтиш нуқтаси” эмас. География нуқтаи назаридан, Ҳормуздан ташқари ҳам иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган бир қанча “тор бўйинлар” мавжуд.

Малакка бўғози

Малакка бўғози орқали дунёдаги денгиз савдосининг қарийб 40 фоизи ўтади. У Индонезия (ғарбида) ҳамда Сингапур ва Малайзия (шарқида) ўртасида жойлашган 900 километрлик стратегик йўлакдир. Илгари бу ерда асосий муаммо қароқчилик эди: ҳар йили тахминан 100 минг юк кемаси шу ердан ўтади. Бироқ инқироз шароитида бўғозни ҳарбий воситалар билан нисбатан осон ёпиш мумкин, бу эса бутун дунё бўйлаб таъминот занжирларини узиб қўяди.

Малакка бўғози Хитой учун энг катта стратегик “Ахиллес товони” – нозик жойи ҳисобланади ва экспертлар буни “Малакка дилеммаси” деб аташади. Бу ердан Хитойга Форс қўлтиғидан энергия ресурслари ҳамда унинг асосий импорт-экспорт йўллари ўтади. Бошқа бўғозлар орқали айланиб ўтиш ёки мумкин эмас (масалан, Зонд бўғози саёзлиги сабабли катта контейнер ташувчи кемалар учун мос эмас), ёки Ломбок бўғози орқали ўтиш каби йўлни тахминан 1000 денгиз милига узайтиради. Бу эса вақт ва харажатларни оширади.

Яқинда Индонезия ҳам Эрондан “илҳом” олишга уриниб кўрди. Индонезия молия вазири Пурбая Юдхи Садева апрел ойида Жакартада бўлиб ўтган конференцияда, Ҳормуздаги каби, ўтиш учун бож жорий этиш эҳтимолини тилга олди. Унинг сўзларига кўра, “даромад Индонезия, Малайзия ва Сингапур ўртасида учга бўлинса, жуда катта маблағ бўлар эди”. Аммо кейинчалик Индонезия ҳукумати бу ғоядан воз кечди.

Боб ул-Мандиб бўғози ва Сувайш канали

Боб ул-Мандиб бўғози ва Сувайш канали Қизил денгизга кириш ва чиқишдаги энг муҳим “тор бўйинлари”ни ташкил қилади ва Европа ҳамда Осиё ўртасидаги асосий денгиз йўлини назорат қилади. Уларнинг қанчалик заиф экани 2021 йилда яққол кўринди: 400 метрлик контейнер ташувчи Ever Given кемаси аварияга учраб, канални олти кунга тўсиб қўйди.

Янада жиддий ҳолат эса Ҳусийлар ҳаракати томонидан амалга оширилган ҳужумлар бўлди. 2023 йил октябридан бошлаб улар Қизил денгизнинг жанубида халқаро кемаларга зарба бериб, икки йил давомида денгиз йўлларини хавф остига қўйди. Бу эса компанияларни Жанубий Африкадаги Яхши Умид бурни орқали анча узоқ ва қиммат йўлдан ўтишга мажбур қилди. Lloyd’s маълумотларига кўра, ҳозир ҳусийлар раҳбарияти ҳам “хавфсиз ўтиш” учун тўлов жорий этиш масаласини муҳокама қилмоқда.

Сувайш канали дастлаб хусусий акциядорлик компанияси томонидан қурилган бўлиб, унинг аҳамияти туфайли 1888 йилги Константинопол конвенциясига мувофиқ нейтрал ҳудуд деб эълон қилинган. Аммо у ҳар икки жаҳон урушида ҳам ҳарбий тўқнашувлар майдонига айланган. Миср мустақилликка эришгач, Буюк Британия билан низо келиб чиқди – Британия стратегик аҳамиятга эга сув йўли устидан назоратдан воз кечишни истамади.

1956 йилда Миср президенти Жамол Абдулносир ушбу канални концессия муддати тугашидан 12 йил олдин миллийлаштирди ва уни куч билан ўз назоратига олди. Бунга жавобан Франция, Буюк Британия ва Исроил Сувайш инқирозини бошлаб, канални Миср назоратидан чиқаришга уринишди. Бироқ АҚШ босими остида улар чекинишга ва қўшинларини олиб чиқишга мажбур бўлди.

Тайван бўғози

Жаҳон иқтисодиёти учун энг катта хавфлардан бири Тайван атрофидаги эҳтимолий можаро билан боғлиқ. АҚШ мудофаа вазирлигининг йиллик ҳисоботига кўра, Хитой яқин йиллардаёқ демократик орол давлати атрофидаги қуролли тўқнашувда устунликка эришиш имкониятига эга бўлишни режалаштирмоқда. 2027 йил яна шу жиҳатдан муҳимки, Си Цзинпин Хитой халқ озодлик армиясининг 100 йиллигини нишонлашни истайди. Тўлиқ миқёсли босқиндан ташқари, экспертлар қуруқликдаги урушсиз сценарийларни, масалан, денгиз блокадаси ёки “карантин”ни ҳам кўриб чиқмоқда

Bloomberg томонидан ўтказилган компютер моделлаштиришларига кўра, Тайван бўғозидаги ҳатто кичик узилиш ҳам жаҳон иқтисодиёти учун оғир оқибатларга олиб келади. Чунки барча контейнер ташувчи кемаларнинг ярмидан кўпи ушбу бўғоз орқали ўтади. 2022 йилда бу ҳажм жаҳон денгиз савдосининг бешдан бир қисмидан зиёдни ташкил этган. Деярли барча денгиз ташув компанияларининг суғурта шартномаларида БМТ хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари ўртасидаги уруш хавфлари истисно қилинади – бундай ҳолатда зарарларни қоплаш автоматик равишда тўхтайди ва амалда денгиз ташувлари тўлиқ тўхтаб қолади.

Босфор ва Дарданелл

Туркия жаҳон озиқ-овқат бозори учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган “тор нуқта”ни назорат қилади. Бир-бирига яқин жойлашган икки бўғоз – Дарданелл бўғози ва Босфор бўғози – Қора денгиз билан океан ўртасидаги ягона денгиз йўли ҳисобланади. Ҳар йили бу йўлдан ўн минглаб кемалар ўтади ва бошқа кўплаб йўллардан фарқли равишда бу ерда муқобил йўналиш мавжуд эмас. Агар ушбу бўғозлар ёпилса, Қора денгиздан чиқадиган денгиз савдоси деярли тўхтаб қолади.

Бу аввало дон маҳсулотларига тегишли. Жаҳон буғдой экспортининг катта қисми Қора денгиз минтақасига тўғри келади: Россия ва Украина 2022 йилгача биргаликда тахминан 30% ни таъминлаган. Ҳозир бу улуш тахминан чорак қисмни ташкил қилади. Деярли барча маҳсулот Туркия бўғозлари орқали экспорт қилинади, айниқса, Шимолий Африка ва Яқин Шарқ давлатлари ушбу таъминотга катта даражада боғлиқ. Агар бу йўл ёпилса, озиқ-овқат танқислиги, сиёсий беқарорлик ва миграция инқирозлари хавфи ортади.

Бу тизимнинг қанчалик нозик экани 2022 йилдаги урушдан кейин аён бўлди: денгиз экспорт йўллари вақтинча ёпилди ва фақат БМТ ҳамда Туркия воситачилигида келишилган “Қора денгиз дон ташаббуси” орқали хавфсиз йўлаклар қайта очилди.

Туркиянинг ушбу йўлни назорат қилиши халқаро ҳуқуққа асосланади. 1923 йилдаги Монтрё конвенцияси Туркиянинг бўғозлар устидан суверенитетини мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, у Босфор ва Дарданеллдан сиёсий босим воситаси сифатида фойдаланишни чеклайди. Ҳужжат тинчлик даврида савдо кемалари учун эркин ўтишни кафолатлайди. Уруш вақтида ҳам, агар Туркия можаро томони бўлмаса, ўтишга рухсат берилади. Агар Анқара ўзи иштирокчига айланса, фақат у билан уруш ҳолатида бўлмаган давлатлар кемаларига ўтиш учун рухсат беради.

Монтрё конвенцияси Туркия олиши мумкин бўлган йиғимларни ҳам тартибга солади. Шу сабабли мамлакат ҳокимияти кўп йиллардан бери Истанбул орқали Босфорга параллел канал қуришни режалаштирмоқда. Бу йўл конвенциянинг ҳуқуқий таъсирига тушмайди ва Анқарага транзит ҳамда тарифлар устидан кўпроқ назорат ўрнатиш имконини бериши мумкин эди. Аммо лойиҳа ҳалигача сиёсий баҳслар туфайли амалга оширилмаяпти.

Эресунн

НАТОга Швеция ва Финляндия қўшилгандан сўнг, Балтика денгизи амалда алянснинг “ички денгизи”га айланди. Қирғоқ чизиғининг тахминан 8000 километридан фақат 700 километри НАТОга кирмайдиган давлат – Россияга тегишли. Швеция ва Дания эса Балтикага ягона денгиз кириш нуқтаси бўлган Эресунн бўғозини назорат қилади.

Балтика денгизи ва Эресунн минтақавий савдо, айниқса, Россия учун муҳим аҳамиятга эга. Калининград – Россиянинг ғарбидаги ягона музламайдиган бандаргоҳи, Приморск ва Уст-Луга портлари эса (Украина зарбаларигача) Россия нефти денгиз экспортининг ярмини таъминлаган ва табиий газ экспортида ҳам қўлланилган.

