Арманистон Москва ва Брюссел ўртасида: Кавказнинг келажаги учун кураш. Нега Россия ва Арманистон ўртасидаги эски иттифоқ эврилишга учраяпти?
Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Россия Арманистоннинг асосий ташқи ҳамкори бўлиб қолди. Бунинг сабаблари аниқ эди. Туркия билан чегаранинг ёпиқлиги, Озарбайжон билан давом этаётган можаро, денгизга чиқиш имкониятининг йўқлиги, ўз мудофаа ресурсларининг чекланганлиги муқобил вариант йўқ, дейиш учун асос эди. Бироқ 2020 йилги Қорабоғ уруши бу тасаввурни ўзгартирди.

Бир вақтлар Россиянинг энг яқин иттифоқчиси бўлган Арманистон энди икки йўл орасида қолди: Москва билан тарихий боғлиқликми ёки Брюссел билан янги имкониятларми? Ереваннинг қарори нафақат мамлакат тақдирини, балки бутун Жанубий Кавказдаги кучлар мувозанатини белгилаши мумкин.
Эврилишлар даври
Бир неча йил олдин Арманистоннинг ташқи сиёсий танлови ҳақида савол беришнинг ўзи ғалати эди. Москва Ереванни собиқ совет ҳудудидаги энг ишончли иттифоқчиларидан бири деб биларди. Арманистон эса Россияни Жанубий Кавказдаги асосий хавфсизлик кафолатчиси сифатида қабул қиларди. Бугун эса бу тизим жиддий ўзгаришларга юз тутмоқда.
Россия расмийларининг НАТО Арманистонни КХШТ (ОДКБ) иттифоқчиларидан «узоқлаштиришга ҳаракат қилмоқда» деган баёнотлари, Европа Иттифоқининг Москва билан алоқаларни бузишга уринишда айблашлар, Россия фуқароларига нисбатан эҳтимолий виза муносабатлари, Россия томонидан ЕИ билан яқинлашув оқибатлари ҳақидаги огоҳлантиришлар ва, шу билан бирга, Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг муқобил йўллар излаш зарурлиги ҳақидаги фикрлари шуни кўрсатмоқдаки, масала оддий дипломатик келишмовчиликдан анча кенгроқ кўламга эга. Бу аслида — мамлакатнинг стратегик келажаги учун курашдир.
Ҳозир Арманистон икки хил модел - Россиянинг хавфсизлик ва иқтисодий интеграция модели ҳамда Европа Иттифоқининг сиёсий модернизация ва ташқи алоқаларни диверсификация қилиш модели ўртасида қолмоқда.
Хўш, Арманистон Россия таъсир доирасидан бутунлай чиқишга ҳаракат қиляптими ёки Европа йўналишидан Москва билан муносабатларда янги шартларга эришиш учун восита сифатида фойдаланяптими?
Бурилиш нуқтаси: нега Ереван муқобил йўлларни излай бошлади?
Арманистон ва Россия ўртасидаги бугунги инқирозни сўнгги йиллардаги воқеаларсиз тушуниш қийин.
Маълумки, Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Россия Арманистоннинг асосий ташқи ҳамкори бўлиб қолди. Бунинг сабаблари аниқ эди. Туркия билан чегаранинг ёпиқлиги, Озарбайжон билан давом этаётган можаро, денгизга чиқиш имкониятининг йўқлиги, ўз мудофаа ресурсларининг чекланганлиги муқобил вариант йўқ, дейиш учун асос эди. КХШТдаги аъзолик ва Москва билан стратегик ҳамкорлик Арманистон учун миллий хавфсизлик асоси сифатида қараларди.
Бироқ 2020 йилги Тоғли Қорабоғ уруши бу тасаввурни ўзгартирди. Озарбайжон Туркия ёрдами билан биринчи Қорабоғ урушида йўқотилган ҳудудларнинг катта қисмини қайтариб олди. Россия воситачи сифатида қатнашди ва тинчликпарвар кучларини жойлаштирди, аммо Арманистон жамиятида Москва ўз иттифоқчисини ҳимоя қила олмади ёки буни истамади деган фикр кучайди.
2023 йил сентябрда Озарбайжон Қорабоғ устидан назоратни тўлиқ ўрнатганидан кейин вазият янада кескинлашди. Шундан сўнг минглаб арманлар ҳудудни тарк этди. Москва нуқтаи назаридан бу — халқаро ҳуқуқ масаласи эди: Қорабоғ расман Арманистон таркибига кирмаган. Кўплаб арманлар учун эса бу — миллий хавфсизлик ва халқ тақдири масаласи эди. Айнан шу ерда Россиянинг ҳуқуқий ёндашуви билан Арманистоннинг сиёсий кутилмалари ўртасида катта фарқ пайдо бўлди.
КХШТ: Ереван назарида “ўз вазифасини бажара олмаган иттифоқ”
Арманистон ва Россия муносабатларидаги инқирознинг асосий рамзларидан бири — Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бўлди. Арманистон мамлакат ҳудудига таҳдид юзага келган тақдирда иттифоқчилар бирдамлик кўрсатишини кутган эди. Бироқ Озарбайжон билан чегарадаги тўқнашувлардан кейин Ереван ташкилот ўз вазифасини бажармаганини билдирди. Бош вазир Никол Пашинян амалда шундай саволни қўйди: агар иттифоқ хавфсизликни таъминламаса, унинг нима кераги бор?
Москва эса вазиятга бошқача қарайди. Россиянинг КХШТдаги доимий вакили Василий Васильев НАТО давлатлари ва айрим Ғарб мамлакатлари Арманистонни иттифоқчиларидан «узоқлаштиришга» ҳаракат қилаётганини билдирди. Унинг таъкидлашича, бу жараён, жумладан, қўшма ҳарбий машғулотлар орқали амалга оширилмоқда. Россия нуқтаи назаридан бу фақат Арманистон ташқи сиёсатининг ўзгариши эмас, балки Ғарбнинг стратегик муҳим ҳудуддан Россияни сиқиб чиқаришга уринишидир.
Арманистон нуқтаи назаридан эса гап Ғарбни Россия ўрнига танлаш ҳақида эмас, балки аввалги хавфсизлик тизимига ишонч сусайганидан кейин янги кафолатлар излаш ҳақида кетмоқда.
Европа Иттифоқи: модернизация имконияти ёки геосиёсий лойиҳа?
Арманистон ташқи сиёсатидаги энг катта янги омил — Европа йўналишининг кучайишидир. Ереван Европа Иттифоқи билан муносабатларни чуқурлаштириш, ЕИга яқинлашиш ва ҳатто келажакда аъзолик имкониятини кўриб чиқиш жараёнини бошлади.
Никол Пашинян ҳукумати учун Европа йўли бир нечта мақсадни англатади. Ташқи сиёсатда мустақилликни кучайтириш, янги инвестицияларни жалб қилиш, давлат институтларини ислоҳ қилиш, Россияга бўлган бир томонлама боғлиқликни камайтириш - шундай мақсадлар сирасига киради. Арманистон раҳбариятининг асосий далили қуйидагича: Арманистон ўз ҳамкорларини танлаш ҳуқуқига эга бўлиши керак! Бироқ бу жараён ортида мураккаб геосиёсий ҳақиқат бор.
Тан олиш керак, Европа Иттифоқи Россиянинг барча функцияларини тезда алмаштира олмайди. Европа ҳозирги вазиятда инвестициялар, технологиялар, иқтисодий ислоҳотлар, сиёсий қўллаб-қувватлашни таклиф қилиши мумкин холос. Бу билан у қисқа муддатда Россия бозори ва энергетикаси, кўп йиллик иқтисодий алоқалар, шаклланган хавфсизлик тизими ўрнини боса олмайди:
Москва Брюсселнинг мақсадларига қандай қарайди?
Россия Европа Иттифоқининг Арманистонга нисбатан сиёсатини фақат иқтисодий ҳамкорлик сифатида кўрмайди. Москванинг фикрича, ЕИнинг асосий мақсади — Арманистонни Россия таъсир доирасидан чиқаришдан иборат. Россия томони Арманистоннинг Европа билан яқинлашуви жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлаяпти.
Россия ташқи разведка хизмати ҳам Брюссел Еревандан Россия бизнесининг стратегик тармоқлардаги иштирокини камайтириш ва гуманитар алоқаларни қисқартиришни талаб қилаётганини билдирган. Москванинг фикрича, Европа Арманистонга катта сиёсий ваъда бермоқда, аммо бу йўлдаги иқтисодий йўқотишларни тўлиқ қоплай олмайди.
Иқтисодий кураш: урушсиз босим майдони
Россия ва Арманистон муносабатларидаги энг сезгир соҳалардан бири — иқтисодиётдир. Арманистон ҳали ҳам Россия билан чуқур иқтисодий боғланган.
Россия капитали энергетика, саноат, банк тизими, транспорт, савдо каби соҳаларда муҳим ўрин эгаллайди. Шунингдек, Россия бозори Арманистон маҳсулотлари учун энг муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади.
Шу сабабли Москва асосий далил сифатида иқтисодий омилдан фойдаланмоқда. Россия бош вазир ўринбосари Алексей Оверчукнинг маълум қилишича, Арманистоннинг Европа Иттифоқи билан яқинлашиши ҳақидаги сиёсий баёнотларнинг ўзиёқ Россия-Арманистон савдо муносабатларига салбий таъсир кўрсатган.
Унинг маълумотларига кўра:
2024 йилда Россия ва Арманистон ўртасидаги товар айланмаси 11,5 миллиард доллар атрофида бўлган. 2025 йилда эса бу кўрсаткич тахминан 6,4 миллиард долларга тушган. Россия томони бу фарқни тахминан 5,1 миллиард долларлик йўқотиш сифатида баҳоламоқда.
Бу рақам Москва учун муҳим сиёсий сигнал. Геосиёсий танлов иқтисодиётга ҳам таъсир қилиши шубҳасиз. Бироқ Арманистоннинг жавоби ҳам бор - битта бозорга кучли боғлиқликнинг ўзи ҳам хавф ҳисобланади. Шунинг учун Ереван «муқобил имкониятлар» ҳақида гапирмоқда.
ЕОИҲТ: янги қарама-қаршиликнинг асосий майдони
Россия ва Арманистон ўртасидаги зиддият энг яққол Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИҲТ) доирасида намоён бўлди. Арманистон ҳозирча ЕОИҲТдан чиқиш ҳақида расмий қарор қабул қилмаган. Аксинча, Ереван ташкилот ишлашини исташини таъкидлаяпти. Бироқ Арманистон раҳбариятининг талаби қатъий - ЕОИҲТ ўз қоидаларига амал қилиши керак.
Арманистон бош вазири Никол Пашинян Россия томонидан армян маҳсулотларига қўйилган чекловларни танқид қилди. Унинг таъкидлашича, агар ЕОИҲТ ичида товарлар эркин ҳаракати, хизматлар эркин ҳаракати, молиявий ҳаракатлар эркинлиги таъминланмаса, ташкилотнинг яшаб қолиши савол остида қолади. Арманистон иқтисодиёт вазири Геворг Папоян эса янада кескинроқ фикр билдирди.
Арманистон ЕОИҲТ ишлашини хоҳлайди, «КХШТ каби бўлишини эмас» деди вазир. Бу ибора жуда муҳим сиёсий сигнал бўлди. У шуни англатадики, Ереван ҳарбий иттифоқдан кўнгли қолган бўлса ҳам, иқтисодий ҳамкорликни сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.
Москва танлашни талаб қиляпти
Россия сўнгги даврда ишонтиришдан кўра аниқлик талаб қилишга ўтмоқда.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Арманистоннинг ЕИ ва ЕОИҲТ ўртасида танлов масаласи тобора долзарб бўлиб бораётганини билдирди.
Москва нуқтаи назарича, бир вақтнинг ўзида икки турли интеграция тизимида иштирок этиш қийин. Чунки уларнинг савдо қоидалари, божхона тизими, иқтисодий стандартлари;
ташқи сиёсий мажбуриятлари бир-биридан фарқ қилади. Шунинг учун масала нафақат сиёсий, балки институционал муаммога ҳам айланмоқда.
Пашинян сиёсати: ҳақиқий бурилишми ёки босим воситасими?
Энг катта савол — Никол Пашиняннинг асл мақсади нимада? Зеро, у Россия билан кескин узилиш йўлидан бормади. Арманистон ҳамон ЕОИҲТ аъзоси бўлиб қолмоқда, Россия билан иқтисодий алоқаларни узмади, Москва билан мулоқотни давом эттиряпти.
Бир вақтнинг ўзида эса, Ереван Европа Иттифоқи билан муносабатларни кенгайтирмоқда,
Ғарб давлатлари билан ҳамкорликни кучайтиряпти, ташқи сиёсий муқобиллар ҳақида гапирмоқда. Бу — мувозанат сиёсатидир.
Пашинян бир нарсани яхши тушунади: Россия билан тез узилиш Арманистон иқтисодиёти учун оғир зарба бўлиши мумкин. Аммо аввалги муносабатлар моделига қайтиш ҳам қийин, чунки ишонч инқирози юз берди.
Хулоса: Арманистон янги ноаниқлик даврига кирди
Бугун Арманистон олдида турган масала фақат Россия ёки Европа Иттифоқини танлашдан иборат эмас. Бу — кичик давлатнинг йирик куч марказлари ўртасида ўз ўрнини топишга уринишидир. Россия Арманистон билан тарихий алоқалар, хавфсизлик ва иқтисодий боғлиқликка асосланган тизимни сақлаб қолмоқчи. Европа Иттифоқи эса янги тараққиёт модели — ислоҳотлар, инвестициялар ва сиёсий янгиланишни таклиф қилмоқда.
Арманистон эса икки дунё ўртасида ўз манфаатларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилмоқда.
Аммо геосиёсат кўпинча барча вариантларни бир вақтнинг ўзида танлаш имконини бермайди. Бу — ўзгариб бораётган дунёда ўз ўрнини белгилаш вазифасидир.
Шунинг учун ҳам бугун Жанубий Кавказда кечаётган воқеалар фақат Россия ва Ғарб ўртасидаги таъсир учун кураш эмас. Бу — эски иттифоқлар энди абадий бўлиб кўринмайдиган, янги ҳамкорлик шакллари эса ҳали-ҳануз шаклланаётган бир даврда ўз келажагини белгилашга ҳаракат қилаётган мамлакат тарихидир.
Абулфайз Сайидасқаров
