platina.uz
Мақола

Сайловлар ўтди, муаммолар бошланди

Буюк ўзбек адиби Алишер Навоий айтганидек, “икки кеманинг бошини тутган – ғарқ бўлади”. Бироқ айрим сиёсатчилар бунинг уддасидан чиқишига ишонади. Пашинян ҳам шундай ўйлаётган бўлса ажаб эмас.

Сайловлар ўтди, муаммолар бошланди

Парламент сайловларидан кейин Арманистон Ғарб билан интеграция жараёнларига янада жиддийроқ киришиб бормоқда. Жумладан, бу ерда НАТО давлатлари қўшинлари иштирокидаги Eagle Partner-2026 ҳарбий машғулотлари бошланди. Машғулотларда АҚШ, Франция ва Греция ҳарбий хизматчилари иштирок этяпти.

Асосий мақсадлар нима?

Расмий маълумотга кўра, тинчликпарварлик операциялари доирасида халқаро миссияларда иштирок этувчи бўлинмаларнинг ўзаро мувофиқлик даражасини ошириш, бошқарув ва тактик алоқа соҳасида илғор тажрибалар алмашиш, Арманистон тинчликпарвар бўлинмаларининг тайёргарлигини такомиллаштириш - машғулотларнинг асосий мақсадларидир.

Арманистон Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, машғулотларда Арманистон томонидан тинчликпарвар бригадасининг 250 нафар ҳарбий хизматчиси иштирок этади. АҚШ томонидан Европада ва Африкада жойлашган Қўшма Штатлар қуруқлик қўшинларининг 58 нафар ҳарбийси ҳамда Канзас миллий гвардияси вакиллари қатнашади. Шунингдек, Франция ва Греция қуролли кучлари мос равишда 24 ва 11 нафар иштирокчини Арманистонга юборади.

Таъкидлаш керак, Арманистон ва АҚШ ҳарбийлари турли форматларда мунтазам равишда қўшма машғулотлар ўтказиб келади. 2024 йил декабрь ойида Арманистон мудофаа вазири Сурен Папикян армян-америка мудофаа ҳамкорлигида Арманистон қуролли кучларини трансформация қилиш ҳамда АҚШ армияси билан ўзаро ҳамкорлик даражасини оширишга қаратилган йўналишларни устувор деб атаган эди.

Унинг таъкидлашича, бу йўналишларга ҳарбий таълим, жанговар тайёргарлик, халқаро тинчликпарвар миссияларда иштирок доирасидаги машғулотлар, профессионал сержантлар ва инструкторлар малакасини ошириш, шунингдек Арманистон қуролли кучларининг ўқув-машқ салоҳиятини ривожлантириш киради.

Бундан ташқари, Арманистон билан НАТО давлатлари ўртасида 2005 йил декабрь ойида имзоланган Индивидуал ҳамкорлик режаси амал қилиб келмоқда. Ушбу дастурда иштирок этиш Арманистон учун минтақавий хавфсизлик бўйича НАТО билан мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказишни, хавфсизлик стратегиясини ишлаб чиқишни, Арманистоннинг ҳарбий доктринасини такомиллаштиришни, мудофаа ва бюджет режалаштириш жараёнларини яхшилашни ҳамда бошқа масалаларни назарда тутади.

2024 йил март ойида НАТОнинг ўша пайтдаги бош котиби Йенс Столтенберг Арманистон ва НАТО янги ҳамкорлик дастури бўйича келишувга яқинлашганини маълум қилган эди.

Россия ҳар доимгидек норози

Арманистоннинг НАТО билан биргаликда ўтказаётган ҳарбий машғулотлари Ереваннинг КХШТдаги аъзолигини музлатиб қўйгани фонида афсус уйғотади. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова 18 июнь куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Бу баёнот айнан ўша куни КХШТ бош котиби Таалатбек Масадиков Арманистон ташкилот бюджетига уч йилдан бери бадал тўламаётганини айтганидан кейин янгради. Унинг сўзларига кўра, амалда Арманистон КХШТ фаолиятида деярли иштирок этмаяпти, бироқ юридик жиҳатдан ташкилот аъзоси бўлиб қолмоқда. Қарздорлик масаласи Қозон шаҳрида бўлиб ўтган ташкилот Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида муҳокама қилинган.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян КХШТдаги иштирокини музлатиш ҳақида 2024 йил апрель ойида маълум қилган эди. 2026 йил июнь ойида эса у ташкилотдан чиқишни кейинги «мантиқий қадам» деб атади ва агар Арманистонни ташкилотдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинса, Ереван бу ҳолатни «инобатга олишга мажбур бўлишини» билдирди.

Пашинян қачонгача “икки кеманинг бошини тутмоқчи”?

Буюк ўзбек адиби Алишер Навоий айтганидек, “икки кеманинг бошини тутган – ғарқ бўлади”. Бироқ айрим сиёсатчилар бунинг уддасидан чиқишига ишонади. Пашинян ҳам шундай ўйлаётган бўлса ажаб эмас.

Парламент сайловларида овоз берганидан сўнг Пашинян мамлакат келажагини қандай кўриши ҳақидаги саволга жавоб бериб, Арманистон бундан кейин ҳам Россия ва Европа Иттифоқи билан муносабатларда мувозанатли ташқи сиёсат олиб боришини таъкидлаган эди.

Бош вазирнинг фикрича, ҳатто Арманистон Европа Иттифоқига аъзо бўлмаса ҳам, агар мамлакат Европа стандартларига мос келса, барибир ютуққа эришади. Шунингдек, у Арманистонни ЕОИИ аъзолигидан маҳрум қилиш мумкин эмаслигини таъкидлади, чунки мазкур тузилмада барча қарорлар консенсус асосида қабул қилинади.

Пашинян Арманистоннинг айрим товарларини Россияга экспорт қилиш бўйича жорий этилган чекловларни «оддий ишчи масалалар» деб баҳолади. Унинг таъкидлашича, ЕОИИ бўйича ҳамкор давлатлар «бироз нотўғри йўл тутмоқда» ва ўз баёнотлари билан Арманистонда Иттифоқнинг ижобий имижини мустаҳкамлаш ўрнига, аксинча, унинг нуфузини пасайтиришга хизмат қилмоқда.

Россия билан муносабатлар ҳозирча сақлаб қолинади

Россия билан муносабатларга тўхталган Пашинян улар ўзаро ҳурмат асосида қурилганини ва мустаҳкам институционал пойдеворга эга эканини таъкидлаган эди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги таранглик «сунъий хусусиятга эга». Пашинян яна бир бор сайловлардан кейин Москвага ҳамда дунёнинг бошқа бир қатор пойтахтларига ташриф буюриш ниятида эканини маълум қилди.

Яқинда эса - Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан кейин ҳукуматда журналистларга берган баёнотида, Пашинян 6–7 август кунлари Қирғизистонда бўлиб ўтадиган Евроосиё иқтисодий иттифоқи Ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этишини айтди. Бу эса Пашинян ҳозирча янги уй қурилмасдан туриб эски уйни бузишга шошилмаётганини англатади.

Ереванда ҳаммаёқ тинч эмас

Сайловларда Пашинян партияси ғалаба қозонган бўлса-да, кўпчилик овозини қўлга кирита олмади — партия 49,7 фоиз овоз тўплади. Бу эса Пашинян ҳукуматни мустақил равишда шакллантира олмаслигини англатади. У Россияга мойил мухолифат билан ҳисоблашишга мажбур бўлади. Мухолифат эса аллақачон фаол ҳаракатларни бошлаб юборди.

Жумладан, аҳоли қўллаб-қувватловини қозониш мақсадида армян мухолифати кенг кўламли митинг ўтказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Кучли Арманистон» партияси раҳбари Самвел Карапетян маълум қилди. Аммо у митингнинг аниқ санасини ҳозирча очиқламаган.

Бундан аввал Карапетян мамлакатда мухолифат кучларини бирлаштириш жараёни бошланганини ва ҳамкорликда ишлаш зарурлигини таъкидлаган эди. У мувофиқлаштирувчи кенгаш тузиш, тўғридан-тўғри эфирлар ўтказиш ҳамда жамиятдаги мавжуд муаммоларни очиқ муҳокама қилишни таклиф қилди.

«Сайловларгача кўплаб мухолифат кучлари билан келишувга эриша олмаган эдик. Шунинг учун бугунги бирлашув мамлакатимиз ва халқимиз учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга», — деди у маҳаллий ОАВга берган интервьюсида.

Бироқ Арманистон бош вазири Никол Пашинян янги парламент сайловлари ўтказилиши эҳтимолини қатъий рад этди.

«Албатта, йўқ. Биз янги сайловлар ўтказишни режалаштираётганимиз йўқ», — деди у журналистларга мамлакатдаги сайлов жараёни сохталаштирилгани ҳақидаги мухолифат айбловларига муносабат билдирар экан. Шунингдек, у Карапетяннинг мухолифат кучларини бирлаштириш ва сайловдан кейинги коалиция тузиш ҳақидаги баёнотига ҳам изоҳ берди.

«Бирлашув анча аввал содир бўлган. Фақат халқ хафа бўлмаслиги учун бу ҳақда эълон қилинмаган эди», — деди Пашинян.

Эслатиб ўтамиз, 17 июнь куни Пашинян рақибларини «мақсадли тарзда тор-мор қилиш» нияти ҳақида баёнот берган эди. Кейинчалик у «тор-мор қилиш» деганда уларнинг сиёсий таъсирини нол даражага туширишни назарда тутганини таъкидлади.

Европа сари йўл: Пашинян учун осон бўлмайди

2025 йилда Арманистон ҳукумати мамлакат мустақиллиги тарихидаги Европа интеграцияси йўлидаги энг жиддий қадамни ташлади.

Парламент Европа Иттифоқига аъзо бўлиш жараёнини бошлаш ҳақидаги қонунни қабул қилди. Бироқ Ереван ҳозирча расман номзод давлат мақомини олмаган ва аъзолик бўйича расмий ариза ҳам тақдим этилмаган.

Бош вазир Никол Пашинян ҳам бир неча бор бу узоқ ва мураккаб жараён эканини, у кўп йилларни талаб қилиши мумкинлигини таъкидлаган.

Россиянинг геосиёсий қаршилиги

Арманистоннинг Европа Иттифоқига қўшилиши йўлидаги асосий ташқи тўсиқ Россияга бўлган қарамлик бўлиб қолмоқда.

Арманистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) аъзоси ҳисобланади. Бу тузилма ягона божхона макони ва мувофиқлаштирилган савдо сиёсатини назарда тутади. Шу билан бирга, Европа Иттифоқига тўлақонли аъзо бўлиш Европа божхона ва савдо қонунчилигини қабул қилишни талаб этади. Россия раҳбарияти эса Европа Иттифоқи ва ЕОИИга бир вақтнинг ўзида аъзо бўлиш мумкин эмаслигини аллақачон маълум қилган.

Бундан ташқари, Россия Арманистон иқтисодиётига бир неча соҳалар орқали сезиларли таъсир кўрсатиб келмоқда. Энергетика сектори, меҳнат муҳожирлари юборган пул ўтказмалари, савдо ва инвестициялар ва транспорт инфратузилмаси шулар жумласидандир.

Европа Иттифоқи томон кескин бурилиш Москва томонидан иқтисодий босимга сабаб бўлиши мумкин. 2025–2026 йиллардаёқ Арманистоннинг айрим товарларига нисбатан савдо чекловлари жорий қилинди. Бу эса Европа Иттифоқини армян экспортини қўллаб-қувватлаш чораларини муҳокама қилишга мажбур қилди.

Россия бозорига иқтисодий қарамлик

Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик кенгайиб бораётганига қарамай, Арманистон иқтисодиёти ҳамон Россия бозори билан чамбарчас боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Европа Иттифоқи Арманистоннинг муҳим савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Бироқ Арманистон ташқи савдосида унинг улуши Россия ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан иқтисодий алоқаларнинг умумий ҳажмига нисбатан анча пастдир. Қолаверса, Европадаги рақобат Арманистон экспорти учун жиддий тўсиқ бўлиши мумкин.

Шунингдек, Европа стандартларига ўтиш учун Арманистон бир неча вазифаларни амалга оширишига тўғри келади.

Масалан, савдо оқимларини қайта шакллантириш, ишлаб чиқаришни Европа Иттифоқи талабларига мослаштириш, техник тартибга солиш тизимини ислоҳ қилиш, Россия энергетика ресурсларига қарамликни камайтириш керак бўлади.

Бундай трансформация катта молиявий ресурсларни талаб қилади ва қисқа муддатли иқтисодий йўқотишлар билан бирга кечиши мумкин.

Ҳал этилмаган хавфсизлик масалалари ва Озарбайжон билан нозик муносабатлар

Европа Иттифоқи анъанавий равишда ҳудудий ёки сиёсий можаролари тўлиқ ҳал этилмаган давлатларни қабул қилиш масаласида жуда эҳтиёткор ёндашади.

Тоғли Қорабоғ устидан назорат йўқотилганидан кейин вазият нисбатан камроқ можароли тус олган бўлса-да, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар ҳамон таранглигича қолмоқда.

Ҳозирга қадар якуний тинчлик шартномаси, давлат чегарасини делимитация қилиш, транспорт коммуникациялари, чегараолди ҳудудлар аҳолиси хавфсизлиги масалаларини ҳал қилиш долзарб бўлиб турибди.

Европа Иттифоқининг кўплаб давлатлари учун Жанубий Кавказда барқарор тинчлик ўрнатилиши Арманистоннинг аъзолик бўйича аризаси илгарилашида муҳим шартлардан бири ҳисобланади.

Кенг кўламли ички ислоҳотлар зарурати

Европа Иттифоқига аъзоликка номзод мақомини олиш учун Арманистон “Копенгаген мезонлари”га жавоб бериши лозим.

Бунинг учун аввало, суд тизимининг ҳақиқий мустақиллиги таъминланиши керак.

Шунингдек, коррупцияга қарши кураш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат институтларини мустаҳкамлаш, давлат бошқаруви шаффофлигини ошириш, рақобатбардош иқтисодиётни ривожлантириш соҳаларида ҳам жиддий ўзгаришлар талаб этилади.

Гарчи Арманистон 2018 йилги сиёсий воқеалардан кейин демократлашув соҳасида сезиларли ютуқларга эришган бўлса-да, Европа институтлари мамлакатда янада чуқур ислоҳотлар ўтказиш зарурлигини таъкидлаб келмоқда.

Номзод мақомининг йўқлиги

Арманистоннинг Европа Иттифоқи томон ҳаракатланиш ҳақидаги сиёсий қарори автоматик равишда аъзолик музокараларининг бошланишини англатмайди.

Жараён одатда қуйидаги босқичлардан иборат бўлади:

1. Расмий ариза топшириш.

2. Номзод давлат мақомини олиш.

3. Европа Иттифоқи қонунчилигининг 35 та бўлими бўйича музокараларни бошлаш.

4. Ҳар бир бўлим бўйича мажбуриятларни бажариш.

5. Аъзолик шартномасини Европа Иттифоқига аъзо барча давлатлар томонидан ратификация қилиш.

