Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги қонун қабул қилинади
Валюта айланмасидаги мониторинг жараёнларини енгиллаштириш, исломий суғурта, “яшил” кредит, банк активлари бозорини йўлга қўйиш каби янги молиявий механизмларни жорий қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
“Эътиборли томони, барча аъзоларимизнинг кенгашдаги фаоллиги тобора ошмоқда. Бу мазкур инвестиция платформасига бўлган юксак ишончнинг яққол далилидир.
Сизлар билан ўтган йили ҳам учрашиб, кўп масалаларни муҳокама қилган эдик. Аввалги мажлисда илгари сурилган 21 та ташаббус бўйича аниқ ечимлар қабул қилинди.
Шуни алоҳида таъкидламоқчиман: инвесторларнинг ташаббуслари давлат сиёсатида ўзининг амалий ифодасини топмоқда. Таклифларнинг салмоқли қисми асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилди”, – деди Президентимиз.
Жумладан, Солиқ кодексига инвесторлар учун қулай ўзгартиришлар киритилди, компаниялар ўртасидаги ички қарз битимлари молия назоратидан чиқарилди, асосий воситаларни тезлаштирилган тартибда амортизация қилиш ҳуқуқи берилди, халқаро стандартлар асосида ҳисобот юритувчи хорижий ширкатлар учун кўплаб мажбурий талаблар бекор қилинди.
Бундан ташқари, “Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Масъулиятли бизнес юритиш стандартларини жорий этиш ҳамда 16 та техник регламентни халқаро меъёрларга мувофиқлаштириш дастури тайёрланди.
Шу билан бирга, хорижий инвесторларга тенг ва адолатли шароит яратиш бўйича халқаро мажбуриятларни зиммага олишда янги қадамлар ташланди.
Яқинда Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Халқаро инвестициялар ва кўп миллатли корхоналар тўғрисидаги Декларациясига қўшилиши эълон қилинди.
Ушбу йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги Конституциявий қонун қабул қилиниши кутилмоқда.
“Буларнинг барчаси ғояларингиз амалиётда изчил татбиқ этилаётганининг ёрқин далилидир”, – деди давлатимиз раҳбари.
Ўтган даврда кенгаш ҳузуридаги ишчи гуруҳлар томонидан инвесторлар учун 50 дан ортиқ фойдали йиғилишлар ўтказилди.
Натижада муқобил инвестиция жамғармалари, гаров қонунчилиги, масъулиятли бизнес юритиш, профессионал кадрлар тайёрлаш, солиқ маъмурчилиги, ер ажратиш ва энергетика каби устувор йўналишлардаги масалалар хорижий инвесторлар ҳамраислигида атрофлича муҳокама қилинди.
Бугунги мажлисга тайёргарлик жараёнида 120 та янги таклиф ва ташаббус келиб тушди. Уларнинг барчаси батафсил таҳлил қилиниб, еттита устувор йўналишга бирлаштирилди.
Булар инвестиция муҳитини яхшилаш, солиқ тизими, кадастр, энергетика, молия ва банк тизими, корпоратив бошқарув, сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиёт масалаларидир.
Президентимиз, айниқса, қуйидаги таклифлар ҳозир ҳар қачонгидан ҳам долзарблигини таъкидлади.
Хусусан, валюта айланмасидаги мониторинг жараёнларини енгиллаштириш, исломий суғурта, “яшил” кредит, банк активлари бозорини йўлга қўйиш каби янги молиявий механизмларни жорий қилиш, корхоналарда атроф-муҳит, ижтимоий масъулият ва самарали бошқарувни ўз ичига олган ЭСГ тамойилларини қўллашни рағбатлантириш.
Шу боис, ҳар бир йўналиш бўйича масъуллар белгиланиб, аниқ ечимлар ишлаб чиқилиши қайд этилди.
