platina.uz
Жамият

“Яшил шаҳар” ёндашувининг яна бир натижаси: Чўлпон маҳалласида баҳсли қурилиш бекор қилинди

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева шахсан назорат қилаётган пойтахтда яшил ҳудудлар ва очиқ жамоат майдонларини сақлаш сиёсати Чўлпон маҳалласидаги қарорда ҳам ўз ифодасини топди. Бир йилдан ортиқ вақтдан буён баҳсларга сабаб бўлиб келган қурилиш лойиҳаси бекор қилиниб, ҳудуд аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда қайта ободонлаштириладиган бўлди.

“Яшил шаҳар” ёндашувининг яна бир натижаси: Чўлпон маҳалласида баҳсли қурилиш бекор қилинди

Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги Чўлпон маҳалласида қурилиши режалаштирилган кўп қаватли уй лойиҳаси расман бекор қилинди. Қурилиш учун қазилган котлован кўмилди, тўсиқлар олиб ташланди. Энди ҳудуд аҳоли таклифлари асосида болалар ва спорт майдончаси ҳамда яшил ҳудуд сифатида қайта ташкил этилади.

Мазкур қарор оддий бир қурилишнинг тўхтатилиши эмас. У сўнгги вақтларда Тошкентда ҳар бир ҳудудни, энг аввало, одамлар учун қулай қилиш, яшил ҳудудлар ва болалар майдончаларини сақлаб қолиш ҳамда аҳоли фикрини инобатга олган ҳолда ривожлантиришга қаратилган ёндашувнинг яна бир амалий кўриниши бўлди.

Пойтахтда яшил ҳудудларни сақлаш, янги истироҳат боғлари барпо этиш, болалар ва спорт майдончаларини ривожлантириш ҳамда одамлар учун қулай шаҳар муҳитини шакллантириш Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева томонидан шахсан назорат қилинаётган устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.

Хусусан, 24 июль куни Президент администрацияси раҳбари Тошкент шаҳрида мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, пойтахтга «яшил шаҳар» мақомини қайтариш, одамлар мазмунли ҳордиқ чиқариши ва сайр қилиши учун кўпроқ очиқ майдонлар яратиш, кўкаламзорлаштириш ишларини изчил давом эттириш ҳамда мавжуд инфратузилмадан самарали фойдаланиш бўйича қатор топшириқлар берган эди.

25 июль куни Яшнобод тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонқулов маҳаллага келиб, бу ерда қурилиш бўлмаслигини маълум қилди. Орадан икки кун ўтиб, берилган ваъда амалда ҳам ўз тасдиғини топди — котлован кўмилди, тўсиқлар олиб ташланди ва ҳудудни аҳоли таклифлари асосида ободонлаштириш ишлари бошланди.

Шу тариқа, бир йилдан ортиқ вақт давом этган баҳсга нуқта қўйилди. Энди мазкур ҳудудда кўп қаватли уй эмас, балки болалар майдончаси, футбол майдони ва яшил ҳудуд барпо этилади. Бу эса Тошкентда шаҳар муҳитини ривожлантиришда аҳоли манфаати, яшил ҳудудларни асраш ва очиқ майдонларни сақлаб қолишга устувор аҳамият берилаётганини яна бир бор кўрсатди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid