Тошкент ва Қашқадарёда мансабдорлар пора билан ушланди
Муборак тумани электр таъминоти корхонаси бошлиғи ўринбосари қарзни камайтириб бериш эвазига 17 млн сўм олган.

Тошкент ва Қашқадарёда коррупцион ҳолатларга чек қўйилди.
Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси мансабдор танишлари орқали “Тошкент шаҳар саноат зоналарини бошқариш дирекцияси” ДМ балансидаги ер майдонидан жорий йилда фойдаланиши учун маҳаллий МЧЖ ва ўзи фаолият юритаётган бошқарма ўртасида ижара шартномасини расмийлаштириб, ижара ҳақини камайтирган ҳолда, МЧЖнинг 2025 йилдаги қарздорлигини тугатиб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент вилояти бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда бош мутахассис сўралган пул маблағини олган вақтида ушланди.
Қашқадарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса Муборак тумани электр таъминоти корхонаси бошлиғи ўринбосари жиноят ишлари бўйича мазкур туман судида маҳаллий фуқарога нисбатан электр тармоғига ноқонуний уланиш ҳолати бўйича кўрилаётган жиноят ишида фуқаровий даъвогар бўлгани ҳолда, корхона манфаатларига етказилган 103 млн сўм зарарни қайта ҳисоблаб, танишлари орқали 34 млн сўмга камайтириб берганлигини айтган.
Ушбу “хизмат”и эвазига мансабдор шахс фуқародан 17 млн сўм талаб қилиб, пулларни турмуш ўртоғи орқали олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
