Қашқадарёда турли мақсадлар 55,7 миллиард сўм маблағ ажратилади
“Насаф” профессионал футбол клубининг молиявий фаолиятини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар учун 10 миллиард сўм берилади. Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги ҳарбий-маъмурий секторни ривожлантириш жамғармасига ҳам 10 миллиард сўм йўналтирилади.

Қашқадарёда турли мақсадлар 55,7 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашининг 2026 йил 28 июлдаги қарори билан вилоят маҳаллий бюджетининг йил бошидаги эркин қолдиқ маблағлари ҳамда 2026 йил биринчи чорак даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан жами 55 миллиард 771,8 миллион сўм маблағни турли йўналишларга ажратиш маъқулланди.
Қарорга кўра, маҳаллий бюджетнинг 2026 йил бошидаги эркин қолдиғидан 33 миллиард 271,8 миллион сўм, биринчи чорак даромадлар режасининг ортиғи билан бажарилган қисмидан эса 22 миллиард 500 миллион сўм йўналтирилади.
Эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган энг йирик лойиҳа Нишон туманининг “Байналминал” маҳалласи ҳудудида қурилиши режалаштирилган тўртта етти қаватли кўп квартирали уй учун ташқи оқова сув тармоқларини барпо этиш ҳисобланади. Мазкур лойиҳа учун 6 миллиард 828,1 миллион сўм ажратилади.
Шаҳрисабз тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Оқдарё ва Қорадарё бўйидаги соғломлаштириш йўлакларини ободонлаштириш, нуронийлар маскани, хиёбонлар ва болалар ўйингоҳларини қуришга 4 миллиард 177 миллион сўм йўналтирилади.
Қашқадарё вилояти Педагогика маҳорат марказининг ўқув ва ётоқхона биносини капитал таъмирлашга 3 миллиард 315,2 миллион сўм, Қарши шаҳридаги Қўғирчоқ театри биносида қурилиш-тиклаш ишларини якунлаш ва объектни фойдаланишга топширишга 3 миллиард сўм ажратилади.
Кўп квартирали уйларнинг том қисмлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва мукаммал таъмирлаш ишларига 2 миллиард 869 миллион сўм, Ғузор туманидаги 2-сонли мактабнинг иситиш қозонхонасини таъмирлашга 2 миллиард 145,8 миллион сўм йўналтирилади.
Қарши шаҳрининг “Шерқулов” маҳалласидаги уйларнинг иссиқлик тизимини таъмирлаш учун 1 миллиард 619 миллион сўм ажратилади. Шаҳрисабз туманидаги агротуризм комплекси яқинидаги эскирган сув насослари ва трансформаторларни янгисига алмаштиришга 1 миллиард 552 миллион сўм, туманда бетон ҳовуз қуриш, насос биносини жиҳозлаш, насос, электр двигатель ва трансформатор ўрнатишга 1 миллиард 97 миллион сўм сарфланади.
Вилоят ҳокимлигининг техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларига 2026 йилнинг учинчи ва тўртинчи чоракларида ҳар ойлик иш ҳақига қўшимча устама тўлаш учун 1 миллиард 425 миллион сўм ажратилади. Вилоят ҳокимлигининг “Қабуллар уйи” давлат муассасаси техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлари учун худди шу мақсадда яна 1 миллиард 20 миллион сўм йўналтирилади.
Қарши туманидаги “Абу Муин Насафий” мажмуасини бошқариш ва ободонлаштириш дирекцияси ходимларининг учинчи чоракдаги иш ҳақига 118 миллион сўм, вилоят Кураш федерацияси ходимларининг учинчи чорак иш ҳақига 377,8 миллион сўм ажратилади.
2025–2026 ўқув йилида “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг вилоят босқичида ғолиб бўлган таълим муассасаларига жами 600 миллион сўм мукофот пули берилади. Биринчи ўринни эгаллаган Муборак туманидаги 28-мактабга 250 миллион сўм, иккинчи ўриндаги Косон туманидаги 9-мактабга 200 миллион сўм, учинчи ўриндаги Қарши шаҳридаги 1-мактабга 150 миллион сўм ажратилади.
Ғузор туманидаги қоракўлчилик хўжаликларига тегишли яйловларда режалаштирилган ўнта суғориш қудуғи бўйича гидрологик, экологик ва экспертиза хулосалари ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш учун 547,1 миллион сўм йўналтирилади.
Вилоятда наслчилик ва сунъий уруғлантириш ишларини ривожлантириш учун 154 дона дюар идиши ҳамда 54 дона техник осеменатор сумкасини сотиб олишга 865 миллион сўм ажратилади.
Чироқчи туманидаги “Соҳил бўйи” мастер-режа ҳудудининг йўл инфратузилмасини яхшилаш объектлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертиза хулосаларини олишга 500 миллион сўм сарфланади.
Вилоят ҳокимлигининг учрашувлар ўтказиладиган мажлислар залига мебель ва трибуна сотиб олиш учун 90,4 миллион сўм ажратилади. Вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармасида “Ситуацион марказ” фаолиятини ташкил этиш, жумладан, иш станцияси, кўп функсияли принтер, узлуксиз қувват манбаи ва интерактив доска харид қилишга 282 миллион сўм йўналтирилади.
Чироқчи, Китоб ва Касби туманлари ҳокимликлари учун мебель жиҳозлари сотиб олиш натижасида юзага келган қарздорликни қоплашга 558,4 миллион сўм ажратилади.
Вилоят буджетининг республика буджети олдидаги ссуда ва фоиз қарздорлигини қоплаш учун 65 миллион сўм, Ўзбекистон футбол ассотсиатсиясининг вилоят бўлими 2026 йил учинчи чорак харажатлари учун 220 миллион сўм йўналтирилади.
Маҳаллий бюджетнинг 2026 йил биринчи чорак даромадлар режасини ошириб бажарилган қисми ҳисобидан ажратиладиган 22 миллиард 500 миллион сўм учта йўналишга сарфланади.
Жумладан, “Насаф” профессионал футбол клубининг молиявий фаолиятини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар учун 10 миллиард сўм ажратилади. Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги ҳарбий-маъмурий секторни ривожлантириш жамғармасига ҳам 10 миллиард сўм йўналтирилади.
Вилоятдаги 284 та тез тиббий ёрдам автомобильи учун радиостанциялар, 16 та база ретранслятори, бешта стационар ҳамда бешта портатив транкингли радиостанция сотиб олишга 2 миллиард 500 миллион сўм ажратилади.
Қарорга кўра, вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси маблағларнинг белгиланган тадбирларга ўз вақтида молиялаштирилишини таъминлайди. Вилоят ғазначилик бошқармаси ажратиладиган маблағлар бўйича шартномаларни рўйхатдан ўтказади ва харажатларнинг белгиланган тартибда амалга оширилишини назорат қилади.
Вилоят ҳокимлигининг ички аудит хизматига маблағларнинг мақсадли ва самарали сарфланиши устидан назорат ўрнатиш вазифаси юклатилган. Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга кириши белгиланган.
