Бангкокдаги барда ёнғин: 27 киши ҳалок бўлди
Яна 63 киши жароҳат олди, улардан 22 нафари оғир аҳволда. Ёнғиннинг дастлабки сабаби қисқа туташув экани айтилди.

Бангкокдаги машҳур барда содир бўлган ёнғинда 27 киши ҳалок бўлди.
Яна 63 киши жароҳат олди, улардан 22 нафари оғир аҳволда. Ёнғин 13 июл куни кечқурун Чатучак туманидаги На Ладпрао барида содир бўлган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, саҳна яқинидаги ёруғлик тугмачасидан тутун чиқа бошлаган. Кейин портлаш содир бўлган ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, электр узилиб қолган.
Аланга тезда шифт безаклари орқали тарқалиб, бир неча дақиқа ичида бутун барни қамраб олган. Ваҳимага тушган кўплаб одамлар ёнғин чиқиш жойлари жойлашган барнинг орқа томонига югуришган, аммо қочиб қутула олмаган.
Ўт ўчирувчиларга ёнғинни назорат қилиш учун ярим соатча вақт керак бўлган.
Бангкок Табиий офатларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш департаменти маълумотларига кўра, ёнғиннинг дастлабки сабаби қисқа туташувдир.
Чатучак бозори - Бангкокда жойлашган Таиланддаги энг йирик очиқ бозор. Унда 15 000 дан ортиқ дўконлар мавжуд бўлиб, уларда сиз сувенирлардан тортиб кўча таомларигача бўлган ҳамма нарсани топишингиз мумкин.
