Ҳокимларга Қамаши тажрибаси асосидаги янгича лойиҳалашни ўрганиш топширилди
Франция ва Буюк Британия компаниялари ишлаб чиққан янгича лойиҳалаш ёндашуви асосида Қамаши туманида 4 минг хонадонли “Янги Ўзбекистон” массиви қурилиши бошланган. Мазкур лойиҳада тўлиқ энергия тежамкор маҳаллий маҳсулотлар ишлатилади.

Юртимизда ҳар йили ўртача 65 минг якка тартибдаги уй-жойлар қурилмоқда, яна 200-250 минг хонадон таъмирланяпти.
“Очиқ айтиш керак, ҳали кўпчилик энергия тежамкор материалларнинг афзалликлари ҳақида етарлича хабардор эмас”, – деди Президентимиз.
Хонадонларни иситишнинг ўзига иқтисодиётдаги жами газ истеъмолининг 20 фоизи, электр энергиясининг эса 11 фоизи сарфланмоқда. Агар уйнинг фасад ва том қисми иссиқлик сақловчи материал билан қопланса, энергия тежамкор ойна қўйилса, энергия сарфи 30 фоизгача камаяди.
Бу борада Франция ва Буюк Британия компаниялари ишлаб чиққан янгича лойиҳалаш ёндашуви асосида Қамаши туманида 4 минг хонадонли “Янги Ўзбекистон” массиви қурилмоқда.
Энг муҳими, мазкур лойиҳада тўлиқ энергия тежамкор маҳаллий маҳсулотлар ишлатилиб, таннарх камида 20 фоизга арзон тушади, уйни иситиш-совитиш харажатлари 30 фоизга қисқаради.
Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига Қамаши тажрибаси асосидаги янгича лойиҳалаш ёндашувини ўрганиш топширилди. Жорий йил Янги Ўзбекистон қиёфаси олиб кириладиган 33 та туман ва шаҳардаги кўп қаватли уй-жойлар қурилиши фақат шундай ёндашув асосида амалга оширилиши белгиланди.
Хонадонларни қуриш ва таъмирлашда энергия тежамкор материалларга ўтиш бўйича тавсияларни ишлаб чиқиб, 19 мингта қурилиш корхонасига ушбу тавсияларни, “яшил таъмир” лойиҳаси бўйича бериладиган имтиёзлар ҳақидаги маълумотларни қурилиш бўлаётган ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадонга етказиш вазифаси қўйилди.
