АҚШда Мустақиллик байрамини нишонлаш пайтида юз берган отишмаларда камида 6 киши ҳалок бўлди
Ўнлаб кишилар жароҳат олди. Ҳалок бўлганлар орасида болалар ва ўсмирлар ҳам бор эди.

АҚШнинг турли шаҳарларида Мустақиллик кунини нишонлаш пайтида содир бўлган отишмаларда камида олти киши ҳалок бўлди. Шунингдек, ўнлаб одамлар жароҳат олди.
Бу ҳақда NBC News хабар берди.
Ню-Йоркнинг Бруклин туманидаги Кони ороли маҳалласида қора ниқоб кийган эркак шанба куни кечқурун оилавий тадбирда қатнашаётган одамларга қарата ўт очди ва натижада камида саккиз киши, жумладан, тўрт бола яраланди.
Шунга ўхшаш ҳодисалар Индиана, Калифорния, Миссури ва Огайо штатларида ҳам қайд этилди. Ҳалок бўлганлар орасида болалар ва ўсмирлар ҳам бор эди. Флоридада Пенсаcола марказида содир бўлган отишмада 19 ёшли йигит ҳалок бўлди ва яна олти киши яраланди.
Индианада бир нечта отишмалар натижасида бир аёл ва 10 ёшли бола ҳалок бўлди, саккиз нафар катталар яраланди.
Шунингдек, Миссурида 17 ёшли йигит отишмада ҳалок бўлди ва яна икки 16 ёшли йигит ўқ жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди.