Болқон мамлакатлари тажрибаси шуни кўрсатадики, мазкур жараён ўнлаб йилларга чўзилиши мумкин. Масалан, айрим давлатлар 10–15 йил аввал номзод мақомини олган бўлса-да, ҳозиргача Европа Иттифоқининг тўлақонли аъзосига айланган эмас.

Европа Иттифоқининг ўзидаги «кенгайишдан чарчоқ»

Европа Иттифоқига аъзо барча давлатлар ҳам ташкилотнинг янада кенгайишини бир хил даражада қўллаб-қувватламайди.

Айн пайтда Украина, Молдова, Грузия (сиёсий шароитлар ўзгарган тақдирда), Ғарбий Болқон мамлакатлари Европа Иттифоқига кириш эшиги олдида “депсиниб турибди”.

Чекланган ресурслар ва мураккаб халқаро вазият шароитида айрим Европа давлатлари ҳукуматлари янги кенг кўламли кенгайиш йўналишини очишдан кўра, аллақачон номзод мақомига эга мамлакатларга устувор аҳамият беришлари мумкин. Бу эса Арманистоннинг Европа Иттифоқига аъзолик бўйича аризаси илгарилашини сезиларли даражада секинлаштириши мумкин.

Географик омил

Арманистон Европа Иттифоқи билан умумий чегарага эга эмас ва амалда Жанубий Кавказдаги ярим изоляцияланган давлат ҳисобланади.

Туркия билан чегаранинг ҳозирча ёпиқлиги ҳамда Озарбайжон билан мураккаб муносабатлар савдо алоқалари ва умумевропа бозорига интеграциялашув учун муайян логистик чекловларни юзага келтиради.

Қолавреса, Европа Иттифоқи экспертлари мамлакатнинг транспорт жиҳатидан боғланганлик даражаси ҳамон асосий тизимли муаммолардан бири бўлиб қолаётганини мунтазам таъкидлаб келишади.

Хулоса

Барча жиҳатларни умумлаштирадиган бўлсак, бугунги кунда Арманистоннинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши йўлидаги асосий тўсиқ - Брюсселдаги расмий процедуралардан кўра кўпроқ қуйидаги уч омилнинг бирлашуви ҳисобланади.

Бу омиллар - Россияга иқтисодий ва энергетик қарамлик, минтақавий хавфсизлик муаммолари ҳамда Озарбайжон билан муносабатлар ва чуқур ички ислоҳотларни амалга ошириш ва миллий қонунчиликни Европа Иттифоқи меъёрларига мослаштириш зарурати тимсолида намоён бўлади.

Кўпчилик таҳлилчиларнинг баҳолашича, ҳатто Пашинян ҳукумати ҳозирги Европага йўналган сиёсий йўналишини сақлаб қолган тақдирда ҳам, Арманистоннинг Европа Иттифоқига эҳтимолий аъзолиги бир неча йил эмас, балки камида бир-икки ўн йиллик истиқбол масаласи ҳисобланади.

Яқин истиқболда эса тўлақонли аъзоликни тезда қўлга киритишдан кўра, Европа сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий механизмларига босқичма-босқич интеграциялашув анча реал мақсад сифатида кўринмоқда.

Ва ниҳоят муҳим бир омилни ҳам ёддан чиқармаслик керак: бугун Пашинян ва унинг партияси Арманистонни Европа сари етаклаяпти. Бироқ эртага ҳукумат тепасига келадиган кучлар учун бу мақсад устуворлигини йўқотиши ҳам мумкин. Худди ЕИга йўналган Грузияда россияпараст ҳукумат тепага чиқиб олиб, Европа билан интеграция жараёни тўхтатилгани каби.

Лекин Пашинян яна беш йил ҳукуматни бошқаради. Агар оқилона иш тутилса, шу беш йил ҳам мамлакат ички ва ташқи сиёсатида кескин трансформациялар ясаш учун етарли бўлиши мумкин.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid