platina.uz
Жамият

Айрим ҳудудларда электр бўйича мажбурий чеклов жорий этилди

Ўзбекистон ягона энергетика тизимида ёзги мавсум учун суткалик электр энергияси истеъмоли 16 июл куни 291 млн кВт соатни ташкил этиб, янги рекорд қайд этилди. 

Айрим ҳудудларда электр бўйича мажбурий чеклов жорий этилди

Июл ойининг ўрталарида кузатилаётган аномал иссиқ фонида электр энергияси истеъмоли ҳам, ишлаб чиқариш ҳажми ҳам тарихий рекорд даражага етди.

Хусусан, Ўзбекистон ягона энергетика тизимида ёзги мавсум учун суткалик электр энергияси истеъмоли 16 июл куни 291 млн кВт соатни ташкил этиб, янги рекорд қайд этилди. Бу ўтган йилги ёзги мавсумда қайд этилган энг юқори кўрсаткичдан 18,4 миллион кВт·соатга ёки 6,7 фоизга кўп.

Шунингдек, 2026 йил 16 июль куни суткалик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ҳам 295,4 млн кВт·соатни ташкил этиб, янги рекорд ўрнатилди. Бу 15 июлда қайд этилган 291,4 млн кВт·соатлик кўрсаткичдан 4 млн кВт·соатга ёки 1,37 фоизга кўпдир.

Аномал иссиқ туфайли очиқ ҳавода жойлашган электр узатиш тармоқлари ва ускуналари меъёрий иш ҳароратидан анча юқори даражада қизийди. Бунга қўшимча равишда, айниқса кундузги вақтларда электр энергияси истеъмолининг кескин ошиши тармоқлардаги юкламани янада кучайтиради.

Оддий қилиб айтганда, қуёш таъсирида ташқаридан қизиган кабель ва ускуналар бир вақтнинг ўзида минглаб кондиционерлар, музлаткичлар, совитиш ускуналари ҳамда бошқа электр жиҳозлари ишлаши сабаб ичкаридан ҳам қизийди. Бу эса уларнинг ишдан чиқиши ёки аварияга сабаб бўлиши хавфини оширади.

Шундай вазиятларда энерготизимда йирик носозликларнинг олдини олиш мақсадида диспетчерлик хизматлари электр узатиш тармоқлардаги юкламани камайтириш чораларини кўради.

Жумладан, айрим электр узатиш тармоқларида юклама критик даражага яқинлашганда, ускуналарни ҳимоя қилиш мақсадида айрим ҳудудлар қисқа муддатга электр таъминотидан узиб турилиши мумкин. Бу электр қурилмаларининг ишдан чиқиши, ёниб кетиши ҳамда таъмирлаш ишлари кунлаб давом этадиган йирик аварияларнинг олдини олиш учун зарур чорадир.

Электр тармоқларида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни тезкор бартараф этиш мақсадида ҳудудларда туну кун фаолият юритаётган махсус авария бригадалари ташкил этилган. Улар юзага келаётган носозликларни имкон қадар қисқа муддатда бартараф этмоқда.

Шунингдек, энерготизимда кенг кўламли аварияларнинг олдини олиш мақсадида айрим ҳудудларда қисқа муддатли мажбурий чекловлар жорий этилиши бугунги шароитда муҳим ва зарур чорадир. Ушбу вақтинчалик ноқулайликлар келгусида янада йирик узилишларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Айрим ҳудудлардаги электр узатиш тармоқларида ўта юклама юзага келишининг олдини олиш мақсадида қисқа муддатли мажбурий чеклов (2 соат) жорий этилди.

Хусусан, Қашқадарё вилоятининг Кўкдала ва Чироқчи туманларидаги 1750 та истеъмолчи, Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов ва Зомин туманларидаги 1200 та истеъмолчи, Хоразм вилоятининг Шовот, Гурлан ва Қўшкўпир туманларидаги 1 300 та истеъмолчи, Тошкент вилоятининг Тошкент ва Зангиота туманларидаги 1000 та истеъмолчи вақтинча электр таъминотидан узилди.

"Электр энергиясидан оқилона ва тежамкор фойдаланишингизни сўраймиз. Ҳар биримиз қатъий тежамкорликка амал қилиб, зарурат бўлмаган ҳолларда электр жиҳозларидан фойдаланишни чеклаш орқали тизимдаги ортиқча юкламанинг, авариялар ва узилишларнинг олдини олишга муносиб ҳисса қўшишимиз мумкин", дейилади вазирлик хабарида.

Аномал иссиқ шароитида айрим тармоқларда юзага келаётган носозликлар ҳудудларда фаолият юритаётган махсус бригадалар томонидан тезкорлик билан бартараф этилмоқда.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid