Бухорода мурожаатларни кўришда камчиликка йўл қўйган ходимлар жазоланди
Икки нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилган, бир нафар ходим лавозимидан озод этилган, йигирма беш нафар ходимга ҳайфсан берилган.

Бухоро вилоятида Президент Халқ қабулхонаси томонидан аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича 2026 йилнинг биринчи ярим йиллик якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Қайд этилганидек, вилоят аҳолисидан Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига 2026 йил январ-июн ойларида жами 21,6 мингта мурожаат келиб тушган (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 фоизга кам).
Мурожаатларни кўриб чиқишда камчиликка йўл қўйган:
-2 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилган;
-1 нафар ходим лавозимидан озод этилган;
- 1 нафар ходим жарима жазосига тортилган;
-25 нафар ходимга ҳайфсан берилган;
-56 нафар ходим расман огоҳлантирилган.

Йиғилишда ярим йиллик якунлари муҳокама қилинди, туман-шаҳарларда мурожаатлар билан ишлаш ҳолати кенг таҳлил қилинди.
Туманларда сайёр ва шахсий қабуллар тизимли ташкил қилингани эътироф этилди.
Мажлисда барча ҳокимлар, ҳудудий давлат идоралари ва ташкилотлари раҳбарларига ушбу масалалардаги камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Шунингдек, йиғилишда ташкилий масала ҳам кўрилди. Президент Халқ қабулхонаси бошлиғи Бухоро Халқ қабулхонаси мудири ўринбосари этиб тайинланган Фируза Ибрагимовани йиғилиш иштирокчиларига таништирди.