Инқироз шароитида Эресунни Россия кемалари учун ёпиш жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бироқ Швеция ва Дания эркин савдо ва халқаро ҳуқуқ тартибини қўллаб-қувватлагани сабабли, ҳозирча ушбу бўғоз орқали ўтиш учун тўлов жорий этиш режалари мавжуд эмас.

Гибралтар

Гибралтар бўғози Ўрта ер денгизига киришни назорат қилади. Яъни Қора денгиз ва Ўрта ер денгизидан Атлантика океанига, Шимолий ва Жанубий Америкага ҳамда Африканинг ғарбий соҳилларига олиб борувчи денгиз йўллари ҳам шу тор жойдан ўтади. Шу сабабли турли денгиз давлатлари доимо Гибралтар устидан назорат ўрнатишга интилган – бу бўғоз устида жойлашган баланд қоя ва катта тоғ билан машҳур стратегик нуқтадир.

1704 йилдан буён Буюк Британия Гибралтарни назорат қилади, демак, бўғознинг камида шимолий қисми унинг қўлида. Бу эса Испания норозилигига сабаб бўлиб келмоқда, чунки у ушбу стратегик ҳудудни қайтариб олишни истайди. Иккинчи жаҳон уруши даврида бу тор нуқта фашист Германияси ва иттифоқчилар ўртасидаги сувости кураши майдонига айланган.

Ҳозирча бўғоз орқали ўтишни пуллик қилиш ёки уни ёпиш бўйича режалар йўқ. Аммо инқироз ҳолатида НАТО учун Гибралтар бўғозини назорат қилиш ва шу орқали эҳтимолий душман кучларнинг Ўрта ер денгизи ҳамда Атлантикага киришини чеклаш муҳим аҳамият касб этади.

Панама канали

Панама канали Европа иқтисодиёти учун нисбатан камроқ аҳамиятга эга бўлса-да, Шимолий ва Жанубий Америка учун ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бу икки қитъа соҳиллари ўртасидаги ягона денгиз савдо йўли ва Осиёдан Америка қитъаларининг шарқий соҳилларига товарлар етказишдаги энг муҳим маршрутдир. Президентлик фаолияти бошида Доналд Трамп канални хусусийлаштириш ғоясини бир неча бор кўтарган, чунки у илгари АҚШ томонидан қурилган. Ушбу йўлнинг юқори стратегик аҳамияти сабабли Вашингтонни айниқса Хитойнинг канал ҳудудидаги таъсири ортиб бораётгани безовта қилади.

Бу ерда гап фақат савдо ҳақида эмас, балки зарур ҳолларда АҚШ ҳарбий кемаларини Осиё ёки Атлантика томон тезда кўчириш имконияти ҳақида ҳам кетмоқда. Сувайш канали каби, Панама канали ҳам табиий эмас, инсон томонидан яратилган сув йўли ҳисобланади, шунинг учун халқаро ҳуқуқ ундан ўтиш учун тўлов олишга рухсат беради.

1977 йилда АҚШ ва Панама ўртасидаги шартнома канални АҚШдан Панамага ўтказиш тартибини белгилади. Эвазига Панама каналининг сиёсий нейтраллигини сақлаш мажбуриятини олди. Канал фақат 1999 йилда тўлиқ Панама суверенитетига ўтди.

Панама каналидан ўтадиган денгиз йўллари

Хулоса

Кўриниб турибдики, глобал фаровонлик ва жаҳон иқтисодиёти барқарорлиги кўп жиҳатдан кам сонли “тор нуқталар” – стратегик бўғозлар ва каналлар орқали эркин денгиз ҳаракатига боғлиқ. Ана шу йўллар орқали энергия ресурслари ва товарларнинг катта қисми ўтади.

Нефт неъмати муҳим, аммо уни ташиш жараёнида “тор нуқталар”нинг аҳамияти ҳам катта

Бу тор ўтиш нуқталари нафақат товар ва энергетик ресурслар учун ўтиш йўли, уларнинг остидан интернет ва алоқа кабеллари ҳам ўтган. Ҳозирда Эрон шу симларни узиб ташлаш билан шантаж қилмоқда.

Энг ёмони, Эроннинг Ҳормуз бўғозидаги ҳаракатлари каби босим ва куч намойиши прецедентларидан илҳомланган ҳолда, бошқа давлатлар ҳам хавфли хулосага келиши мумкин: денгиз “артериялари” устидан назорат – бу нафақат хавфсизлик воситаси, балки кучли сиёсий ва иқтисодий босим қуролидир. Натижада, локал можаролар тизимли инқирозларга айланади, чунки кемалар ҳаракатига қўйилган чекловлар геосиёсий ўйиннинг бир қисмига айланади.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid