Тошкентда турли соҳалар учун 21 млрд сўмдан ошиқ пул ажратилади
Тошкент шаҳар Илғор касбий маҳорат техникуми ходимларининг иш ҳақи, коммунал ва таъминот харажатлари учун 2,1 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади.

Тошкентда турли соҳаларни ривожлантириш ва ободонлаштириш ишларига 21 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилади.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан 2026 йил 24 июнда пойтахт бюджетининг қўшимча манбалари ҳамда мақбуллаштирилган маблағлари ҳисобидан йирик миқдордаги маблағларни йўналтириш бўйича қарор қабул қилинди.
Тошкент шаҳридаги 22 та касбий таълим муассасасига Буюк Британиянинг нуфузли Pearson BTEC халқаро таълим дастурини жорий этиш ва тегишли лицензия олиш учун 2 миллиард сўм ажратилади.
Тошкент шаҳар Илғор касбий маҳорат техникуми ходимларининг иш ҳақи, коммунал ва таъминот харажатлари учун 2,1 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади.
Республика мусиқа ва санъат техникуми ҳудудида алоҳида қозонхона ўрнатиш ва иссиқлик тизимини таъмирлашга 1,9 миллиард сўмдан ортиқ маблағ берилади.
Шунингдек, техникумлар учун 60 дона электрон доска харид қилишга 1,3 миллиард сўмдан зиёд пул ажратилади.
Тошкент шаҳар Спорт бошқармасига шаҳар терма жамоаси аъзоларини ўқув-машқ йиғинларига юбориш, мусобақаларда иштирокини таъминлаш ва ғолибларни тақдирлаш учун 2,2 миллиард сўм берилади. Тошкент шаҳар Футбол ассоциацияси ходимларининг 2-ярим йиллик иш ҳақи ва таъминоти учун 1,4 миллиард сўм, Ўзбекистон давлат мусиқали комедия (оперетта) театрининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга эса 500 миллион сўм йўналтирилади.
Алоҳида аҳамиятга эга кўчалар ва марказий майдонларни ободонлаштириш бошқармаларига лола пиёзлари сотиб олиш учун жами 2,2 миллиард сўмдан ошиқ маблағ берилади.
Бектемир туманига 1,3 миллиард сўмдан ортиқ, қолган туманлар ободонлаштириш бошқармаларига эса ҳудудга экиладиган манзарали дарахт кўчатлари сотиб олиш учун тегишли миқдорда маблағлар тақсимлаб берилади.
Ажратилган маблағларнинг қатъий равишда мақсадли сарфланиши устидан Давлат молиявий назорат инспекцияси Тошкент шаҳар бошқармаси назорат олиб боради.
