Зарафшон дарёси ёнидан ўтган темир йўл линияси ўпирилиб кетди
Тоғли ҳудудларида кузатилган кучли ёғингарчиликлар натижасида Зарафшон дарёсида сув оқими кескин кучайган. Мазкур гидрологик ҳолат сўнгги 20 йил давомида кузатилмаган, дейилади расмий изоҳда.

Зарафшон дарёси ёнидан ўтган темир йўл линияси ўпирилиб кетди. "Ўзбекистон темир йўллари" ҳолатни изоҳлади.
Айтилишича, жорий йилнинг 3 июль куни Самарқанд вилояти Тайлоқ тумани ҳудудидан ўтувчи “Самарқанд – Ургут” темир йўл участкасининг маълум қисмига шикаст етган.
Сўнгги кунларда Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикасининг тоғли ҳудудларида кузатилган кучли ёғингарчиликлар натижасида Зарафшон дарёсида сув оқими кескин кучайди. Бунинг оқибатида дарё қирғоқларни ювиб кетиб, айрим ҳудудларда ўзан йўналиши ўзгарди.
Ҳодисага Зарафшон дарёсида сув сарфининг меъёрий 80–100 м³/с ўрнига кескин ошиб, 300 м³/с гача етгани сабаб бўлди. Натижада дарё ўзани темир йўлга яқин ҳудудларда 30–40 метргача кенгайиб, ўзанга яқин жойлашган темир йўлнинг маълум қисмига зарар етди. Мазкур гидрологик ҳолат сўнгги 20 йил давомида кузатилмаган.
Айни пайтда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида дарё қирғоқларини харсанг тошлар билан мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда. Ишларга 15 та махсус техника жалб этилган. 30 та думпкар вагон орқали харсанг тошлар етказиб берилди. Шунингдек, зарур қурилиш материаллари юкланган яна 130 та думпкар вагон ҳудудга йўналтирилди.
Ҳозирда темир йўл қатновини имкон қадар қисқа муддатда тўлиқ тиклаш ҳамда поездлар ҳаракатининг узлуксизлигини таъминлаш бўйича барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, дея таъкидланади ммуносабатда.
