Тошкент шаҳри аҳолиси шикоят қилаётган асосий масалалар маълум қилинди
Пойтахт аҳолисидан Президент виртуал ва Халқ қабулхоналарига раҳбарлар шахсий қабулига ёзилиш бўйича 1 343 та мурожаат келиб тушган.

Тошкент шаҳрида 2026 йилнинг январ–май ойлари давомида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳолати таҳлилий ўрганилди.
Ўрганишларга кўра, 2026 йил 1 июн ҳолатига Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига Тошкент шаҳри аҳолисидан жами 48,3 мингта мурожаат келиб тушган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,7 фоизга кўп.
Мазкур даврда энг кўп мурожаатлар қуйидаги йўналишларга тўғри келган:
- алимент, қарз ундириш ва ижро иши юритишга оид масалалар — 5,4 мингта;
-ҳуқуқбузарлик, фирибгарлик ҳамда суриштирув-тергов ҳаракатлари бўйича — 5,2 мингта;
- хизматчилар фаолияти ва хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ масалалар — 3,2 мингта;
- нафақа тайинлаш, моддий ёрдам ажратиш ва пенсияга оид масалалар — 2,7 мингта;
- бошқарув сервис компаниялари фаолиятига оид масалалар — 2 мингта;
- кредитлар, банк пластик карталари, банкоматлар ва тўлов тизимлари бўйича — 1,9 мингта;
- йўл ҳаракати қоидалари бузилганини расмийлаштириш, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга оид масалалар — 1,3 мингта.
Таҳлиллар шаҳар ташкилотлари томонидан мурожаатлар билан ишлашда айрим камчиликлар сақланиб қолаётганини кўрсатди. Хусусан, январь–май ойларида Тошкент шаҳри аҳолисидан 5282 та такрорий мурожаат келиб тушган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 142 фоизга кўп.
Фуқаролар билан етарли даражада манзилли ишланмагани оқибатида 2779 нафар фуқаро 3 мартадан 10 мартагача, 265 нафар фуқаро 10 мартадан 25 мартагача, 65 нафар фуқаро эса 25 мартадан ортиқ мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Бундан ташқари, 42 та мурожаат қонунчиликда белгиланган муддатларда кўриб чиқилмагани аниқланди.
Жумладан:
- Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси — 13 та;
- Тошкент шаҳар ҳокимлиги — 12 та;
- Давлат кадастрлари палатасининг Тошкент шаҳар бошқармаси — 4 та;
- Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси — 4 та;
- Тошкент шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси — 3 та;
- Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси — 2 та;
- Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси — 2 та;
- Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси — 1 та;
- Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Тошкент шаҳар бошқармаси — 1 та.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига қонунчиликда белгиланган муддатларда кўриб чиқилмаган мурожаатлар бўйича тегишли чоралар кўриш топшириғи берилди.
Тошкент шаҳри аҳолисидан Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига раҳбарлар шахсий қабулига ёзилиш бўйича 1 343 та мурожаат келиб тушган.
Шундан:
Бош прокурор қабули – 175 та
Тошкент шаҳар ҳокими (ўринбосари) қабули – 92 та
Олий суд раҳбарияти қабули – 76 та
Мурожаатлар сонининг ортиши жойларда ҳал этилиши мумкин бўлган масалалар ўз вақтида кўриб чиқилмаётгани, фуқаролар билан манзилли мулоқот етарли даражада йўлга қўйилмагани ҳамда мурожаатлар ижроси юзасидан аниқ ва тўлиқ маълумот берилмаётгани билан изоҳланади.
Натижада, жойларда ечим топмаган муаммолар сабаб Тошкент шаҳрида яшовчи 1 772 нафар фуқаро Президент Халқ қабулхонасига келиб 3 364 та масала юзасидан мурожаат қилган.
Туман ҳокимлари қабуллари қандай ўтди?
Жорий йилнинг 1–22 июнь кунлари Тошкент шаҳридаги туман ҳокимлари (ўринбосарлари) томонидан Халқ қабулхоналарида 196 та шахсий қабул ўтказилиши режалаштирилган.
Бироқ улардан 118 таси ўтказилмаган.
Туманлар кесимида:
- Бектемир — 14 тадан 11 таси
- Мирзо Улуғбек — 22 тадан 17 таси
- Миробод — 15 тадан 10 таси
- Олмазор — 16 тадан 14 таси
- Сергели — 16 тадан 14 таси
- Учтепа — 15 тадан 7 таси
-Юнусобод — 16 тадан 6 таси - Яккасарой — 18 тадан 9 таси
- Янгиҳаёт — 18 тадан 2 таси ўтказилмаган.
Чилонзор (15 та) ва Яшнобод (13 та) туманларида режалаштирилган бирорта ҳам шахсий қабул ўтказилмаган.
Фақатгина Шайхонтоҳур тумани режалаштирилган 17 та шахсий қабулнинг барчасини тўлиқ ўтказган.
