platina.uz
Сиёсат

Президент Шавкат Мирзиёев Владимир Путинни Россия куни билан табриклади

“Ўзбекистон Республикасининг кўп миллатли халқи ва шахсан ўз номимдан Сизни ҳамда дўст Россия Федерацияси халқини миллий байрам – Россия куни билан самимий муборакбод этаман”, – дейилади мактубда. 

Президент Шавкат Мирзиёев Владимир Путинни Россия куни билан табриклади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга Россия куни муносабати билан табрик йўллади.

“Ўзбекистон Республикасининг кўп миллатли халқи ва шахсан ўз номимдан Сизни ҳамда дўст Россия Федерацияси халқини миллий байрам – Россия куни билан самимий муборакбод этаман”, – дейилади мактубда.

Давлатимиз раҳбари ушбу қутлуғ сана Россия халқининг чуқур тарихий илдизлари, бой маънавий ва маданий мероси, салмоқли ютуқлари ҳамда давлатчиликни мустаҳкамлаш ва ҳар томонлама тараққиёт сари интилишини ўзида яққол акс эттиришини таъкидлади.

Мактубда Президент Владимир Путин раҳбарлигида Россия умуммиллий тараққиётга қаратилган кенг кўламли дастурларни изчил амалга ошираётгани қайд этилди. Ижтимоий-иқтисодий соҳадаги салмоқли муваффақиятлар ва илғор илмий-техник ютуқлар фуқаролар ҳаёти сифати ва фаровонлигини янада ошириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг мисли кўрилмаган юксак даражасига алоҳида эътибор қаратилди.

“Очиқ ва ишончли мулоқот туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик барча йўналишларда жадал суръат билан ривожланмоқда”, – дейилади мактубда.

Инвестиция, саноат, энергетика ва транспорт-логистика соҳаларида йирик кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилаётгани таъкидланди. Ҳудудлараро алоқаларга катта суръат берилгани, икки халқнинг янада яқинлашишига хизмат қилаётган маданий-гуманитар ва таълим алмашинувлари анъанавий равишда фаол ривожланаётгани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, гўзал Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган сўнгги учрашув ва музокаралар икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим босқич бўлганини ҳамда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ўзаро ишончнинг юксак даражаси ва анъанавий дўстона муносабатларини яна бир бор тасдиқлаганини таъкидлади.

“Ишонаманки, эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини янада чуқурлаштириш, мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги йўлида кўп қиррали шерикликнинг улкан салоҳиятини рўёбга чиқариш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади”, – дейилади мактубда.

Якунда Президент Шавкат Мирзиёев Президент Владимир Путинга мустаҳкам соғлиқ ва масъулиятли давлатчилик фаолиятида янги муваффақиятлар, дўст Россия халқига эса фаровонлик ва равнақ тилади.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid