Ўзбекистон ва Иордания ўртасида стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилди
Шунингдек, имтиёзли савдо, жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам, маданият ва маданий ижодкорлик саноати, миллий кутубхоналар, ҳужжатлар ва архивлар, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, энергетика ва сув ресурсларини бошқариш соҳаларида битимлар ва англашув меморандумлари имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн Аммон шаҳридаги “Ал-Ҳусайния” саройида кенгайтирилган таркибда музокара ўтказдилар.
Расмий делегациялар аъзолари иштирокида ўтган учрашувда икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали алоқаларни янада ривожлантириш ҳамда ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Сиёсий мулоқотлар ва идоралараро алмашинувлар фаоллашгани, ўзаро савдо ҳамда инвестициялар ҳажми барқарор ортиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида савдо, инвестиция, транспорт ва логистика, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, соғлиқни сақлаш ҳамда фармацевтика соҳалари кўрсатиб ўтилди.
Имтиёзли савдо битимини имзолаш, ўзаро савдо ҳажмини келгусида 500 миллион долларга етказиш масаласига алоҳида тўхталинди.
Маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш учун маданият ва санъат ҳафталикларини ўтказиш, диний-маърифий йўналишда тажриба алмашиш, сайёҳлик алмашинувини кенгайтириш, қадимий шаҳарлар ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Қўшилмаслик ҳаракати, “Ақаба жараёни” формати ва бошқа нуфузли тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги анъанавий дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга қарор қилдилар.
Олий даражадаги келишувларнинг ижросини тўлиқ таъминлаш учун кенг қамровли “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон Президенти Иордания Подшоҳини мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди.
Аммон шаҳрида ўтказилган олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания Ҳошимийлар Подшоҳи Абдулла II ибн Ал-Ҳусайн ҳузурида ўзаро ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди.
Хусусан, Ўзбекистон ва Иордания ўртасида икки томонлама муносабатлар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилинди ҳамда Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги битим имзоланди. Ушбу давлатлараро ҳужжатлар мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
Шунингдек, имтиёзли савдо, жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам, маданият ва маданий ижодкорлик саноати, миллий кутубхоналар, ҳужжатлар ва архивлар, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, энергетика ва сув ресурсларини бошқариш соҳаларида битимлар ва англашув меморандумлари имзоланди.
Бундан ташқари, иқтисодий дипломатия, тоғ-кон саноати ва геология, уй-жой қурилиши ва шаҳарсозликни ривожлантириш, рақамлаштириш ва ахборот технологиялари, озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотларини назорат қилиш, соғлиқни сақлаш хизматлари ҳамда чорвачилик йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.
Минтақалараро алоқаларни ривожлантириш мақсадида Тошкент ва Аммон шаҳарлари, шунингдек, Самарқанд шаҳри ва Петра туризм минтақаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар алмашилди.
Давлат ташрифи доирасида жами 19 та икки томонлама ҳужжат қабул қилинди ва имзоланди. Ушбу муҳим келишувлар Ўзбекистон ва Иордания ўртасида стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.





